01.04.2014

ДЕКЛАРАЦИЯ ТАҚДИМ ЭТМАСЛИК

жарима қўлланилишига сабаб бўлади

Давлат солиқ қўмитаси томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида жисмоний шахслар томонидан жами йиллик даромадлари ҳақида декларацияни тақдим этиш тартиблари, муддати ва солиқларни ҳисоблашнинг ўзига хос хусусиятлари ҳамда жорий йилдан бошлаб бу борада солиқ қонунчилигига киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси резидентларининг Солиқ кодексининг 189-моддасида қайд этилган даромадларига декларация асосида солиқ солинади. Бундай даромадларга мулкий даромадлар, агар бу даромадларга тўлов манбаида солиқ солинмаган бўлса, жисмоний шахсларнинг фан, адабиёт ва санъат асарларини яратганлик ҳамда улардан фойдаланганлик учун муаллифлик ҳақи тариқасида олган даромадлари, асосий бўлмаган иш жойидан олинган моддий наф тарзидаги даромадлари, икки ёки ундан кўп манбадан олинган солиқ солинадиган даромадлари, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқаридаги манбалардан олинган даромадлари, солиқ агент­лари бўлмаган манбалардан олинган даромадлари киради.

Жисмоний шахслар ушбу даромадлари бўйича жами йиллик декларацияни доимий яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органига ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай тақдим этиши лозим. Агар жисмоний шахс­нинг асосий бўлмаган иш жойидан олган даромадидан унинг аризасига кўра, солиқ энг юқори ставка асосида ушлаб қолинган бўлса, декларация тақдим этилмайди.

Мол-мулкини ижарага бериш орқали даромад олаётган жисмоний шахслар томонидан ижарадан даромадлар пайдо бўлган кундан эътиборан биринчи ой тугаганидан кейин беш кунлик муддатда дастлабки декларация ҳамда ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелигача доимий яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органига жами йиллик даромадлари тўғрисида декларация топшириши керак. Агар мол-мулк­ни ижарага беришдан даромад олиш тугаса, бу ҳақда доимий яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органини ёзма равишда хабардор қилиш лозим.

Жисмоний шахслар даромадлари тўғрисидаги декларация асосида ҳисоблаб чиқарилган даромад солиғини ўтган солиқ давридан кейинги йилнинг 1 июнидан кечиктирмай тўлашлари лозим.

Даромадлари тўғрисида декларация тақдим этмаган, ўз вақтида тақдим этмаган ёки унда атайин нотўғ­ри маълумотларни кўрсатган ҳолда тақдим этган фуқароларга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 174-моддаси учинчи қисмида энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима қўлланиши белгилаб қўйилган.

Соҳага оид янгиликлардан яна бири шуки, жисмоний шахслар томонидан турар-жойни бир йил ичида бир мартадан ортиқ реализация қилиш, яъни сотишдан олинадиган даромадларига ҳам эндиликда солиқ солинади. Декларацияни доимий яшаш жойидаги давлат солиқ хизмати органига шахсан бориб топшириш, почта орқали буюртма хат шаклида, шунингдек, электрон шаклда тақдим этиш мумкин.

Тадбир сўнггида қўмитанинг масъул ходимлари мавзу юзасидан журналистларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берди.

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.