Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
10.04.2014

МАРДЛИК ВА ЖАСОРАТ ТИМСОЛИ

Истиқлол йилларида миллий-маънавий қадриятларимизни, улуғ аждодларимиз номини тиклаш, улар меросини ўрганиш йўлида улкан ишлар амалга оширилди ва изчил давом этмоқда.

Амир Темур — ўзлигимизни англаш, миллий анъана ва қадриятларимизни тиклаш борасидаги улуғвор ишларда халқимиз тийнатидаги бун­ёдкорлик, обод ва фаровон ҳаёт барпо этиш, бугунги саодатли кунларга шукроналик, эртанги ёруғ келажакка ишонч билан яшашдек фазилатларга маънавий куч бағишлаётган шавкатли сиймолардан биридир. Қудратли салтанат барпо этиб, давлатчилик борасида бой амалий ва назарий мерос қолдирган, илму фан, бун­ёдкорлик, маданият, маънавият ривожига кенг йўл очган буюк аждодимизнинг ҳаёт йўли бугунги авлодлар учун ибрат мактабидир.

Президентимиз Ислом Каримовнинг ташаббуси билан 1996 йил мамлакатимизда Амир Темур йили, деб эълон қилинди. Шу йили бобокалонимизнинг 660 йиллиги халқаро миқ­ёсда кенг нишонланди.

Тошкентда, Самарқандда, Шаҳрисабзда буюк бобомизнинг улуғвор ҳайкаллари қад кўтарди. Пойтахтимиздаги файзли хиё­бон, шоҳ кўча, метро бекати, шунингдек, мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги маданият ва маърифат масканлари ­Соҳибқирон номи билан аталмоқда.

Тошкентда барпо этилган Темурийлар тарихи давлат музейи ўзининг бетакрор кўрку салобати билан нафақат юртдошларимиз, балки дунёнинг кўплаб мамлакатларидан келаётган сайёҳларда ҳам ҳайрату ҳавас уй­ғотмоқда. Халқаро Амир Темур ­жам­ғармаси фаолияти ва Амир Темур ордени юртдошларимизни давлатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, илм-фан, адабиёт, санъат ва бошқа соҳаларда Ватанимиз равнақига салмоқли ҳисса қўшишга руҳлантирмоқда. 2011 йили давлатимиз раҳбарининг сўзбошиси билан «Темур тузуклари»нинг мукаммал ҳолда чоп этилгани маданий ҳаётимизда муҳим воқеа бўлди.

Халқимиз Соҳибқирон таваллуд санасини ҳар йили кўтаринки руҳда нишонлайди. Шу кунларда бобомиз таваллудининг 678 йиллиги муносабати билан мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлиб ўтаётган илмий анжуманлар, тадбирлар, давра суҳбатларида мустақиллик туфайли улуғ аждодимиз хотирасини эъзозлаш, ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, тар­ғиб этишга кенг йўл очилгани алоҳида қайд этилмоқда.

Анъанага кўра, 9 апрель куни пойтахтимиздаги Амир Темур хиёбонида тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда парламент аъзолари, вазирлик ва идоралар вакиллари, ёзувчи ва шоирлар, олимлар, кенг жамоатчилик, талаба-ёшлар иштирок этди.

Халқаро Амир Темур ­жамғармаси раиси, Темурийлар тарихи давлат музейи директори Нозим ­Ҳабибуллаев, Корея Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ли Ук Хён, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид, темуршунос Ҳаким Сатторий ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ўзлигимизни англаш ва миллий ғуруримизни тиклашга қаратилган ислоҳотлар жараёнида Амир Темурнинг ўлмас номи, жаҳон тараққиётига қўшган беқиёс ҳиссасини ўрганиш, бой маънавий меросидан ёшларни ватанпарварлик, миллий истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбия­лашда кенг фойдаланиш юзасидан кўплаб ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Бугун Амир Темур ва темурийларнинг миллий давлатчилик, илм-фан, маданият, бунёдкорлик ва бошқа соҳалардаги улкан меросини ўрганишга қизиқиш жаҳон миқёсида тобора ортиб бормоқда. Юртимизда ва хорижда темурийларнинг дунё цивилизацияси равнақига қўшган улкан ҳиссасига оид кўплаб бадиий, публицис­тик асарлар яратилмоқда, илмий тад­қиқотлар амалга оширилмоқда. Буларнинг бари Соҳибқирон Амир ­Темур шахсияти ва уни етиштирган замин, тарихий шарт-шароитга доир янги-янги қирраларни кашф этишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, кимки ўзбек номини, ўзбек миллатининг куч-қудратини, адолатпарварлигини, чексиз имкониятларини, унинг умумбашарият ривожига қўшган ҳиссасини, шу асосда келажакка ишончини англамоқчи бўлса, Амир Темур сиймосини эслаши керак.

Бобокалонимизнинг буюк бунёдкорлик салоҳияти, қудратли давлат, адолатли жамият барпо этиш, тинчлик ва осойишталикни сақлаш, ўзаро ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, бар­қарорлик, меҳр-оқибат муҳитини ­мус­таҳкамлаш, халқ фаровонлигини таъминлашга оид эзгу тамо­йил­лари бугун Ватанимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг асосий мезонига айланган. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Соғлом бола йили, деб номланган жорий йилда соғлом ва баркамол авлод келажаги учун ғамхўр­лик кўрсатиш, уларни буюк аждодларимизга муносиб ворислар этиб тарбиялашдек эзгу ишларда, жамиятимиз ҳаётининг барча жабҳаларида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларда бу жиҳатлар ўзининг ёрқин ифодасини топаётир.

Тадбир қатнашчилари Амир Темур ҳайкали пойига гуллар қўйдилар.

Маросимда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов иштирок этди.

* * *

Шу куни Темурийлар тарихи давлат музейида ўзбек давлатчилигида Амир Темур ва темурийлар салтанатининг ўрни мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда давлат, нодавлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, олимлар, ўқитувчилар, талаба-ёшлар иштирок этди.

Тадбир доирасида «Буюк аждодлар мероси — барҳаёт» номли кўргазма ташкил этилди.

Соҳибқирон таваллудига бағишланган тадбирлар Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятларда бўлиб ўтмоқда.

Матназар ЭЛМУРОДОВ,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.