12.04.2014

МИЛЛИЙ АХБОРОТ БОЗОРИ

янада ривожланади

Ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг муҳим йўналишидир. Шу сабабли юртимизда миллий матбуот ривожи, уни эркин фикр минбарига айлантиришга жуда катта эътибор берилмоқда. Конституциямизнинг 67-моддасида «Оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ ишлайди. Улар ахборотнинг тўғрилиги учун белгиланган тартибда жавобгардирлар. Цензурага йўл қўйилмайди», деб қатъий белгилаб қўйилган. Бу конституциявий меъёр оммавий ахборот воситаларининг том маънода эркин фаолият юритишининг ҳуқуқий кафолати бўлиб, соҳага оид бир қанча қонунлар қабул қилинишига асос бўлди.

Хусусан, мустақиллик йилларида мамлакатимиздаги газета ва журналлар, радио ва телевидение ривожини таъминлайдиган, демократик талаб ва стандартларга тўла мос келадиган ҳамда ахборот соҳасининг самарали фаолият кўрсатишига хизмат қиладиган 10 га яқин қонун қабул қилинди. Мазкур ҳуқуқий асос юртимизда ахборот эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини одамлар ўз фикр ва ғояларини, воқеа-ҳодисаларга муносабатини эркин ифода этадиган минбарга айлантириш учун муҳим кафолатлар яратди.

Натижада оммавий ахборот воситалари сон ва сифат жиҳатдан янада юксалди. 1991 йилда уларнинг сони 395 та эди. Бугунга келиб эса 1300 дан ортди. Нодавлат нашрлар сони 31 тадан 848 тага етди. Шунингдек, электрон оммавий ахборот воситаларининг сони 7 баробарга кўпайди. Бугунги кунга келиб босма нашрларнинг 60 фоиздан зиёди, телеканалларнинг 53 фоизга яқини, радиоканалларнинг эса 85 фоизи нодавлат ­оммавий ахборот воситалари ҳиссасига тўғри келади. Агар газета ва журналлар, телевидение ва радиоканаллар фаолиятига назар солсак, уларда ёритилаётган материалларда фикр юритиш, эътиқод ва сўз эркинлигини таъминлашга катта эътибор қаратилаётганини кузатиш мумкин. Аҳамиятли жиҳати, йил сайин оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтисодий асосларини мустаҳкамлаш борасидаги ислоҳотлар кўлами кенгайиб бормоқда.

Давлатимиз раҳбари Конституциямиз қабул қилинганлигининг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида ҳам бу масалага яна бир бор алоҳида эътибор қаратди. Хусусан, олдимизда турган демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштиришда, энг аввало, давлат ҳокимияти фаолияти устидан жамоатчилик назоратининг яхлит тизимини ташкил қилиш, бунинг учун ҳуқуқий нормаларни мустаҳкамлашга қаратилган «Ижтимоий шериклик тўғрисида», «Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида»ги махсус қонунларни қабул қилиш билан бирга «Оммавий ахборот воситалари фаолиятининг иқтисодий асослари тўғрисида», «Оммавий ахборот воситаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кафолатлари тўғрисида»ги оммавий ахборот воситаларининг мустақиллиги, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлайдиган, эркин ахборот майдонини ташкил қиладиган бошқа қонунларнинг муҳокамасини тезлаштириш ва қабул қилиш лозимлиги алоҳида таъкидланди.

Шундан келиб чиқиб, айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Оммавий ахборот воситалари фаолиятининг иқтисодий асослари тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокама этилаяпти. Айтиш жоизки, жаҳоннинг етакчи давлатларида ҳам оммавий ахборот воситалари фаолиятининг иқтисодий асосларини белгиловчи бундай алоҳида қонунни учратмайсиз. Хўш, мазкур қонуннинг оммавий ахборот воситалари учун қандай аҳамиятли жиҳатлари бор?

Аввало, бу орқали оммавий ахборот воситаларининг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда ахборот соҳасига демократик бозор механизмлари жорий этилиши янада чуқурлаштирилади. Оммавий ахборот воситаларининг мустақил фаолият юритиши ва ривожланишининг зарурий шарти сифатида уларнинг иқтисодий манфаатлари ҳимоя қилинади ҳамда молиявий бар­қарорлигини тўлақонли таъминлаш имконияти кенгаяди.

Бугунги куннинг талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб, «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги ва «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги қонунларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш кўзда тутилаётгани ҳам ахборот соҳасидаги мавжуд муаммоларни ҳал этиб, журналистикани янада ривожлантириш, қалам аҳлининг жамиятдаги нуфузини, моддий манфаатдорлигини оширишга имкон беради.

Умуман олганда, ОАВ фаолиятининг қонуний асослари мустаҳкамланиши унинг фуқаролик жамияти институтлари тизимидаги ўрнини янада мус­таҳкамлайди. Шунингдек, уларнинг мустақил фаолият юритиши учун иқтисодий асосларни кучайтиради ва миллий ахборот бозорини янада такомиллаштиришга ёрдам беради. Зеро, сўз ва ­оммавий ахборот воситалари фаолияти эркинлиги кафолатланиши демократиянинг муҳим белгисидир.

Ҳафиза КАРИМОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси.



DB query error.
Please try later.