03.04.2014

ДАВЛАТ МУЛКИ ОҚИЛОНА БОШҚАРИЛИШИ КЕРАК

ЎзХДП фракциясининг позицияси шундай

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг яқинда бўлиб ўтган ялпи мажлисида иккита янги қонун лойиҳаси кўриб чиқилиб, биринчи ўқишда маъқулланди. «Давлат мулкини бошқариш тўғрисида» ҳамда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги мазкур қонунлар лойиҳалари ЎзХДП фракцияси йиғилишида ҳам муҳокама этилган эди.

«Давлат мулкини бошқариш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси таҳлил қилинганда фракция аъзолари давлат мулкини самарали бошқариш, бу борада мустаҳкам ҳуқуқий тизимни яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратди.

Ҳар қандай мулк оқилона бошқарилган тақдирда ривожланади, фойда келтиради. Бу иқтисодиётнинг азалий ва асосий мезони ҳисобланади. Айниқса, давлат мулкини бошқариш — анча мураккаб жараён. Бу масалада жуда эҳтиёткорона ва чуқур ёндашиш талаб этилади. Чунки давлат мулкининг бош­қарилиши мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаёти, минг-минглаб одамлар манфаати билан боғлиқ. Шунинг учун ҳам барча ривожланган мамлакатларда давлат мулкини бошқаришга иқтисодиётни давлат томонидан тартибга солиб туришнинг муҳим механизми сифатида қаралади.

Мамлакатимизда мустақиллик йилларида давлат мулкини бош­қаришни тартибга солишга қаратилган етарли меъёрий-ҳуқуқий база шакллантирилган. Узоқни кўзлаб амалга оширилаётган иқтисодиётни ислоҳ қи­лишнинг ҳозирги босқичида хусусий мулк институтини мустаҳкамлаш, иқтисодиётда хусусий секторнинг улушини ошириш, давлат мулкини янада самарали бошқариш зарурати вужудга келган. Президентимиз илгари сурган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш кон­цепция­си асосида ишлаб чиқилган мазкур қонун лойиҳаси ана шу масалаларда ҳуқуқий асосни янада мус­таҳкамлашни назарда тутади.

Мастура САЙФИДДИНОВА,

ЎзХДП фракцияси аъзоси:

Бугунги кунда мамлакатимизда давлат мулки билан боғлиқ муносабатлар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Фуқаролик, Ер, Солиқ, Уй-жой Кодекслари, «Ўзбекистон Республикасида мулкчилик тўғрисида»ги, «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги, «Ижара тўғрисида»ги Қонунлар ва бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади. Аммо ушбу меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда давлат мулкини бошқаришнинг барча жиҳатлари тўлиқ қамраб олинмаган. Баъзи масалалар бўйича амалдаги қонун ҳужжатларида ҳар хил ёндашув мавжуд.

Фракциямиз «Давлат мулкини бош­қариш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ана шу борадаги камчиликларни бартараф этишда, соҳани замонавий мезонларга кўра ривожлантириш кафолатини, қолаверса, давлат мол-мулкини мамлакатда ҳам, ундан таш­қарида ҳам самарали бошқариш асосларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади, деб ҳисоблайди.

Унинг қабул қилиниши давлат мулки объектларини бошқаришнинг ягона тизимини яратишга хизмат қилади. Бу масалалар ЎзХДП дастурида белгиланган вазифалар билан узвий боғлиқдир. Жумладан, партиямиз Дастурида мулк муносабатларининг янги тизимини шакл­лантириш учун зарур шарт-ша­роит яратиш масаласи алоҳида эътиборга олинган. Шунинг учун биз ушбу қонун лойиҳасини қўл­лаб-қувватлаймиз. Чунки давлат мулкининг самарали бошқарилиши ижтимоий соҳадаги ислоҳотларнинг кафолатини янада мустаҳкамлайди.

Шу куни депутатлар «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қў­шимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ҳам кўриб чиқишди.

Алишер СОДИҚОВ,

ЎзХДП фракцияси аъзоси:

Фракциямиз аъзолари қонун лойи­ҳасини атрофлича муҳокамадан ўтказди. Кейинги йилларда бозор иқтисодиёти талабларига, халқаро меъёрларга мувофиқ, бюрократик ғовларни бартараф этиш, лицензия ва рухсат бериш тартиб-таомилларини қисқартириш ҳамда соддалаштириш, яъни одамлар ўз ишини очиши, хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқаришни йўлга қўйиши учун қулай муҳит яратиш бўйича муҳим ислоҳотлар амалга оширилди. Бу кўплаб бар­қарор иш ўринлари пайдо бўлишига, одамларнинг даромадлари кўпайишига, турмуш фаровонлиги кўтарилишига асос бўлаяпти. Фракциямиз буни алоҳида эътироф этади.

Шу билан бирга, тадбиркорлик фаолияти соҳасида рухсат бериш тизимининг асосий тамойиллари ва қоидаларини, бу борадаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солишни янада такомиллаштириш эҳтиёжи ҳам бор. Қонун лойиҳаси бу борадаги масалалар ечимига хизмат қилади. Шунга асосланиб, фракциямиз қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлайди.

Мазкур қонунлар лойиҳалари бўйича фракция муносабатини шакллантириш мақсадида тузилган ишчи гуруҳи фаолиятини давом эттирмоқда. Қонунлар лойиҳалари юзасидан фракция таклифлари иккинчи ўқишга тайёрлаш учун масъул қўмиталарга тақдим этилади.

Тўлқин ТЎРАХОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.