03.04.2014

СЎЗ — ПЛЕНУМ ИШТИРОКЧИЛАРИГА

2014 йил 26 март куни Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг навбатдаги пленуми бўлиб ўтди. Унда барча даражадаги партия ташкилотлари фаолиятини кучайтириш, электорат манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ишларни такомиллаштириш, «Соғлом бола йили» Давлат дастурида белгиланган вазифаларни изчил амалга оширилиши устидан тизимли депутатлик ва жамоатчилик назоратини ўрнатишга қаратилган аниқ режалар белгиланиб, тегишли қарорлар қабул қилинган эди. Бугунги кунда маҳаллий партия ташкилотларида пленум қарорлари чуқур ўрганилмоқда. 

Саида ЖЎРАЕВА,

ЎзХДП Бухоро вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари:

— Марказий Кенгаш пленумида билдирилган танқидий-таҳлилий фикрлар, ишимизни тубдан кучайтириш юзасидан ўртага ташланган долзарб масалалар ҳамда қабул қилинган қарорлар кейинги фаолиятимизни янада самарали ташкил этишда муҳим аҳамиятга эга бўлади.

Пленум натижаларидан шундай хулосага келамизки, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини ҳаётга татбиқ қилиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли манфаатлари йўлидаги ишларни кучайтириш, жойлардаги ижтимоий муаммоларни оқилона ҳал этиш каби долзарб масалалар ечимида парламент ва депутатлик назорати институтлари имкониятларидан янада тўлароқ фойдаланишимиз талаб этилмоқда.

Хусусан, жорий йилда партиямизнинг Ҳаракат дастурига кўра, Когон, Ромитан, Вобкент туманларида аҳолига хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ишларни депутатлик назоратига олиш, Ғиждувон, ­Шофиркон, Қоровулбозор туманларида маҳаллий инвестициялар дастурининг бажарилиши тўғрисидаги масалаларни халқ депутатлари туман Кенгашлари сессияларига олиб чиқишимиз зарур. Шунингдек, Когон шаҳрида Иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури бажарилиши ҳолати ва уни яхшилаш чоралари  тўғрисидаги масала ўрганилиши назарда тутилган.

Айниқса, «Соғлом бола йили» Давлат дастурининг устувор ижтимоий йўналишларини амалга оширишда фаол иштирок этиш асосий вазифаларимиздан ҳисобланади. Бунинг учун ҳудудий дастурларнинг мазмун-моҳиятини изчил ўрганишимиз, уларнинг ижтимоий муҳим жиҳатлари амалда қай даражада бажарилаётганини назорат-таҳлил тартибида мониторинг қилиб боришимиз керак. Бундан таш­қари, ўтган йиллардаги тажрибамиздан унумли фойдаланган ҳолда ҳудудий дастурларнинг ижтимоий самарадорлигини ошириш, бу борада уларга тегишли аниқлик ва қўшимча киритишга доир таклифлар ишлаб чиқишимиз талаб этилади.

Олим РАВШАНОВ,

ЎзХДП Қашқадарё вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари:

— Пленумда тарғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириш, партия сиёсий позицияси ва дастурий мақсадларининг тарғиботига қаратилган ижтимоий-сиёсий тадбирлар аудиториясини сезиларли даражада кенгайтириш лозимлиги айтилди. Шундан келиб чиққан ҳолда, бу йўналишда маҳаллий кенгашлар ва бошлан­ғич ташкилотларнинг ўзаро алоқаларини янада мустаҳкамлаш, пар­тия ва унинг ­сиёсий позициясидан хабардор ёш­лар сафини кўпайтириб боришимиз зарур.

Тарғибот ишида энг муҳими таъсир кўрсата олиш. Сўзимиз таъсирли бўлиши учун очиқ-ошкора суҳбатлар, савол-жавоблар услубидан фойдаланишимиз керак. Шунингдек, тарғибот ишларида ҳаётий мисоллар келтириш таъсирли бўлади.

Бу борада, айниқса, пар­тия­мизнинг ёш аъзоларига алоҳида эътибор қаратишимиз зарур. Шу боис 2014 йилдаги долзарб вазифаларимиздан бири — бу «Истиқбол» ёшлар қаноти фаолиятини юқори босқичга кўтаришдир. Чунки, айнан ёшларгина партиямиз кучига куч қўшади, янги-янги ғоялар, ташаббуслар билан чиқади. Мазкур масала биз учун стратегик аҳамият касб этишини инобатга олиб, барча партия ташкилотларида «Ёш сиёсатчилар» клуби ишини намунали ташкил этишни мақсад қилдик. Бунинг учун туман кенгашларидаги «Истиқбол» ёшлар қаноти аъзолари билан янги йўналишларда иш олиб бориш, ташаббускор, интилувчан йигит-қизларни рағбатлантиришни режалаштиряпмиз.




DB query error.
Please try later.