03.04.2014

«ДУНЁГА НЕГА КЕЛДИНГ, ИНСОН!?»

Бу Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг саволи эди

...1991 йилда Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида босилган ­«Табассум боғи» китобимга Муҳаммад Юсуф муҳаррирлик қилган, ўшанда боғланган қадрдонлик ришталарини узмасдик. У ­Бухорога тез-тез келиб турарди. Баъзан ўзи яхши кўрган шоирлар, баъзида бир гуруҳ санъаткорлар билан ташриф буюрар ва албатта, адабий учрашувларда қатнашар, янги шеърларини ўқиб берарди. У бир гал қўнғироқ қилди:

 

— Ака, Ғайбулла Саломов домлани биласиз-а?

— Албатта биламан, домлани адабиёт аҳли жуда яхши кўради, — дедим.

— Унда, эшитинг, иккаламиз ­Бухорога боряпмиз, — деди Муҳаммаджон, — Эрталаб Когонда поезд­дан тушамиз. Кутиб оласизми?

— Кутиб оламан эмас, кафтимда кўтариб бутун Бухорони зиёрат қилдираман!

Саҳарда уларни кутиб олдим. Лаби Ҳовузга етиб келдик. Бир ­пиёла чой ичдик, Ҳовуз атрофида сайр қилдик.

— Энди, шоир укам, — деди домла менга қараб, — вақтингиз бўлса, Қоракўлга — Тилак Жўраникига борсак. Билсангиз, анчадан бери ­хаста...

Шу тариқа йўлга отландик. Кетаётиб, Муҳаммаджон йўл ёқасидаги обидага ишора қилди:

— Ака, бу мадрасами, масжидми?

— Эшитган бўлсангиз, Чорбакр мавзеи — ана шу! ­Пайғамбаримиз авлодлари мангу қўним топган бу манзилда. Ҳаммалари улуғ авлиёлар бўлишган....

— Ие, шунақами, — сўради ­Муҳаммаджон кўзойнагини қўлига олиб, — ўша ерда кўҳна қудуқ ҳам бор, деб эшитганман...

— Бор, — дедим. — Унинг ёнида ўн олтинчи асрда барпо этилган қадимий ҳовуз ҳам бор. Уни Бухоронинг ўша пайт­даги ҳукмдори барпо эттирган дейишади.

— Ажойиб, — деди домла донишмандлар каби бошини чайқаб, — қайтишда албатта, бу ерни зиёрат қиламиз! Қани, шофёр укам, газни босинг, манзилга тезроқ етайлик...

Қоракўлда, шифохонанинг дарвозаси олдида бизни бош ҳаким ҳамда бир гуруҳ шу ерлик қаламкашлар кутиб олишди. Тилак Жўра эндигина уйғонган, дераза олдида ўтирарди.

— Жоним болам, Тилагим, юрагим! Нима бўлди сенга?! — деди устоз шогирдининг пешонасидан ўпиб. — Мана, Муҳаммад Юсуфни ҳам олиб келдим...

— Раҳмат, устоз, — деди ­Тилак кўзларига қуйилиб келаётган ёшларни артар экан.

Муҳаммаджон ҳам шоирни бағрига босди.

— Тилак ака, Тошкентдан қочиб келсангиз ҳам, мана, топиб келдик. Худога шукур, анча яхши экансиз. Сизни яна Тошкентга олиб кетамиз. Нима дейсиз, қадрдоним, — дея, далда берди.

Тилак устози ва яқин дўстини қайта-қайта бағрига босди. Менга миннатдорлик билдирди:

— Раҳмат сизга, Тошпўлат ака, ташвиш чекиб, уларни олиб келибсиз... Энди мен ўлмайман. Ёнингда устозинг бўлса, қадрдонларинг бўлса, ўлиш мумкинми?!

Шундан сўнг у ҳолсизланиб, каравотга ёнбошлади. Муҳаммаджоннинг ўзига бағишлаб ёзган шеъридан айрим сатрларни ёдга олди. Кўз ёшларини тиёлмай, деворга қараб олди. Домла эса шогирдининг бошини силади...

Шу пайт хонага ҳамшира кириб келди.

— Илтимос, — деди у меҳмонлардан узр сўраган кўйи, — шоир акамиз чарчаб қолдилар. Муолажа вақти ҳам бўлиб қолди. Кейинроқ келарсизлар...

Тилакжон «Соғ бўлинглар», дегандек қўлини силкитди. Ташқарига йўналдик. Муҳаммаджон йиғлаб юборди: «Бечора Тилак Жўра-я! Наҳотки, шундай одам, шундай шоир ўлиб кетаверса...»

Машинага чиқдик. Сайёт қишлоғига бориб, Тилак Жўранинг онаси — Ашур момони кўрдик. Ундан кўнгил сўраб, дуосини олдик.

Тушдан сўнг Ғайбулла ­Саломов домла иши кўплиги учун самолётда Тошкентга йўл олди, Муҳаммаджон эса Бухорода қолди.

Иккинчи куни зиёратни давом эттирдик. Муҳаммаджонни Абу Ҳафс Кабир Бухорий, Хожа Муҳаммад Бобо Самосий, Хожа Баҳоуддин ­Нақшбанд каби буюкларнинг мақбарасига олиб бордим. Тиловатлар қилдик. Улардаги кўҳна қудуқлардан, зилол чашмалардан сув ичдик...

Дарҳақиқат, Бухоро — буюк Ҳикмат! Муҳаммад Юсуф айтганидек, «Бухоро йиғлаб қўшиқ айтаётган улуғ Ҳофиз. Унинг қўшиғини барча тинглайди, унинг товуши етиб бормаган ер йўқ...» Ҳа, худди шундай!

Муҳаммаджон яна айтади: «Қадим Бухоронинг оҳулари қайга кетиб қолди? Дарёлар қурийди. Тоғлар чўкади. Китоблар ёнади. Дун­ёда фақат саволларгина абадий. Саволлар кийиксўқмоққа элтувчи йўл­дир. Кўксингда саволинг бўлмаса, дунёга нега келдинг, Инсон!?»

...Яхши кишилар, элим деб, юртим деб яшаган зотлар асло ўлмайдилар! Муҳаммад Юсуф ана шундай инсон эди! Халқ учун, Ватан учун ёниб ёзарди, Истиқлолни завқ-­шавққа тўлиб мадҳ этарди. Унинг «Ўзингдан қўймасин, ­халқим!», «Ҳеч кимга бермаймиз сени, Ўзбекистон!», «Халқ бўл, элим!» каби ўлмас сатрлари халқимиз қалбидан жой олди! Ҳа, ­Муҳаммад Юсуф доимо тирик! У бетакрор шеърларида, қўшиқларида яшайверади!

Тошпўлат АҲМАД,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими.




DB query error.
Please try later.