15.04.2014

ФРАКЦИЯ ЎЗ ХУЛОСАЛАРИНИ ТАҚДИМ ЭТДИ

Маълумки, бугунги кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг қонун ижодкорлиги фаолиятида ўз ваколатларини янада самаралироқ рўёбга чиқаришлари учун сиёсий партиялар фракцияларига катта имкониятлар берилган. Жумладан, қонун лойиҳаси устида ишлаш фракциялар ва масъул қўмита томонидан бир вақтнинг ўзида амалга оширилади. Бунда фракцияларнинг қонун лойиҳаси бўйича фикрлари ва таклифларисиз масъул қўмита ушбу қонун лойиҳаси юзасидан ўз хулосасини чиқариш ҳуқуқига эга эмас.

Яқинда Қонунчилик палатаси Кенгаши Мувофиқлаштирувчи гуруҳнинг ахборотини эшитиб, «Ўзбекистон Республикасининг «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини дастлабки тарзда кўриб чиқиш учун масъул қўмитани белгилади ва фракцияларга қонун лойиҳаси ҳамда унга илова қилинган материалларни топширди.

ЎзХДП фракциясининг куни кеча бўлиб ўтган  йиғилишида мазкур қонун лойиҳасини Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўриб чиқиш учун қабул қилиш тўғрисидаги масала муҳокама қилинди.

Унда таъкидландики, бугунги кунда фонд бозорига қимматли қоғозларни чиқариш ва уни жойлаштириш шартлари, қимматли қоғозлар билан битимларни тузиш ва уларни рўйхатга олиш талаблари, шунингдек, фонд бозорида профессионал фаолиятни амалга ошириш шартларини соддалаштириш долзарб вазифа ҳисобланмоқда.

— Қонун лойиҳасида ушбу масалаларнинг ҳуқуқий ечимига эътибор қаратилгани, шунингдек, унда республика фонд бозорини модернизация қилиш орқали замонавий ахборот технологиялари  ҳамда қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш ва ривожлантириш бўйича халқаро талаблар асосида ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда, — дейди ЎзХДП фракцияси аъзоси Мастура Сайфиддинова. — Бундан ташқари, қонун лойиҳасининг асосий қоидаларида қимматли қоғозлар чиқариш, уларни давлат рўйхатидан ўтказишни тартибга солиш, қимматли қоғозлар билан  битимлар тузиш ва рўйхатга олишни белгилаш, қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга ошириш тартиби ўз ифодасини топмоқда. Шунингдек, ахборотларни ошкор қилишни тартибга солиш ва қимматли қоғозлар бозори иштирокчиларининг жавобгарлигига доир ҳуқуқий асослар мустаҳкамланмоқда.

Йиғилишда қонун лойиҳасини партиянинг дастурий мақсадлари ва электорат манфаатларидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этилди ҳамда тегишли вазифалар белгилаб олинди.

Муҳокама якунига кўра, фракция  ушбу  қонун лойиҳасини Олий Мажлис Қонунчилик палатаси кўриб чиқиши учун қабул қилиш мумкинлиги тўғрисидаги хулосага келди ва ушбу хулосани масъул қўмитага тақдим этди.

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


Фикр ва мулохазалар

Защита от автоматических сообщений

Сўнгги янгиликлар: