15.04.2014

ЎЗБЕКИСТОННИНГ БАНК ТИЗИМИ БАРҚАРОР ВА МУСТАҲКАМ

Мамлакатимиз банк тизимини ислоҳ қилиш ва янада ривожлантириш ишлари бугун дунёда эътироф этилган беш тамойилга таянган «ўзбек модели» асосида босқичма – босқич амалга оширилди ҳамда қисқа муддатда Ўзбекистоннинг ўз банк тизими яратилди.

Банк тизимига аҳоли ҳамда хорижий инвесторларнинг ишончини мустаҳкамлаш, ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллаган ҳолда банк хизматларининг тури ва кўламини кенгайтириш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш Ўзбекистонда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, айнан банклар, бутун иқтисодиётимизни озиқлантириб турадиган қон томирлари ҳисобланади, мамлакатимизнинг молиявий-иқтисодий барқарорлиги бевосита уларнинг самарали фаолиятига боғлиқ.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган тижорат банклари ана шундай юксак масъулиятни ҳис этган ҳолда иш олиб бориб, тизимни том маънода юртимиз иқтисодиётининг етакчи тармоғига айлантиришга ҳаракат қилмоқда. Ушбу саъй-ҳаракатлар амалиётда ўз натижасини бермоқда. Жаҳон миқёсида юз берган иқтисодий инқироз оқибатлари ҳали-ҳамон давом этаётган бир пайтда юртимиз иқтисодиёти барқарор ривожланиб бораётгани бунга яққол мисол бўла олади.

ХАЛҚАРО ЭЪТИРОФ

Бугунги кунда банкларнинг капиталлашуви жараёнининг чуқурлашуви, улар ўртасида соғлом рақобат муҳитининг юзага келаётганлиги ва кўрсатилаётган хизматлар кўламининг тобора кенгайиб бораётганлиги ўз-ўзидан банкларни бир ҳудуд доирасида чекланиб қолмасдан, халқаро молия бозорларига чиқишларини тақозо этмоқда. Бундай натижага эришиш учун банкларнинг халқаро рейтинг агентликлари кредитга лаёқатлилик борасидаги рейтингига эга бўлиши жуда муҳимдир.

Айни пайтда айрим давлатларнинг банк тизими рейтинглари салбий кўрсаткичга тушаётган бир пайтда давлатимиз раҳбари раҳнамолигида банк тизимини янада ислоҳ этиш борасида олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар, қабул қилинган фармон ва қарорлар, кўрсатма ва тавсияларнинг ўз вақтида ижро этилаётгани туфайли юртимиз банк тизими мунтазам равишда «Мудис», «Стандарт энд Пурс», «Фитч Рейтингс» каби етакчи халқаро рейтинг компанияларининг ижобий баҳоларига сазовор бўлиб келмоқда.

2013 йилда мамлакатимиздаги мавжуд банкларнинг барчаси ана шундай юқори баҳога муносиб топилиши фикримизга далил бўла олади. Табиийки, бундай натижага эришиш осон эмас. Масалан, «Мудис» халқаро рейтинг агентлигининг шу йилнинг апрель ойида «Интерфакс» ахборот агентлигига берган интервьюсида таъкидланишича, Қозоғистонда 2008 йилдан буён ҳанузгача банк тизими салбий ҳолатлигича қолмоқда. Муаммоли кредитлар улушининг юқори бўлганлигини ҳисобга олган ҳолда шубҳали кредитларнинг харажатларини қоплаш зарурлиги, банк капиталининг рентабеллиги ва етарлилик даражасининг пастлиги ҳамда банкларнинг йирик кредиторларини тизимли рағбатлантириши жуда ҳам паст даражада қолганлиги қайд этиб ўтилган.

Шунингдек, муаммоли кредитлар ҳажми 2013 йил охирига келиб, банк кредит портфелининг 40 фоизини ташкил этган бўлса, 2014 йил охиригача эса ушбу кўрсаткич 40 фоиздан ҳам ошиши кутилмоқда.

Бунинг оқибатида банк омонатчиларининг банкка бўлган ишончини пасайиши билан бирга, аҳолининг банкка қўйилган омонатларига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигига алоҳида урғу берган.

Кўриниб турибдики, банк ва мижоз муносабатлари тизим фаолиятида ўта муҳим аҳамиятга эга. Шу боис мамлакатимизда истиқлолнинг дастлабки кезлариданоқ «Мижоз банк учун эмас, банк мижоз учун» тамойилига амал қилинаётгани бугунги ютуқларимизнинг амалий натижаларини таъминламоқда.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, «Мудис» халқаро рейтинг компанияси томонидан Ўзбекистон банк тизимига тўрт йилдан буён барқарор рейтинг баҳоси бериб келинмоқда. Жорий йилнинг февраль ойида юртимизда «Ўзбекистон банк тизимини ривожлантириш истиқболлари ва Мудис баҳолаш мезонлари» мавзуида ўтказилган конференцияда ушбу агентликнинг вице президенти Ольга Улянованинг юртимиз банк тизими тўғрисидаги фикрларига эътибор қаратайлик:

— Албатта, жаҳон молия бозорида ҳали-ҳамон давом этаётган иқтисодий инқироз кўплаб мамлакатларнинг молия-банк тизимига салбий таъсирини ўтказмоқда. Бу эса ушбу давлатлар банк тизимларининг катта миқдорларда зарар кўришига ёки олаётган фойдасининг бир неча баробарга камайиб кетишига ва оқибатда уларнинг капиталлашув даражасининг кескин пасайишига сабаб бўлган.

Жаҳон молия бозоридаги инқироз ташқи қарзларга таяниб қолган давлатлар банк тизимларидаги муаммоларни яққол намоён қилди. Ушбу инқирозлар банк фаолиятида банк назоратининг аҳамиятини кескин ошириб юборди.

Бунинг сабаби шундаки, юз берган инқирозларнинг асоси — бу молия бозорларининг самарали назорат қилинмаганлиги, молия бозорини ривожлантириш ҳамда уни назорат қилиш тизими узвийлиги таъминланмаганлиги ва изчил бўлмаганлиги, миллий молия институтларининг мос тарзда назорат тизимини вужудга келтирмасдан туриб, жаҳон молия бозорига кирганлиги билан боғлиқ эканлиги эндиликда жаҳондаги кўпгина йирик иқтисодчилар томонидан тан олинмоқда.

Шундай бўлиши табиий. Чунки аслида ана шу иқтисодий инқироз келиб чиқишининг асосий сабаби ҳам биринчи навбатда кадрлар ва яна кадрлар масаласига келиб тақалади. Яъни, ҳар бир кадр ўз соҳасининг етук мутахассиси бўлмаса, ўзи бошқараётган ташкилотни касодга учратади. Бугунги замонавий кадр ҳар томонлама етук, мураккаб вазиятлардан чиқа оладиган, хориж тажрибасини пухта эгаллаган, бошқаларга ҳар томонлама ибрат бўла оладиган, масалани оқилона, керак бўлса, етти ўлчаб бир кесиб, ташкилоти учун ҳақиқий жон куйдирадиган фидоий инсон бўлиши керак.

Турли давлатлар банк тизими фаолиятини мунтазам равишда ўрганиш жараёнида кадрларнинг масъулиятсизлиги мушкул вазиятларни юзага келтирмоқда. Оқибатда, банк кредит портфелининг деярли ярмидан кўпи муаммоли кредитларга айланиб қоляпти. Бундай вазиятда қандай қилиб банк тизими ривожланади? Ахир банклар аҳоли, омонатчиларнинг ишониб топширган маблағларини қайтаришлари шарт эмасми? Бу каби оғир саволлар жиддий хулосалар чиқариш зарурлигини англатиб турибди.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиманки, жаҳоннинг кўпгина мамлакатларида давом этаётган иқтисодий тангликлар таҳлили банк назоратини оқилона бошқариш масаласида Ўзбекистон Республикаси банк тизимини ривожлантириш сиёсатининг тўғрилигини кўрсатмоқда.

Таъкидлаб ўтиш жоизки, Ўзбекистон банк тизими фаолиятига тўрт йилдан буён компаниямиз томонидан барқарор рейтинг баҳоси бериб келинмоқда. Бундай ижобий баҳо олишнинг ўзи бўлмайди, албатта.

Шу ўринда, авваламбор, тизимни бошқаришда Марказий банк томонидан оқилона ва тўғри йўл кўрсатилиб, малакали кадрларни жой-жойига қўйиб, назорат функцияси ва бошқа вазифаларни тўлақонли бажараётганлигини алоҳида эътироф этишим зарур.

Ҳозирги интеграллашув жараёнида ҳам тижорат банкларида ресурс маблағларини ички манба ҳисобидан тўлиқ шакллантирилаётганлиги, аҳолининг банкларга ишониб топширилган пул маблағлари бут сақланаётганлиги, энг муҳими, банклар капиталининг йилдан-йилга ўсиб бориш тенденцияси мустаҳкамланаётгани бунинг ёрқин тасдиғидир.

Биргина мисол: ўтган йил якунлари бўйича иқтисодиётнинг реал секторига ажратилган кредитларнинг ялпи ҳажми 30 фоизга ортиб, банкларнинг жами капитали 25 фоизга кўпайган. Банк тизимининг ликвидлиги 65 фоиздан зиёдни ташкил этган. Бу эса жаҳон амалиётида умумий тарзда қабул қилинган, «юқори» деб аталадиган кўрсаткичдан 2,2 баробар зиёддир.

Шу билан бирга, эътиборингизни яна бир муҳим жараёнга қаратмоқчиман. Яқинда Жаҳон банки ва халқаро молия корпорацияси томонидан кредитлаш соҳасидаги рейтинг кўрсаткичлари эълон қилинди: унда Қирғизистонда 2 поғонага, Озарбайжонда 3 поғонага, Қозоғистон, Туркия, Белорусь ва Болгария давлатларида 4 поғонага пасайгани қайд этилган. Ана шундай бир пайтда Ўзбекистонда ушбу кўрсаткич 24 поғонага кўтарилганлигини алоҳида таъкидлашдан мамнунман.

Шу мисолнинг ўзиданоқ Ўзбекистон банк тизимида ҳақиқатдан ҳам самарали механизм яратилгани яққол кўриниб турибди. Бундай механизм ўз-ўзидан яратилмайди. Бундай натижага давлатингиз раҳбари томонидан узоқни кўра билиб, пухта ишланган дастурлар асосида эришилмоқда.

«Мудис» халқаро рейтинг компанияси томонидан Ўзбекистон банк тизимига кетма-кет тўртинчи маротаба барқарор рейтинг баҳоси ҳар томонлама муносиб ва ҳақиқий берилган баҳодир. Яна бир қувончли маълумот — жорий йил охиригача юртингиз банк тизими капиталининг ўтган йилга нисбатан юқори даражада ўсиши кутилмоқда.

Эришилаётган ушбу натижалар банк омонатчилари ва чет эл инвесторларининг мамлакатингиз банк тизимига бўлган ишончи ва қизиқишини янада мустаҳкамлаб, халқаро молия бозорларида банкларнинг мустаҳкам ўрин эгаллаши учун зарурий шарт-шароитлар яратилишини таъминлайди. Бир сўз билан айтганда, банк тизими Ўзбекистонда барқарор ва кафолатланганлигини «Мудис» халқаро рейтинг компанияси алоҳида эътироф этади».

Юртимиз банк тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўз самарасини бераётганлигини биз билан ҳамкорлик қилаётган бошқа молия институтлари вакиллари ҳам тасдиқлаётганлигини айтиб ўтиш жоиз. Мамлакатимизда кўп йиллардан буён яқин ҳамкорликда иш олиб бораётган Хитой Тараққиёт банкининг президенти жаноб Ху Хуайбанг бу ҳақда шундай дейди:

«Банк тизимининг халқаро молия ташкилотлари билан иқтисодий ҳамкорлик қилишлари учун халқаро рейтинг агентликларининг баҳоси жуда муҳимдир. Чунончи, Ўзбекистон банк тизимига «Мудис» халқаро рейтинг агентлигининг 2010 йилдан буён юқори баҳо бериб келаётгани давлатингиз иқтисодиёти йил сайин тараққий этиб келаётганидан далолатдир.

Шу боис Ўзбекистон банк тизимига халқаро молия институтларининг, шунингдек, хорижий инвесторларнинг ишончи мунтазам мустаҳкамланиб бормоқда. Ўзбекистон банк тизими билан Хитой банклари ўртасида бир неча йилдан буён иқтисодий алоқалар мустаҳкамланиб бораётгани бунинг исботидир.

Шахсан ўзим дунё банклари раҳбарлари, йирик инвесторлар иштирокидаги йиғилишларда кўп қатнашаман. Муҳокама жараёнида йирик инвесторлар томонидан Ўзбекистон банк тизими ҳақиқий ишончли ҳамкор, дея эътироф этилаётганидан мамнунман.

Бундай эътироф ҳар бир ўзбекистонликнинг қалбини ифтихорга, ғурурга тўлдириши аниқ. Энг муҳими, юқоридаги каби юқори баҳолар аҳолининг мамлакат банк тизимига бўлган ишончини тобора оширмоқда. Бу эса, табиийки, банклар имкониятларини янада мустаҳкамлаш баробарида халқ турмуш шароитининг ҳам йил сайин юксалиб боришига хизмат қилади, албатта.

Демак, бугун Ўзбекистон банклари дунёга юз тутмоқда. Ўйлайманки, мамлакатларимиз иқтисодий алоқалари янада мустаҳкамланиб, Ўзбекистон шуҳрати юксалиб бораверади».

МИЖОЗЛАР БИЛАН САМАРАЛИ МУЛОҚОТ

«Мустаҳкам, ишончли, барқарор ва кафолатланган». Эндиликда мана шу сифатларни Ўзбекистон банк тизимига ҳеч иккиланмасдан қўллашимиз мумкин. Бундай баҳога лойиқ замонавий банк хизматлари мижозлар сафининг мунтазам кенгайиб боришини таъминловчи энг муҳим омил ҳисобланади.

Шу ўринда, юртимизда ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилиб келинаётган банк технологиялари, ускуналари ва хизматлари – «BankExpo 2014» Миллий кўргазмасининг ҳам ўзига хос ўрни борлигини алоҳида таъкидлаш лозим.

Мамлакатимиз банк-молия тизимининг ютуқларини ўзида мужассам этган мазкур кўргазмада банк тизими мутахассислари ҳамда аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида самарали мулоқот ўтказиш учун барча шарт-шароит ва қулайликлар яратилган.

Жорий йилнинг 9-10 апрель кунлари пойтахтимизнинг кўргазма савдо уйида бўлиб ўтган еттинчи «БанкЭкспо-2014» анъанавий миллий кўргазмасида 17 мингдан зиёд аҳоли, хусусан, тадбиркорлар ва ёшлар иштирок этди. Ушбу рақамнинг ўзиёқ кўргазманинг нуфузи йилдан-йилга ортиб, жамиятда банкларга бўлган ишончнинг мустаҳкамланиб бораётганини англатади.

Таъкидлаш ўринлики, мазкур кўргазма давомида тижорат банклари томонидан замонавий банк технологиялари: масофадан туриб банк хизматларини кўрсатиш, мобайл банкинг, онлайн режимида ахборотлар олишда веб-дастурларининг аҳамияти, тўлов тизимлари каби йўналишлар бўйича тақдимотларнинг ўтказилиши иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.

— Ҳар қандай тадбиркор сармояга таяниб иш бошлайди. Бугунги кунда банкларимиз тадбиркорга яқин кўмакдош бўлиб хизмат қилмоқда. Банклар ёрдамида мулкдор бўляпмиз, ўз маблағимизга эга бўлиб, обрў эътибор қозоняпмиз, — дейди Андижондаги «Белла капитал» корхонаси раҳбари Муҳаббатхон Йўлдошева. — Банкларимизнинг кечагина коллежларни битирган ёшларимизга кўрсатаётган молиявий ёрдамларини олайлик. Кимки банк мижоз тамойилини амалдаги ифодасини кўрадиган бўлса, Андижонга келиб, банкларимиз ишини кўришсин. Бизнинг ўз банкларимизга ишончимиз баланд. Шундай экан, албатта, биз тадбиркорлар ҳам қараб турмай, банкларимиз нуфузи ошишига ўз ҳиссамизни қўшиб борамиз.

Тадбирда иштирокчилар учун кичик бизнесни ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ва кенгайтириш борасида банк мутахассислари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан турли хил семинарлар ташкил этилгани кўргазманинг нуфузини янада оширди.

Кўргазмада, шунингдек, тижорат банклари томонидан қатор номинациялар эълон қилинган бўлиб, ғолибларга 200 дан ортиқ имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар тақдим этилиб, қимматбаҳо эсдалик совғалар ҳам топширилди.

Шу билан бирга, мамлакатимизда тадбиркорликни молиявий қувватлаш борасида ва етакчи халқаро рейтинг агентликларининг юқори рейтинг баҳоларига мунтазам эришиб келаётган ҳамда мазкур кўргазма давомида ўтказилган сўров натижаларига кўра, аниқланган тижорат банклари алоҳида номинациялар бўйича тақдирланди.

— Мижозларга энг яхши хизмат кўрсатувчи банк номинацияси бўйича ғолиб, деб топилдик, — дейди «Ориент финанс» хусусий очиқ акциядорлик тижорат банки бошқаруви раисининг ўринбосари Алишер Эргашев. — Банкимизга билдирилган ушбу ишончни, албатта, оқлаймиз. Энг аввало, бизни ана шундай ютуқлар сари бошлаган Марказий банк раҳбариятига алоҳида миннатдорлик билдирамиз. Чунки мана шундай амалий ёрдамлар банкимиз капиталининг ошиши, мижозларимиз сафини кўпайиши ҳамда бугунгидай номинация ғолиби бўлишимизга имкон яратмоқда.

Албатта, мижозларга сифатли хизмат қилиш учун мунтазам изланиш керак. Ўйлайманки, ушбу кўргазма банкимиз нуфузи янада ортишига хизмат қилади.

Банк тизимида бўлаётган ижобий ўзгаришларни хорижлик мутахассислар алоҳида эътироф этмоқда.

 — Давлатингиз раҳбари Ислом Каримов томонидан ишлаб чиқилган тараққиётнинг «ўзбек модели» юртингизни бутун дунёга танитди. Айниқса, жаҳонда рўй берган глобал иқтисодий инқироз даврида ҳам Ўзбекистон иқтисодиёти барқарор ишлашига имкон берди.

Мамлакатингизда замонавий автомашиналар, қишлоқ хўжалиги техникаларининг ишлаб чиқарилаётгани юзлаб саноат корхоналарининг фаолият кўрсатаётгани, шунингдек, иқтисодий ислоҳотлар инсон учун хизмат қилаётгани эътиборга моликдир. Энг муҳими, мамлакатингизда катта бойлик бўлмиш тинчлик ҳукм сурмоқда. Бу эса халқингизнинг бахтли ҳаёт кечиришига замин яратмоқда, — дейди кўргазма иштирокчиси сингапурлик Дорри Шафи. — Бугунги кўргазмага келганимдан тўғриси жуда хурсандман. Юртингиз банк тизими томонидан амалга оширилаётган ишлар билан танишиб чиқдим. Бири-биридан афзал замонавий хизмат турлари кишини ҳайратга солади. Мижозларга яратилган қулай шароитлар туфайли ўз уйидан туриб, бевосита банк билан ҳамкорлик қилиши ёки чет элдан туриб, ўз ҳисоб-рақамидаги маблағларини бошқариши, банкларингизни жаҳон талабларига мос равишда фаолият кўрсатаётганидан далолатдир. Банкларингиз ҳақиқатан мижоз манфаати учун ишламоқда. «Банк Экспо-2014» миллий кўргазмасида ана шундай ишончли ва мустаҳкам банк тизими ишлаётганига яна бир карра гувоҳ бўлдим. Мазкур кўргазмани кўздан кечирарканман «Ўзбекистон — келажаги буюк давлат» деган ёзувга кўзим тушди. Ҳақиқатан ҳам келажагингиз буюкдир. Кўп давлатларда хизмат сафарларида бўламиз, лекин Ўзбекистон бетакрор юртдир. Унинг нуфузи ҳамиша ортиб бораверсин.

Мухтасар айтганда, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда бошқа соҳалар қатори банк-молия тизими вакиллари ҳам фаол иштирок этмоқда. Зеро, юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги йўлида хизмат қилишни банк тизими ходимлари ўзларининг масъулиятли ва шарафли бурчлари, деб билади.

Марказий банк маълумотлари асосида тайёрланди.



DB query error.
Please try later.