Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
01.04.2014

САЙЛОВЧИЛАР БИЛАН УЧРАШУВЛАРДАН СЎНГ:

натижалар, таҳлил ва хулосалар

Маълумки, куни кеча Олий ­Мажлис Қонунчилик палатаси Президентимиз томонидан ­қонунчилик ташаббуси тартибида ­киритилган, давлат ­бошқарувини амалга ошириш механизмларини такомиллаштириш

бўйича Конституциямизга ­тегишли ўзгартиш ва қўшимчаларни назарда тутадиган муҳим қонунни қабул қилди.

Мазкур ўзгартиш ва қўшимчаларнинг ҳаётга жорий этилиши фуқароларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ошиши, сиёсий партияларнинг мамлакатимиз тақдири ва келажаги учун улкан масъулиятни ўз зиммасига олишга тайёр бўлишини талаб этади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси ўз йиғилишида сайлов округларида бўлган учрашувларнинг натижаларини муҳокама қилаётганда бу масалага алоҳида эътибор қаратди. Хўш, фракция аъзолари сайловчилар билан ўтказган юзма-юз мулоқотлар қай даражада самарали бўлди? Жамоатчилик, депутатлар асосан қайси масалаларга эътибор қаратди? Фракциянинг учрашувлардан кейинги хулосалари қандай?

Назира МАТЁҚУБОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси (1-Нукус сайлов округи):

— Ўтказилган суҳбатлар давомида Дав­латимиз раҳбарининг Конституциямизга ўз­гартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қонунчилик ташаббуси, унинг демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш­даги ўрни бўйича атрофлича маълумотлар берилди.

Аҳоли вакиллари Конституциямизга жамоат­чилик назорати институти ҳақида ҳуқуқий меъёр киритилиши, шунингдек, парламент назорати асосларининг кучайтирилиши ҳам­да маҳаллий ижро ҳокимиятининг халқ вакиллари бўлмиш депутатлар олдида ҳисобдорлиги ошишини қўллаб-қувватлади.

Дилбар ХОЛИҚОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси (47-Чортоқ сайлов округи):

— Аксарият учрашувларда аҳоли вакиллари қабул қилинган қонунлар, парламентда муҳокама этилаётган қонунлар лойиҳалари, уларнинг аҳамияти билан қизиқишди. Бундай ижтимоий-сиёсий фаоллик жамиятда қонун устуворлиги кучайиши, одамлар фуқаролик позициясини эркин намоён этишида ҳал қилувчи омил ҳисобланади.

Учрашувларда сайловчиларнинг ўзлари сўзга чиқиб, қонунчилик ислоҳотлари тўғрисида фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Хусусан, «Экологик назорат тўғрисида»ги, «Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги қонунлар одамлар кундалик ҳаётда дуч келаётган масалаларга ҳуқуқий ечим берганини таъкидлашди. Қонунчилик палатаси қабул қилган «Давлат ҳо­кимияти ва бошқаруви органлари фао­лиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонун, унда назарда тутилган ҳуқуқий масалалар юзасидан батафсил маълумотлар сўрашди.

Кишини қувонтирадигани «Соғлом бола йили» муносабати билан қабул қилинган Давлат дастурида белгиланган чоралардан аҳоли яхши хабардор. Соғлом болани вояга етказиш учун зарур шароитни яратиб беришга қаратилган кенг кўламли ишлардан мамнун.

Аҳад АҲМЕДОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси (33-Қизилтепа сайлов округи):

— Фракциямиз аъзолари мустақиллик йилларида мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлардан кўзланган мақ­сад, ижтимоий-иқтисодий ҳаётдаги ўзгариш ва янгиликларнинг аҳамиятини кенг тушунтиришга алоҳида эътибор қаратишди.

Учрашувларда «2014 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури», парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолияти, қонунларнинг мазмун-моҳияти, муҳокама қилинаётган қонунлар лойиҳалари, қўмиталар ва фракция фаолияти ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Юзма-юз мулоқотлар қизғин савол-жавоблар билан ўтди. Сайловчилардан тушган 370 мурожаат жойларнинг ўзида ҳал этилди. Яна 231 мурожаат тегишли давлат идораларига юборилди ва назоратга олинди.

Ҳозир дунёнинг қатор ривожланган давлатлари молиявий-иқтисодий инқироз туфайли келиб чиққан ўткир ижтимоий муаммоларни бартараф этиш ҳақида жиддий бош қотиряпти. Айниқса, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш қисқариб, ишсизликнинг ортиб бориши нафақат одамларнинг турмуш тарзига, шу билан бирга ижтимоий барқарорликка катта хавф туғдираяпти.

Шундай шароитда тизимли чоралар кўриш, парламент даражасида иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дас­турини қабул қилиш орқали мамлакатимизда, энг аввало, ҳаётга катта умидлар билан кириб келаётган ёш­ларни ишга жойлаштиришга чуқур эътибор берилмоқда. Бу масалага давлат ва жамият олдидаги энг муҳим вазифалардан бири сифатида қаралмоқда. Шунинг учун ҳам депутатлар учрашувлар давомида коллеж битирувчиларини ўз мутахассисликларига мос иш билан таъминлаш аҳволини ўрганди.

Алишер СОДИҚОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси (76-Узун сайлов округи):

— Битирувчилар бандлигини таъминлаш бўйича барча ҳудудларда кенг кўламли ишлар олиб борилаётганининг гувоҳи бўлдик. Аммо, минг афсуски, жиддий чора-тадбирларга қарамасдан, битирувчиларни эгаллаган мутахассисликлари бўйича ишга жойлаштириш, айниқса, қишлоқ ёшларини ўз мустақил ишини очишга жалб этиш, шунга шароит яратиб бериш масалаларида ҳамон айрим камчиликлар учрамоқда.

Фракциямиз аъзолари бити­рувчиларнинг ишга жойлашгани тўғ­рисидаги маълумотлар ҳақ­қо­нийлигини ўрганганда, айрим жойларда битирувчилар ишга жойлашгани ҳақидаги маълумотлар нотўғрилиги маълум бўлди. Баъзи ҳу­дудларда халқ депу­татлари маҳаллий Кенгашларда­ги партиямиз гуруҳлари ёшларни иш билан таъминлаш, уларни қўл­лаб-қувватлаш маса­ла­сига етар­ли даражада эътибор қаратмаяпти.

Бундай кам­чилик ва муаммолар коллеж битирувчиларини эгаллаган му­тахассисликларига мос иш билан таъминлаш юзасидан тизимли чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга ошириш заруратга айланганини кўрсатмоқда.

Бу йил Бандлик дастури ижроси устидан парламент назоратини янада кучайтириш, айниқса, коллеж битирувчиларининг ишга жойлашишига жиддий эътибор қаратиш лозим. Мазкур масалада парламент эшитувини ўтказиш мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман.

Конституциямизга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Қонунчилик палатасида қабул қилинган қонун вилоят, туман ва шаҳар ҳокимининг тегишли халқ депутатлари Кенгаши олдида ҳисобдорлигини оширишни ҳам назарда тутади. Мазкур Конституциявий меъёр жорий этилиши, ҳаётий самаралар бериши кўп жиҳатдан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари фаолияти кучайишига боғлиқдир.

Фракция аъзолари сайлов округларида бўлиш билан бирга, ҳудудий партия ташкилотлари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳларининг йиғилишларида ҳам иштирок этиб, шу масалага эътибор қаратди.

Искандар АЗИЗОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси (55-Қорадарё сайлов округи):

— Ҳудудларни ижтимоий-иқ­тисодий ри­вожлантириш билан боғлиқ муҳим масалалар, энг аввало, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари­да чуқур муҳокама қилиниши керак. Бунинг учун ҳар бир партия гуруҳи жойлардаги муаммолар­ни ҳал қилиш бўйича ўз дастурий йўналишларидан келиб чиқиб, аниқ факт ва далилларга асосланган таклифлар бериши талаб этилади.

Халқ депутатлари маҳаллий Кен­гашларидаги партиямиз гуруҳларининг йиғилишларида ҳудудлардаги қатор ижтимоий масалалар муҳокама этилди. Муҳокамалар якунлари бўйича дастурий мақсадларимиз билан боғлиқ масалаларни партия гуруҳлари но­мидан маҳаллий Кенгашлар муҳокамасига киритишга қарор қи­линди.

Маҳаллий Кенгаш депутатлари ўзлари ўсиб-улғайган, меҳнат қилаётган ҳудуднинг шароитини, қайси йўналишларни ривожлантириш имкониятлари юқорилигини ҳаммадан яхшироқ билади. Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий тараққий эттириш масалалари халқ депутатлари томонидан муҳокама қилиниши лойиҳа ва дастурларнинг ҳар томонлама пишиқ-пухта бўлишида ҳаётий аҳамият касб этади.

ЎзХДП фракцияси сайловчилар билан ўтказилган учрашувларнинг натижаларини ҳар томонлама ўрганиб, таҳлил қилди. Фракциянинг келгуси фаолият йўналишлари белгилаб олинди.

Хусусан, коллеж битирувчиларини эгаллаган мутахассисликларига мувофиқ иш билан таъминлаш чора-тадбирларининг самарадорлигини ошириш мақсадида Қонунчилик палатасига парламент эшитуви ўтказиш масаласини киритишга қарор қилинди. Фракциянинг ишчи гуруҳи тузилиб, унинг зиммасига тегишли вазифалар юклатилди.

Фракция аъзолари, шунингдек, қонунчилик ташаббуслари билан чиқиш, давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларига сўровлар юбориш, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳларига амалий ёрдам кўрсатиш бўйича иш олиб борадиган бўлди.

Бугун сиёсий партиялар зиммасига мамлакатимиз тақдири ва келажагини белгилашдек улкан масъулият қўйилмоқда. Бундай ишончни оқлаш эса кўп жиҳатдан сиёсий партияларнинг парламентдаги фракциялари фаолиятига боғлиқдир.

Тўлқин ТЎРАХОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.