03.04.2014

ВАТАН ОЛДИДАГИ МАСЪУЛИЯТ

бизни юксак марраларга чорлайди

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши «Истиқбол» ёшлар қаноти ҳамда Сирдарё вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган форум ёшлар қалбида ана шундай акс-садо берди.

Гулистон шаҳри. Вилоят мусиқали-драма театрида Сирдарёнинг турли ҳудудларидан келган истеъдодли, ижодкор, сиёсатчи ёшлар жам бўлган. Саҳна ёшларни бирдамлик, эзгулик, фаолликка чақирувчи ғоялар акс этган шиорлар билан безатилган. Мамлакат, халқ юкини елкасига олишга тайёр турган бу ёшлар — ўзаро фикрлашиш, келажакдаги режаларни аниқ белгилаб олиш учун йиғилган...

Президентимиз Наврўз байрамига бағишланган тантанали маросимда Ўзбекистон ёшларига қарата шундай деган эди: Ватанимизнинг тараққиёти ҳақида, дунёнинг ривожланган демократик давлатлари қаторига кўтарилишимизни, аввало, сиз, униб-ўсиб келаётган ёшларимизнинг салоҳияти, билимга чанқоқлиги ва илму фан чўққиларини ўзлаштиришингизга, етук ва баркамол авлод бўлиб вояга етишишингизга қараб халқаро жамоатчилик бизнинг нималарга қодир эканлигимизга баҳо беради. Шунинг учун ҳам биз ўзлигини, ўз қадр-қимматини, Ватани олдидаги ўз бурчини чуқур англаган, ўз олдига баланд марралар қўйиб, дунёдаги барча тенгдошлари билан беллашувга тайёр фарзандларимни бизнинг ишончимиз ва таянчимиз, ҳал қилувчи кучимиз, деб юксак қадрлаймиз ва сиз ёшларимизни эъзозлаб камол топтиришда ўзимизни ҳеч қачон аямаймиз...

Ёшлар форумида ана шу юксак ишончга муносиб бўлиш, Ўзбе­кистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қарор мазмун-моҳиятини тар­ғиб қилиш, партия Дастури ҳамда «Истиқбол» ёшлар қаноти низомида белгиланган вазифаларни бажаришда фаол иштирок этиш хусусида сўз борди.

Тадбирда ЎзХДП Марказий Кенгаши ташкилий кадрлар бўлими мудири Зокиржон Холматов сўзга чиқиб, мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида ёшларнинг иштироки тобора кенгайиб бораётгани, бу жараёнларда партиямиз сафидаги йигит-қизларнинг ҳам муносиб ҳиссаси борлигини алоҳида эътироф этди.

— Бугунги кунда ЎзХДП аъзоси бўлган ёшлар фан, мада­ният, спорт соҳаларида катта ютуқларга эришмоқда, — деди у.
— Партиямиз ғоялари ва дастурий мақсадларини амалга оширишда ҳам ёшлар фаол иштирок этмоқда. Бу борада, айниқса, «Истиқбол» ёшлар қаноти Сирдарё вилоят бўлими катта тажриба тўплаган. Шу боис ёшлар форумини биринчи бўлиб айнан Сирдарёда ўтказяпмиз.

Бугунги тадбир партиямиз сафидаги ёшлар, «Истиқбол» ёшлар қаноти аъзоларини янада жипслаштириш, олдимизда турган катта-катта мақсадларимизни анг­лашларида муҳим аҳамиятга эга бўлади, деб ўйлайман.

ЎзХДП Сирдарё вилоят кенгаши раиси ўринбосари, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи аъзоси ­Ҳаётхон Ортиқбоева мамлакатимиз ёшларига яратиб берилаётган шарт-шароитлар, мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиш масъулияти ҳа­қида сўз юритди.

Ёшлари билимли, кучли, доно, соғлом бўлган мамлакатнинг келажаги буюкдир, — деди у. — Бугунги кун олдимизга жуда муҳим вазифаларни қўймоқда. Фақат ўзингни билишинг, англашинг кифоя қилмайди. Атрофдаги тенгдошларингни ўз ортингдан эргаштиришинг, уларнинг дун­ё­қарашини ўзгартиришинг, қалбида Ватан тақдирига дахлдорлик туйғуларини мус­таҳ­камлашинг зарур. Ўшандагина юксак марраларни забт этамиз.

Биз куни кеча халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгаши сессия­сида «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор ижросини таъминлаш борасидаги вазифаларимизни белгилаб олдик. Бу жараёнда биз халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларидаги ЎзХДП гуруҳлари, «Истиқбол» ёшлар қаноти етакчиларига таянамиз.

Сўзга чиққанлар, шунингдек, ёшларни турли ёт ғоялардан асраш, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиёти йўлида ўз ҳиссасини қўшаётган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар иқтидор ва истеъдодларини тўла намоён этишлари учун зарур шарт-шароитларни яратиб бериш, бу борада ёшлар қаноти олдида турган муҳим вазифаларга тўхталди.

Форум доирасида ўқишда, ишда, жа­моат ишларида фаол иштирок этаётган бир гуруҳ ёшлар ташкилотчилар томонидан тақдирланди. ЎзХДПга қабул қилинган ёшларга эса тантанали равишда аъзолик гувоҳномалари топширилди.

Рустам ЭРГАШЕВ,

ЎзХДП «Истиқбол» ёшлар қаноти вилоят бўлими фаоли:

— Кун сайин сафимиз ташаббускор ёшлар билан кенгаймоқда. Шунга яраша биз ҳам ишимизни такомиллаштириб боришга ҳаракат қиляпмиз. Айни пайтда тўрт минг нафарга яқин йигит-қиз «Истиқбол» ёшлар қаноти Сирдарё вилоят бўлими аъзоси ҳисобланади. Ҳар бир туман кенгашида «Ёш сиёсатчилар» клуби фаолияти йўлга қўйилган. Унга аъзо бўлиш истагидаги ёшлар кўпчиликни ташкил этади.

Ватанимиз, Мустақиллигимиз, Халқимиз олдидаги масъулият туйғуси бизни янада фаолроқ бўлишга ундайди. Дунёда юз бераётган воқеалардан огоҳ бўлишга, тинчликнинг қадрига етишга ўргатади. Бугунги форум мана шу йўлда ташланган жуда муҳим қадам бўлди.

Мақсуда ЖЎРАҚУЛОВА,

журналист:

— Биз билим, куч ва салоҳият жиҳатидан ҳеч кимдан кам эмасмиз. Буни тенгдошларимиз эришаётган ютуқлар ҳам кўрсатиб турибди.   Ўн етти ёшимдан бери мақола ҳамда ижодий ишларим билан вақтли матбуотда қатнашиб келяпман. Энди мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида ҳам фаол иштирок этмоқчиман. Шунинг учун Ўзбекистон Халқ демократик партиясига аъзо бўлдим.

Шаҳло ҲУСАНОВА,

Гулистон шаҳар иккинчи академик лицей ўқувчиси:

— Бугунги форум биз ёшлар қалбида Ватанга муҳаббат, ёруғ келажакка ишонч ҳиссини янада кучайтирди. Биз ўз билим ва салоҳиятимизни она-Ватанимиз, халқимиз истиқболи йўлида сарф­лашга тайёрмиз. Бунга буюк аждодларимизнинг маънавий жасорати ҳам, бугунги шарт-шароитлар ҳам, тенгдошларимизнинг интилишлари ҳам асос бўлади.

Ёшлар форумида ЎзХДП Марказий Кенгаши масъул ходимлари, «Истиқбол» ёшлар қаноти етакчилари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари аъзолари, давлат стипендиантлари, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳиблари, «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати фаоллари иштирок этди.

Тадбир якунида форум иштирокчиларининг вилоят ёшларига мурожаати қабул қилинди. Уни «Истиқбол» ёшлар қаноти Сирдарё бўлими етакчиси Мурод Ҳаитов ўқиб эшиттирди.

«Ватаним равнақига ҳисса қўшишни хоҳлайман!» Бу сўзлар ­форум иштирокчиларининг асосий мақсади, шиорига айланди.

Нурали ОРИПОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.