10.04.2014

ИЖТИМОИЙ ШЕРИКЛИК

фуқаролик жамиятининг муҳим институтидир

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилган эди. Шу кунларда қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқишга тайёрлаш бўйича қизғин иш олиб борилаяпти. Бу жараёнда ЎзХДП фракцияси қонун лойиҳасига партия электорати манфаатини акс эттирадиган таклифларни киритишга ҳаракат қилмоқда.

ЎзХДП Марказий Кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси, Қонунчилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси ҳамда Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилган семинар мазкур қонун лойиҳаси муҳокамасига бағишланди.

Партия Марказий Кенгашида бўлиб ўтган тадбирда ташкилотчилар билан бирга экспертлар, халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва вилоят Кенгашларидаги ЎзХДП гуруҳи аъзолари, Республика жамоат ташкилотлари вакиллари қонун лойиҳасини янада такомиллаштиришга қаратилган қатор таклифларни билдиришди.

Ҳотамжон КЕТМОНОВ,

ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси:

— Мазкур қонун лойиҳаси давлатимиз раҳбари томонидан тақдим этилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида илгари сурилган ғояларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида ишлаб чиқилган. Бу ҳужжат ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини амалга ошириш, гуманитар масалаларни ҳал этиш, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда фуқаролик институтларининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари билан ўзаро ҳамкорлигининг аниқ тартибини белгилаш ва ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштиришга хизмат қилади. Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши бизнинг партиямиз учун муҳим аҳамиятга эга. Шу боис бугунгидек тадбирлар, давра суҳбатлари электоратимиз манфа­атига дахлдор бўлган таклифларни ишлаб чиқишда яхши самара беради.

Улуғбек ВАФОЕВ

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси раҳбари.

— Қонун лойиҳаси халқимиз, жумладан, партия электорати турмуш фаровонлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади. — Негаки, ижтимоий шериклик аҳолининг ижтимоий ёр­дамга эҳтиёжманд қатлами манфаатини ҳимоя қилиш, ижтимоий фаоллигини ошириш,  бандлигини таъминлаш, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, оналик ва болаликни асраш каби қатор йўналишларни қамраб олади. Бу масалаларга партиямиз дастурий ҳужжатларида алоҳида эътибор қаратилган. Демак, ижтимоий шериклик институтининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланиши партиямиз ўз ғояларини амалга ошириши учун қўшимча имкониятлар яратади. Фракциямиз аъзолари фуқаролик жамиятини ривожлантиришда ижтимоий шерикликнинг аҳамияти катта эканини эътироф этмоқда. Айни пайтда, қонун лойиҳасида ижтимоий шерикликнинг ўзига хос хусусиятлари ва имкониятларини тўлиқ акс эттириш керак, деган фикрни илгари суряпмиз.

Алия ЮНУСОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси ­аъзоси, ЎзХДП фракцияси вакили:

— Лойиҳада давлат ва жамиятнинг конструктив мулоқотини юритиш, аҳо­ли турли қатламлари манфаатлари ва эҳтиёжлари ҳисобга олинадиган энг муҳим ижтимоий дастурларни амалга оширишдаги ҳамкорлик тартиби аниқ белгиланмоқда. Уш­бу кафолатлар давлат органлари томонидан ижтимоий аҳамиятга эга қарорлар қабул қилиниши, қонунлар ижроси устидан турли ижтимоий гуруҳлар вакилларининг жамоатчилик назоратини ўрнатишдаги иштироки орқали таъминланади. Бу давлат органларининг тегишли қарорлари ишлаб чиқилиши жараёнида пар­тия электорати манфаатларини илгари суриш ва келгусидаги қонун ижодкорлиги фаолиятида муҳим аҳамият касб этади.

Абдужалил ТЎРАЕВ,

Олий Мажлис ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ижрочи директори:

— Таҳлилларга кўра, мамлакатимизда нодавлат нотижорат ташкилотлари тобора фаоллашиб, салоҳияти ортиб бормоқда. Буни биргина фондимизга тақдим этилаётган лойиҳалардан ҳам билиш мумкин. Бу лойиҳаларнинг асосий қисми аёллар бандлигини таъминлаш, хотин-қизлар ва ёшларни касаначиликка жалб қилиш, аҳолининг ижтимоий кўмакка муҳтож қатламлари манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилади. Биргина мисол, ўтган давр мобайнида 140 га яқин ННТ ногиронларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилган лойиҳа асосида 1,6 миллиард сўмлик маблағ билан қўллаб-қувватланди.

Қонун лойиҳасида ижтимоий шериклик субъектлари қаторида давлат органлари билан бирга, бугунги кунда фуқаролик жамиятининг ташкилий тузилмасини шакллантириб, уларнинг манфаатларини акс этти­раёт­ган ННТлар ҳам киритилган. Жамоат фонди ва жамоат комиссиялари фао­лия­ти аниқ тарзда белгилаб қўйилган. Қонуннинг қабул қилиниши фуқаролик жа­мия­тининг муҳим институтлари бўлган нодавлат нотижорат ташкилотлари ривожланишини янги босқичга олиб чиқади, деб ҳисоблайман.

Саодат ТУРСУНБОЕВА,

«Шарқ аёли» халқаро аёллар жамғармаси бошқаруви раиси:

— Биз ўз фаолиятимизни асосан ижтимоий ҳамкорлик асосида олиб борамиз. ХХI аср — ахборот асри. Ҳа­қиқатан ҳам бугун ахборот коммуникация технологиялари шиддат билан ривожланмоқда. Жамғармамиз фао­лия­ти айнан шу соҳадаги лойиҳаларни қўл­лаб-қувватлашга қаратилган. Шу вақтга қадар 60 дан ор­тиқ лойиҳани амалга оширдик. «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши фаолия­тимиз янада ривожланишида муҳим ҳужжат бўлиб хизмат қилишига ишо­намиз.

Семинарда партия электорати манфаатидан келиб чиққан ҳолда қонун лойиҳаси юзасидан кўплаб фикрлар билдирилди. Хусусан, қонун лойиҳасида кўрсатилган ижтимоий шериклик соҳаларини янада ривожлантириш бўйича бир қатор таклифлар илгари сурилди. Уларнинг барчаси қонун лойиҳаси юзасидан ЎзХДП фракциясининг позициясини шакллантириб олишга хизмат қилади.

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози»мухбири.



DB query error.
Please try later.