05.04.2014

ДЕПУТАТЛИК ВА ПАРЛАМЕНТ НАЗОРАТИ

янада изчил олиб борилиши зарур

ЎзХДП Марказий Кенгаши ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси «Соғлом бола йили» Давлат дастурини амалга оширишда партия ташкилотлари ва депутатларнинг иштирокини кучайтириш масалаларини муҳокама қилди. Шунингдек, Молия, Соғлиқни сақлаш, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ҳамда Халқ таълими вазирликлари масъул вакилларининг Давлат дастури билан боғлиқ масалалар ижросига қаратилган чора-тадбирлар ҳақидаги ахборотларини эшитди.

Соғлом бола йили муносабати билан қабул қилинган Давлат дастурида мамлакатимизда баркамол авлодни вояга етказишга ҳар томонлама шароит яратиш, оилаларнинг моддий ва маънавий асосларини мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг рўзғор юмушларини енгиллаштириш бўйича муҳим чоралар кўзда тутилган. Ушбу масалалар ЎзХДП Дастурида ижтимоий ислоҳотларни чуқурлаштириш юзасидан белгиланган вазифалар билан узвий боғлиқдир.

Шунинг учун ЎзХДП «Соғлом бола йили» Давлат дастурининг ижтимоий мақсадларга йўналтирилган ислоҳотларни янада чуқурлаштиришдаги аҳамиятини юқори баҳолайди ҳамда унинг ҳар бир ҳудудда самарали ижро этилишини жуда муҳим, деб ҳисоблайди. Партия жорий йилга мўлжалланган Ҳаракат дастурида «Соғлом бола йили» Давлат дастури ижроси устидан депутатлик, парламент, шунинг­дек, жамоатчилик назоратини изчил олиб бориш, электорат манфаатлари билан боғлиқ масалаларни халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида атрофлича муҳокама қилиш бўйича қатор вазифаларни белгилаб олган.

Шу ўринда Давлат дастури ижроси бўйича депутатлик, парламент, қолаверса, жамоатчилик назоратини кучайтириш йўлида партиямиз ташкилотлари томонидан олиб борилаётган ишларга танқидий ёндашиб, тегишли хулосалар чиқариб олишимиз керак бўлади. Аввало, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари электорат манфаати ҳимоясига қаратилган масалаларни ҳал этиш бўйича қандай фаолият кўрсатаётганига эътибор қаратайлик. Давлат дастурлари ижроси устидан жойлардаги партия ташкилотлари, депутатлик гуруҳлари олиб бораётган ишлар талаб даражасидами? Умуман, ижтимоий ислоҳотларни изчил амалга оширишда партия ташкилотларининг таъсири қандай бўляпти?

ЎзХДП Марказий Кенгаши Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси билан бирга ўтказган семинарда ана шу ва бошқа саволлар атрофлича муҳокама қилинди.

Семинарда ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон Кетмонов «Соғлом бола йили» Давлат дастури юртимизда кучли ижтимоий ҳимояга асосланган ислоҳотларни янада самарали давом эттиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

— Партиямиз мамлакатимизда ижтимоий соҳада кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилаётганини алоҳида эътироф этади ҳамда бундай сиёсатни қўллаб-қувватлайди, — деди партия етакчиси. — Шу боис Давлат дастури ижроси устидан парламент ва депутатлик назоратини кучайтириш кучли ижтимоий сиёсат тарафдори бўлиб келаётган партиямиз, унинг депутатлик тузилмалари зиммасига катта масъулият юклайди.

Мамлакатимизни ривожланган давлатлар қаторига олиб чиқиш бўйича узоқ муддатли стратегияни амалга оширишнинг ҳозирги босқичида ислоҳотларнинг ижтимоий йўналтирилганлигини кучайтириш устувор масалалардан бири ҳисобланади. Шундай экан, «Соғлом бола йили» Давлат дастури ижросини таъминлаш бўйича ишларимиз аниқ йўналишларда олиб борилиши, ҳаётий самаралар бериши лозим. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, жойлардаги муайян масалаларни ўрганиш, уларнинг ечими юзасидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари муҳокамаларига амалий таклифлар киритиш бўйича партиямиз гуруҳларининг фаолияти ҳамма жойда ҳам қониқарли эмас. Бу борадаги камчиликларга чек қўйиш учун фракциямиз аъзолари партия гуруҳларимизга ҳар томонлама амалий ёрдам кўрсатиши керак бўлади. Гап шу ҳақда кетганда, бир масалага эътибор қаратмоқчиман. Мамлакатимизда ижтимоий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, унинг турли йўналишлари бўйича партия­миз позицияси қандай бўлиши партия гуруҳлари ҳамда фракциянинг фаолиятига кўп томонлама боғлиқдир.

Семинарда «Соғлом бола йили» Давлат дастури ижросини ташкил этиш бўйича қатор вазирликлар, давлат ташкилотларининг тегишли ахборотлари эшитилди. Хусусан, Молия, Соғ­лиқни сақлаш, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш ҳамда Халқ таълими вазирликлари вакиллари Давлат дастурида белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш билан боғлиқ масалаларга атрофлича тўхталиб ўтди. Депутатларнинг саволларига жавоб берди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари аъзолари ўзаро фикр алмашиб, Давлат дас­тури ижросини назорат қилишнинг айрим хусусиятларига аниқликлар киритиб олишди.

Давлат дастурида соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш бўйича қонунчилик асосларини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилган. Семинарда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси раҳбари Улуғбек ­Вафоев Давлат дастурида назарда тутилган қонунлар лойиҳаларини тайёрлаш ҳамда уларда электорат манфаатларини акс эттириш бўйича халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари билан фракция ҳамкорлигини кучайтириш лозимлигига эътибор қаратди.

ЎзХДП фракцияси аъзоси Комила Каромова 2014 йилга мўлжалланган партия Ҳаракат дастурида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан жорий йилнинг биринчи чорагида амалга оширилган ишларнинг таҳлили билан таништирди. Маълум бўлишича, халқ депутатлари туман, шаҳар ва вилоят Кенгашларидаги партия гуруҳлари биринчи чорак мобайнида ўз йиғилишларида жами 41 масалани муҳокама қилган. Партия гуруҳлари ташаббуси билан электорат манфаатларига доир 9 масала доимий комиссияларда, 4  масала сессияларда кўриб чиқилиб, тегишли қарорлар қабул қилинган.

Шу билан бирга бугунги кун электорат манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ишларни янада кучайтиришни талаб қилмоқда. Жумладан, партия гуруҳлари ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, жойлардаги муаммоларни очиқ-ойдин таҳлил қилиб, шу асосда маҳаллий ижро ҳокимиятига хулоса ва таклифлар бериш, муаммони улар олдига қатъий қилиб қўйилиши зарур.

«Соғлом бола йили» Давлат дастури фарзандларимизнинг соғлом бўлиши, чуқур билим олиши, бугунги ҳаёти ва келажаги кафолатлари билан боғлиқ. Шундай ўта муҳим дастур ижросини таъминлаш ишларига катта масъулият ва виждонан ёндашмоқ зарур.

Семинарда йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш, партия ташкилотларининг талабчанлиги ва фаоллигини ошириш, ижтимоий ҳамкорликни кучайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди. Бундай семинарлар маҳаллий партия ташкилотларида ҳам ўтказиладиган бўлди.

Тўлқин ТЎРАХОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.