15.04.2014

«БАРКАМОЛ АВЛОД» СПОРТ ЎЙИНЛАРИ

мамлакатимиз ёшларини бирлаштириб, янги ғалабалар сари руҳлантиради

Юртбошимиз ташаббуси билан йўлга қўйилган уч босқичли тизим – «Умид ниҳоллари», «Баркамол авлод» ва Универсиада спорт мусобақалари фарзандларимизнинг жисмонан соғлом, маънан етук инсонлар бўлиб улғайишига хизмат қилмоқда.

Амалдаги йилда Наманган вилояти «Баркамол авлод — 2014» спорт ўйинлари республика финал босқичига мезбонлик қилади. Унда Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон ва барча вилоятлар терма жамоалари спортнинг ўн олти тури бўйича ғолиблик учун майдонга тушади.

  Илгари мазкур мусобақа дастурида ўн иккита спорт тури бўлар эди. Наманганда бўладиган спорт ўйинларидан бошлаб, мусобақалар дастурига яна тўртта спорт тури қўшилди, —  дейди Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази масъул ходими Саъдулло Қурбонов. Эндиликда иштирокчилар футбол, волейбол, баскетбол, бадиий гимнастика, қўл тўпи, шоҳмот,  енгил атлетика, теннис, сузиш, стол тенниси қаторида оғир атлетика, бокс, эркин ва юнон-рум кураши, таэквондо (WTF) ҳамда дзюдо турлари бўйича ҳам ўз маҳоратларини намойиш этади. Эътиборлиси, мазкур спорт турларининг барчаси Олимпия ўйинлари дастуридан жой олган. Бу эса келажакда мамлакатимиз ўсмирлар ва ёшлар терма жамоалари учун муносиб номзодлар тайёрлаб беришга хизмат қилади.

«Баркамол авлод — 2014» спорт ўйинлари финал босқичининг бошланишига тобора оз фурсат қолмоқда. Мусобақанинг ҳозиргача ўтказилган туман, вилоят (шаҳар) босқичлари мамлакатимизнинг барча касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлари ўқувчилари ўртасида уюштирилди. Туман босқичларида саккиз юз минг нафардан зиёд ўғил-қизнинг фаол иштирок этгани   «Баркамол авлод» спорт ўйинлари юртимиз фарзандлари учун қай даражада севимли мусобақаларга айланганлигини кўрсатади.

Мусобақалар низомига кўра, шу кунларда бокс ва тўртта жамоавий (футбол, волейбол, баскетбол, қўл тўпи) спорт турлари бўйича минтақавий саралаш баҳслари бўлиб ўтмоқда.

Волейбол бўйича қизлар ўртасида саралаш учрашувларига Навоий шаҳри мезбонлик қилди. Унда мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан терма жамоалар иштирок этди. Қизиқарли баҳслар якунида Қорақалпоғистон Республикаси, Навоий, Наманган ва Андижон вилояти волейболчи қизлари юқори натижа қайд этиб, финал йўлланмасига эга бўлди.

Қўл тўпи бўйича ўғил болалар ўртасида минтақавий саралаш баҳслари Самарқанд шаҳрида ўтказилди.  Шиддатли ва муросасиз кечган учрашувлар якунида мезбонлар ҳамда Наманган, Фарғона, Андижон вилояти вакиллари «Баркамол авлод — 2014» спорт ўйинлари финал босқичида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлди.

Бокс бўйича финал босқичида жами 56 нафар спортчи рингга кўтарилади. Чирчиқда ўтказилган саралаш учрашувларида барча терма жамоалар энг кучли таркиб билан иштирок этди. Унда энг кўп (еттита) йўлланмага фарғоналик ёш боксчилар сазовор бўлди. Шунингдек, Наманган рингларида Бухоро, Қашқадарё, Тошкент вилоятларидан олти, Наманган, Самарқанд терма жамоаларидан беш, Тошкент шаҳри, Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистондан тўрт, Андижон ва Сурхондарё вакилларидан уч, Жиззах вилоятидан эса икки нафардан боксчи финал баҳсларида ўз омадини синаб кўрадиган бўлди. Сирдарё ҳамда Навоий вилоятларидан эса бир нафардан боксчи  «Баркамол авлод — 2014» спорт ўйинлари финал босқичида қатнашади.

— Саралаш баҳслари муросасиз ва кескин ўтди, — дейди бокс бўйича Тошкент шаҳри терма жамоаси мураббийи Мансур Маҳмудов. — Ҳар бир жангда жиддий кураш борди. Айниқса, фарғоналик боксчиларнинг эришган ғалабалари кўпчиликнинг эътиборини тортди. Қашқадарё вилоятидан бир йўла беш нафар спортчининг финал босқичига йўлланмани қўлга киритганлиги юртимизнинг барча ҳудудида бокс жадал ривожланаётганлигидан дарак беради.

Футбол бўйича ўтган саралаш учрашувлари ҳам кутилмаган натижаларга бой бўлди. Пойтахтимизда ташкил этилган мусобақада рақибларидан ҳар томонлама устунлигини намойиш этган Тошкент шаҳри, Тошкент, Сирдарё ҳамда Қашқадарё вилоятлари жамоалари нуфузли спорт мусобақасининг финалида иштирок этади.

Минтақавий саралаш босқичининг бошқа спорт турлари бўйича баҳслар давом этмоқда. Жумладан, волейбол (ўғил болалар), қўл тўпи (қизлар), баскетбол бўйича кучлилар номига яна бир неча кундан сўнг ойдинлик киритилади.

Эркин ХОЛБОБО,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.