15.04.2014

ДАСТУРИЙ ВАЗИФАЛАР ИЖРОСИДА ҲАМКОРЛИК МУҲИМ АҲАМИЯТГА ЭГА

Зангиота туман партия кенгашида «Партия дастурий мақсад ва вазифаларини ҳаётга татбиқ этишда ЎзХДП ташкилотлари ва депутатлик бирлашмаларининг ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш масалалари» мавзусида ўқув-семинари ўтказилди. Унда туман партия фаоллари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, ижтимоий ҳамкор ташкилотлар вакиллари, «Фаол аёллар» ва «Истиқбол» ёшлар қаноти, «Тарғиботчилар гуруҳи» аъзолари ҳамда бошланғич ташкилотлар етакчилари иштирок этди.

Сўзга чиққанлар, аввало, халқ депутатлари вилоят, туман Кенгашларидаги партия гуруҳлари фаолиятини бугунги кун талаблари даражасига олиб чиқиш, электоратнинг ижтимоий манфаатларини ҳимоя қилишда партия ташкилотлари ва гуруҳлари ҳамкорлигини кучайтириш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирди.

Моҳира АКРОМОВА, ЎзХДП Зангиота туман кенгаши раиси:

— Ўтган давр мобайнида партия электорати вакилларини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш масалаларини ҳал этишда партия ташкилотлари ва гуруҳлари ўртасида ҳамкорлик бўйича яхши тажриба тўпланди. Партия ташкилоти ва депутатлар имконияти, кучи бирлашгач, фаолиятимиз самарадорлиги сезиларли даражада ошди. Шундай масалалар бўладики, уни депутат иштирокисиз ҳал этиб бўлмайди. Шунинг учун партия ташкилоти ва депутат ўртасида мустаҳкам алоқа бўлиши керак. Бунинг учун, аввало, биргаликда режалар ишлаб чиқиш лозим. Партия электорати вакилларини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш, айниқса, меҳнатга лаёқатли ҳар бир кишининг бандлигини таъминлаш, бу борада касаначиликни ривожлантириш имкониятларидан самарали фойдаланиш масалаларини чуқур ўрганиб, аниқ таклифлар ишлаб чиқиш керак. Яқинда партия ташкилотлари депутатлар билан маҳаллаларда бўлиб, мавжуд муаммолар ўрганиб чиқилди. Ҳозир тегишли таклифлар тайёрланмоқда.

Нурмуҳаммад АБДУЛЛАЕВ, халқ депутатлари Зангиота туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари:

— Туман партия кенгаши депутатлик гуруҳимиз билан ҳамкорликда қонунчиликдаги ўзгариш ва янгиликлар мазмун-моҳиятини тарғиб қилиш, ҳукумат қарорлари ижросини таъминлашга бағишланган қатор давра суҳбатлари, семинар-тренинглар ўтказиб келяпти. Йил бошидан буён ўнга яқин ана шундай учрашувлар ташкил этилди. Шунингдек, турли масалалар тизимли ўрганилиб, таҳлил этиб бориляпти. Муҳокамаларда баҳсли ва муаммоли масалаларга Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларига мурожаат қилиш орқали ечим топишга ҳаракат қиляпмиз.

Туманимиз узумчилик ва боғдорчиликка ихтисослашган бўлиб, унинг 2293 гектарини боғлар, 1764 гектарини токзорлар ташкил этади. Ўтган йили партия гуруҳи томонидан электорат манфаатларини ҳимоя қилишга, янги иш ўринлари яратишга қаратилган «Зангиота туманида узумзор ва мевали боғлар ҳосилдорлигини ошириш, янги токзор ва боғлар ташкил этиш ҳақида»ги масала доимий комиссия муҳокамасига киритилди.

Айни пайтда туман партия кенгаши билан ҳамкорликда вақтинча ишсиз ёшларни аниқлаш мақсадида ишчи гуруҳи тузилди ва манзилли дастур тайёрланди. Ҳозир унинг ижроси таъминланмоқда. Бунда «Истиқбол» ёшлар қаноти фаоллари ҳам муносиб иштирок этмоқда.

Манзура УМАРОВА, халқ депутатлари Зангиота туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— Яқинда туман партия кенгаши билан ҳамкорликда ҳудудлардаги ишлаб чиқариш корхоналарининг фаолияти, улар тайёрлаётган маҳсулотлар ҳажми, сифати ва тури, бўш иш ўринларини ўрганиш бўйича махсус режа ишлаб чиқилди. Масалан, «Қоракўса» маҳалласидаги чиқиндихона тугатилиб, унинг ўрнига болалар спорт майдончаси ташкил қилинди. «Масалбой» қишлоғидаги 54-мактабда ёзги оромгоҳ ташкил этилиб, барча керакли жиҳозлар билан таъминланди.

Касби, ҳунари бор электорат вакилларини касаначиликка жалб қилиб, корхоналарга бириктириб, доимий иш билан таъминланишига ёрдам беряпмиз. Электорат манфаатини самарали ҳимоя этиш, бизга ишонган одамлар ишончига муносиб бўлиш учун уларнинг муаммоларини чуқурроқ ўрганишимиз керак. Бунинг учун, айниқса, бошланғич ташкилотлар билан ҳамкорликни кучайтириш талаб этилади.

Тадбир якунида ЎзХДП ташкилотларининг партия гуруҳлари билан ҳамкорлигини янада кучайтириш бўйича вазифалари белгилаб олинди. Шунингдек, партияга янги қабул қилинган бир гуруҳ ёшларга аъзолик гувоҳномалари топширилди.

Басандабону ЖАЛИЛОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.