08.04.2014

МАҲСУЛОТЛАР ВА ХИЗМАТЛАР СИФАТИНИ КАФОЛАТЛОВЧИ

қонунлар ҳаётга татбиқ этилмоқда

Анвар БОЙҚУЛОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси аъзоси.

Бугун Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар жаҳон бозорида рақобатга бардошли, харидоргир бўлиши, юртимиздаги хом­ашёдан тайёрланган экспортбоп маҳсулотлар турларини кўпайтириш долзарб масала ҳисобланади. Бунинг учун ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар халқаро миқёсда тан олинган бўлиб, сифат кафолати қоида ва стандартларга мос келиши керак.

Мустақиллик йилларида бу борадаги ишларнинг ҳуқуқий асосини яратиш ва мустаҳкамлаш, халқаро ҳуқуқий меъёрларга мослигини таъминлаш мақсадида муҳим ишлар амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг «Стандартлаштириш тўғрисида»ги, «Метрология тўғрисида»ги, «Маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаш тўғрисида»ги ҳамда бошқа қонун ҳужжатлари қабул қилинган.

2009 йил қабул қилинган «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги Қонун ишлаб чиқариш жараёнларига, маҳсулотларга, иш ва хизматларга қўйиладиган талабларни ўрнатиш ва қўллашда янгича ёндашувни белгилаб берди. Мазкур қонун фуқароларнинг соғлиғи ва ҳаёт хавфсизлиги ҳимояси, атроф-муҳит муҳофазаси, давлатнинг мудофаа ва миллий хавфсизлигини таъминлаш механизмини яратишга йўналтирилган.

Вазирлар Маҳкамасининг «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги Қонунни амалга оширишни давом эттириш чора-тадбирлари ҳақидаги қарори билан муҳим меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди. Жумладан, 2010-2013 йиллар учун техник регламентларни ишлаб чиқиш дастури тасдиқланди. Барча тегишли вазирлик ва идоралар қошида Техник регламентларни ишлаб чиқиш бўйича эксперт кенгашлари ташкил этилди.

Умуман, Қонун ижросини таъминлаш мақсадида қилинган ишлар маҳсулот ва хизматларга мажбурий талабларни белгиловчи ҳужжат — Техник регламент халқаро амалиётини жорий этишга замин яратди.

Бугунги кунга келиб, 2 умумий (автотранспорт воситалари конструкцияси ҳамда темир йўл транспорти хавфсизлиги тўғрисида) ҳамда 4 махсус (госипол смоласи, ҳарбий хизматчилар учун устки кийим ва оёқ кийим хавфсизлиги, шу­нинг­дек, очиқ калитлар инфратузилмасига талаблар тўғрисида) техник регламентлар қабул қилиниб, амалиётга жорий этилди.

Ҳозирда 6 техник регламент лойиҳалари устида ишланмоқда. Бундан ташқари, «2014-2018 йилларда Техник регламентларни ишлаб чиқиш Дастурини тасдиқлаш тўғрисида» Вазирлар Маҳкамасининг қарор лойиҳаси тайёрланди. Унда 5 йил давомида 32 умумий ва 4 махсус техник регламентларни ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

2013 йил 4 октябрда қабул қилинган ва жорий йилнинг 6 апрелидан кучга кирган «Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида»ги Қонун «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги Қонуннинг мантиқий давоми ҳисобланади. Мазкур ҳужжат мувофиқликни баҳолаш соҳасидаги халқаро талаблар билан сертификатлаштириш жараёнларининг уйғунлигини таъминлайди.

Республикамизда мувофиқликни баҳолаш ишларини амалга оширувчи, маҳсулот ва хизматларнинг сифати ҳамда хавф­сизлигини баҳоловчи 165 сертификатлаштириш идораси, 391 синов лабораторияси, 139 қиёслаш ва калибрлаш лабора­тория­си фаолият юритмоқда.

Ҳозирда «Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида»ги Қонун ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан Миллий аккредитация органи тўғрисидаги, Мувофиқликни баҳолаш органлари ва метрологик хизматларни аккредитациядан ва инспекция назоратини ўтказиш тартиби тўғрисидаги ҳамда бошқа қонун ҳужжатларини қабул қилиш чоралари кўрилаяпти.

Маҳсулот ва хизматларнинг сифати ошиши, ички бозорда ўзимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар кўпайиши, инсон соғлиғи кафолатларининг мустаҳкамланиши, истеъмолчилар ҳуқуқларининг ишончли ҳимоя қилиниши партиямиз дастурий мақсадлари амалга ошишида муҳим ўрин тутади. «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги ҳамда «Мувофиқликни баҳолаш тўғрисида»ги қонунлар ижроси изчил йўлга қўйилиши партиямиз электорати манфаатлари ҳимоясида принципиал аҳамиятга эга.

Техник жиҳатдан тартибга солиш, мувофиқликни баҳолаш тизимини етук кадрлар билан таъминлаш масаласи диққат марказида туриши, айниқса, партиямиз бунга алоҳида эътибор билан қараши керак. Яъни, соҳа учун мутахассислар тайёрлаш борасида таълим муассасалари ва мутасадди вазирлик, идоралар ўртасида ҳамкорликни янада кучайтириш, ишлаб чиқариш амалиётларини корхоналарда мунтазам ташкил этиш лозим.

«Ўзстандарт» агентлиги ва унинг тизимидаги ташкилотлар касб-ҳунар коллежларининг ўқув хоналарини намунавий ўлчов воситалари, синов асбоблари ва бошқа зарур жиҳозлар билан таъминлаш бўйича ҳо­мийлик ёрдамларини кенгайтирса, ҳар томонлама фойдали бўларди.

Қонунлар ҳаётга татбиқ этилишида тўсиқ бўлаётган айрим масалалар ечими устида ўйлаб кўриш зарур. Масалан, соҳа мутахассислари билимини ошириш учун ўқув дастурларини такомиллаштириш талаб этилади. Экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқаришни кенгайтириш мақсадида корхоналар раҳбарлари иштирокида семинар-тренингларни изчил йўлга қўйиш, маҳсулотларнинг янги турларини ўзлаштириш учун замонавий синов лабо­ра­­то­рия­ларини ташкил этиш, борларини модернизациялаш каби ишлар янада ривожлантирилса, қонунлар ижроси самарали таъминланади, деб ҳи­соб­лайман.

Яна бир масала умумий техник регламентларни ишлаб чиқиш билан боғлиқдир. «Техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисида»ги Қонуннинг 24-моддасида умумий техник регламентларни ишлаб чиқишни молиялаштириш давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгилаб қўйилган. Бу масала охиригача ижобий ҳал этилиши лозим. Шунинг учун мутасадди вазирлик умумий техник регламентларни ишлаб чиқишни молиялаштириш тартибини белгилаши керак. Бу умумий техник регламентларнинг ўз вақтида ишлаб чиқилишига асос бўлади.



DB query error.
Please try later.