12.04.2014

ИШЧИ ГУРУҲИ ЙИҒИЛИШИДА

электорат манфаатларига доир таклифлар кўриб чиқилмоқда

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракциясининг яқинда бўлиб ўтган йиғилишида  «Давлат мулкини бош­қариш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қўллаб-қувватланиб, ишчи гуруҳ ташкил этилган эди.

Куни кеча бўлиб ўтган йиғилишда қонун лойиҳаси бўйича партия­нинг дастурий мақсадлари ва электорат манфаатларини ҳисобга олган ҳолда шакллантирилган дастлабки таклифлар кўриб чиқилди.

— Мустақиллик йилларида мамлакатимизда давлат мулкини бошқаришни тартибга солишга қаратилган етарли меъёрий-ҳуқуқий база шакллантирилди, — дейди  ЎзХДП фракцияси аъзоси ­Алишер Тиллабоев. — Шунингдек, иқтисодиётни ислоҳ қилишнинг бугунги босқичида хусусий мулк институтини мус­таҳкамлаш ва миллий иқтисодиётда хусусий секторнинг улушини ошириш билан биргаликда, давлат мулкини бошқаришнинг аниқ йўналишга эга, иқтисодий ва мантиқий жиҳатдан самарали бошқариш тизимини яратишга зарурият туғилди. Ушбу қонуннинг қабул қилиниши эса давлат мол-мулкини мамлакатда ҳам, ундан ташқарида ҳам самарали бошқаришга йўналтирилган ҳуқуқий асосларни янада ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Бундан ташқари, қонуннинг қабул қилиниши давлат мулкидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, турли давлат мулки объектларини бошқаришнинг ягона тизимини яратиш, унинг тузилиши ва таркибини бир қатор тармоқларда оптималлаштиришга хизмат қилишини ҳам инобатга олиш лозим.

— Яна бир муҳим жиҳати, қонун лойиҳаси давлат мулкини бошқариш тизимини янада такомиллаштиришга йўналтирилган, — дейди ЎзХДП фракцияси аъзоси Гулноза Эрназарова. — Шунингдек, қонун лойиҳасида давлат акция улушларини корпоратив бошқаришнинг ҳуқуқий асослари, давлат мулки субъект­ларининг ўзаро муносабатлари ва уларнинг давлат мулкидан самарали фойдаланиш ва сақланишини таъминлаш учун жавобгарликнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланмоқда.

Ишчи гуруҳ таъкидлаганидек, қонун ло­йиҳасида назарда тутилган қатор масалалар ЎзХДП дастурида ўз ифодасини топган мулк муносабатларининг янги тизимини шакллантириш учун зарур шарт-шароитлар яратилишига доир вазифалар самарали ҳал этилишига хизмат қилади.

Йиғилиш якунига кўра, ишчи гуруҳ томонидан шакллантирилган таклифларни фракциянинг кенгайтирилган йиғилишида муҳокама қилишга келишиб олинди.

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.