12.04.2014

БЕРИЛГАН ВАКОЛАТ ВА ИМКОНИЯТ

янада фидойи бўлиш, сидқидилдан меҳнат қилишни талаб этади

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Наманган вилоят кенгашининг навбатдаги пленуми ҳар қачонгидан қизғин ва амалий тусда ўтди. Пленумда «Соғлом бола йили» Давлат дастурига мувофиқ 2011-2014 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастурига қўшимчалар киритиш, партия гуруҳларининг назорат-таҳлил фаолиятини кучайтириш, тарғибот таъсирчанлигини  таъминлашда замонавий усулларни жорий қилиш билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди.

— Конституциямиз қабул қилинганлигининг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимда сиёсий партияларнинг жамият ҳаётидаги ўрнини янада ошириш, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий тараққиётининг аниқ устувор йўналишларини белгилаб олишда уларнинг ролини кескин кучайтириш юзасидан билдирилган фикрлардан хулоса чиқарган ҳолда ишимизни ташкил этаяпмиз, — деди ЎзХДП Наманган вилоят кенгаши раиси Дилором Абдураҳимова. — Бундан таш­қари, ЎзХДП Марказий Кенгаши пленумида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, ­«Соғлом бола йили» Давлат дас­тури самарали ижро этилишини назорат қилиш, бу жараёнда фаол иштирок этиш чора-тадбирларини аниқ белгилаб олишимиз керак.

Таъкидлаш керакки, 2013 йилда халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи томонидан 6 масала доимий комиссия йиғилишларида, 5 масала эса сессияларда муҳокама этилган. Шунингдек, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи томонидан вилоят ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси бошлиғининг ҳисоботи эшитилди.

Тажриба шуни кўрсатмоқдаки, фуқароларнинг сиёсий ва ҳу­қуқий билимларини ошириш, фуқаролик позициясини шакллантиришда тар­ғибот-ташвиқот ишлари, оммавий-сиёсий тадбирларни юқори савияда ўтказиш муҳим аҳамиятга эга. Бу борада партия ташкилотлари қошида ташкил этилган ахборот-маърифат хоналари асосий ўрин тутади. Шу боис Мингбулоқ, Учқўр­ғон, Норин ва Янгиқўрғон туман партия кенгашларидаги ахборот-маърифат хоналари фаолиятини янада жонлантириш, уларни зарур ўқув қўлланмалар, сиёсий-ҳуқуқий адабиётлар билан таъминланиш даражасини ошириш керак.

— Соғлом бола йили Давлат дастурида белгиланган вази­фаларни ёшлар иштироки­сиз ­уддалаш қийин, — дейди ­«Истиқбол» ёшлар қаноти ­Наманган вилоят бўлими етакчиси Мўътабар Қозиева. Партия­миз дастурий ғоя ва мақсадларини кенг тарғиб этиш ҳамда «Соғлом бола йили» Давлат дас­тури ижросини таъминлашда ёшлар иштирокини янада кучайтиришимиз зарурлигини англаб турибмиз. Яқинда «Ёш сиё­сатчилар клуби»нинг янги Низомини кўриб чиқдик. Сафимизга истеъдодли, ташаббускор, интилувчан ёшлардан бир гуруҳини қабул қилдик. Улар тар­ғибот-ташвиқот ишларига астойдил киришди. Бундан таш­қари, қанотимиз аъзолари ҳамда партия гуруҳлари, айниқса, бошланғич ташкилотлар билан ўзаро фикр алмашишни йўлга қўй­ганмиз. Бу тажриба ёшлар билан боғлиқ масалаларни ҳар томонлама, чуқур ўрганишга замин яратади.

Яқинда тенгдошларимиз ташаббуси билан ҳудудда туризм хизматини йўлга қўйиш бўйича таклифлар тайёрланиб, юқори партия ташкилоти ва депутатларга тақдим этилди. Ушбу масаланинг ҳал этилиши янги иш ўринлари яратилиши, касб-ҳунар кол­лежлари битирувчиларининг банд­лигини таъминлашга хизмат қилади.

Таҳлилларга кўра, партия ташкилотлари олиб бораётган оммавий-сиёсий, тарғибот-ташвиқот тадбирларида дастурий ғоялар, келгуси режаларга жиддий эътибор қаратиш зарурлиги маълум бўлмоқда, — дейди Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти Наманган вилоят ҳудудий бўлинмаси етакчи мутахассиси Нигора Нуралиева. — Шунингдек, аҳоли ўртасида ўтказилган сўров натижалари шуни кўрсатмоқдаки, ЎзХДПни биладиган, унинг фаолиятидан қисман ва тўлиқ хабардор кишилар нисбатан кўпчиликни ташкил этади.

Яна бир масала. Депутатлик назорати учун энг муҳим усуллардан бири — бу эшитув инс­титутидир. Партия гуруҳлари электоратни ўйлантираётган масалаларни аниқлаш ва уларга ечим топиш бўйича ижро ҳокимияти органларининг ҳисоботларини мунтазам эшитиб бориш амалиётини ривожлантириши лозим, деб ўйлайман.

Пленумда, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзоси Зиёвиддин Мансуров, ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим мудири Зокиржон Холматов сўзга чиқиб, мавзу юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Пленум якунида кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Носиржон ДЕҲҚОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.