10.04.2014

САЙЛОВ ТИЗИМИНИ ЯНАДА ДЕМОКРАТЛАШТИРИШ ЙЎЛИДА

Тошкентда Марказий сайлов комиссия­си томонидан Фуқаролик жамияти шакл­ланишини мониторинг қилиш мустақил институти билан ҳамкорликда давра суҳбати ташкил қилинди. Унда «Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддаларига)»ги қонуннинг сайлов тизимини янада демократлаштиришга тааллуқли қоидалари атрофлича кўриб чиқилди.

Давра суҳбати иштирокчилари — Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти мутахассислари, илмий-тадқиқот ва олий ўқув муассасалари вакиллари, ҳудудий сайлов комиссиялари аъзолари, сиёсий партиялар фаоллари, эксперт ва журналистлар Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан парламент муҳокамасига киритилган ушбу қонун алоҳида аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Уларнинг фикрига кўра, Конституцияга киритилган тузатишлар давлат ҳокимиятининг янада демократлашуви, унинг мустақил тармоқлари ўртасида ваколатларнинг қайта тақсимланиши, улар ўртасида ўзаро тийиб туриш ва манфаатлар мувозанати тизими ривожланиши, шунингдек, сайлов тизимининг янада такомиллашувининг муҳим омилига айланади.

Бунда асосий принциплари мустақиллик, қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик ва адолатлиликдан иборат бўлган Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг фаолиятини ташкил этишнинг конституциявий асосларини белгилайдиган Конституциянинг 117-моддасига таклиф этилаётган тузатишларга алоҳида эътибор қаратилди.

Тадбирда Конституцияга киритилаётган тузатишлар мамлакатимизда сайлов тизимини либераллаштириш ва демократлаштириш бўйича амалга оширилаётган ўзгаришларнинг мантиқий давоми бўлганлиги таъкидланди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан 2010 йилнинг ноябрь ойида қабул қилинган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси сайлов қонунчилиги аниқ мақсадга йўналтирилган тадрижий ривожланишининг муҳим омилига айланди. Унга мувофиқ, икки палатали парламентга сайловни қонун талаблари ва умумэътироф этилган халқаро принциплар ва стандартларга тўла мувофиқ тарзда ўтказишни таъминлаган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида»ги, «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов тўғрисида»ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Давра суҳбати иштирокчилари таъкидлаганидек, Марказий сайлов комиссияси мақомининг конституциявий даражада мустаҳкамланиши, шунингдек, у ўз фаолиятини доимий асосда амалга ошириши ва ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига, Ўзбекистон Республикасининг сайлов тўғрисидаги ҳамда референдум тўғрисидаги қонунларига ва бошқа қонун ҳужжатларига амал қилиши лозимлиги белгилаб қўйилиши сайловларнинг демократиклиги, очиқлиги ва ошкоралигини, уларни ўтказишда қонунийликни ҳар томонлама таъминлашнинг яна бир муҳим кафолатидир.

Экспертларнинг фикрича, «Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида (32, 78, 93, 98, 103 ва 117-моддаларига)»ги қонуннинг қабул қилиниши демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти қуриш йўлида амалга оширилаётган тизимли ислоҳотларга ўзаро узлуксиз боғлиқ ҳолда миллий сайлов тизимини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Давра суҳбати якунида Конституцияга киритилаётган сайлов тизими билан боғлиқ янги нормаларнинг мазмун-моҳияти ҳақида жамоатчиликни кенг хабардор қилиш юзасидан тегишли тавсиялар қабул қилинди.

ЎзА



DB query error.
Please try later.