29.03.2014

ЭЛЕКТОРАТ МАНФААТИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШНИ

янги босқичга кўтариш лозим

Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашининг навбатдаги пленуми бўлиб ўтди. Пленумда асосий эътибор мамлакатимиз Президентининг Конституциямиз қабул қилинганининг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимда сиёсий партиялар фаолиятини кучайтириш юзасидан билдирган фикрларидан келиб чиқадиган вазифалар ва электорат манфаатини ҳимоя қилишни янги босқичга кўтариш масалаларига қаратилди.

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон Кетмонов бу ҳақда маъруза қилар экан, бугунги кунда партия ташкилотлари, депутатлик тузилмалари олдида турган энг муҳим устувор вазифалар ҳақида тўхталди.

Партия етакчиси таъкидладики, давлатимиз раҳбари маърузасида мамлакатимизда олиб борилаётган Конституциявий ислоҳотларни сезиларли даражада чуқурлаштириш, Олий Мажлиснинг ҳуқуқлари ҳамда ваколатларини янада кенгайтириш, Вазирлар Маҳкамасининг, умуман, ижро ҳокимиятининг жавобгарлигини, жамоатчилик ва парламент назоратини кучайтиришга доир долзарб ғоялар илгари сурилди. Хусусан, ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий тараққиётнинг аниқ устувор йўналишларини белгилаб олишда сиёсий партияларнинг ролини кескин ошириш, мамлакатимизни ислоҳ этиш ва модернизация қилиш бўйича стратегик вазифаларни ҳал этишда уларнинг иштирокини кенгайтириш демократик ислоҳотларни изчил амалга оширишнинг энг муҳим омилига айланмоғи кераклиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.

— Ҳозирги кунда парламентда кўриб чиқилаётган Ўзбе­кис­тон Республикасининг Конс­титуциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича янги қонунчилик ташаббуси Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси асосида амалга оширилаётган ўзгаришларнинг узвий давоми бўлмоқда, — деди ­Ҳотамжон Кетмонов. — Шунинг­дек, сиёсий партиялар ўз электорати манфаатини вакиллик ҳокимиятида самарали ҳимоя қилиши учун ҳуқуқий асослар янада мустаҳкамланмоқда.

Бу ҳар бир партия ташкилоти ҳамда барча даражадаги депутатлик тузилмаларининг партия Сай­ловолди дастурини амалга ошириш, ислоҳотларнинг ижтимоий самарасини таъминлаш борасидаги масъулиятини жиддий равишда кучайтиришни талаб этади.

Кучли ва манзилли ижтимоий сиёсат тарафдори бўлиб келаётган Ўзбекистон Халқ демократик пар­тия­си, деди маърузачи, «Соғ­лом бола йили» Давлат дастури соғлом бола туғилиши, ривожланиши билан боғлиқ қонунчиликни янада ривожлантириш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, аёлларнинг кундалик юмушларини енгиллаштириш, юртимизни янада обод қилиш, халқимиз турмушини фаровонлаштиришда катта аҳамиятга эга бўлади, деб ҳисоблайди. Бу йўналишда амалга оширилаётган ишлар, ижтимоий йўналтирилган сиёсатнинг ҳаётга изчил татбиқ этилаётгани партиямиз дастурий мақсадлари рўёбга чиқишида муҳим ўрин тутади.

Демак, ваколатларимиз доирасида ушбу дастурнинг ижросини назорат қилиш ҳамда унда белгиланган қонун ижодкорлиги жараёнида фаол иштирок этиш Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямиз, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги гуруҳларимиз ва барча ташкилотларимиз зиммасига катта масъулият юклайди.

Бугунги ислоҳотлар ва тараққиётнинг ҳозирги бос­қичи қўяётган талаблар фаолиятимизни яна бир бор таҳлилий ўрганиб, партиянинг жамиятдаги ўрни ва ролини кучайтириш, мамлакат ҳаё­тидаги турли ижтимоий-сиёсий масалалар юзасидан аниқ позициясини шакллантириб бориш лозимлигини кўрсатмоқда. Бу борада, айниқса, пар­тия фаоллари ва депутатлар олдида электорат манфаатларини тизимли равишда ўрганиб, таҳлил этиб бориш ҳамда ҳимоя қилиш билан боғлиқ ўта муҳим вазифалар турибди.

Мамлакатни модернизация қилиш ва жаҳоннинг ривожланган мамлакатлари даражасига олиб чиқишнинг узоқ муддатли стратегиясини амалга оширишнинг ҳозирги босқичида ислоҳотларнинг ижтимоий йўналтирилганлигини кучайтириш асосий устувор масалалардан биридир. Шуни инобатга олиб, қонунлар, Президент қарор ва фармонлари, ижтимоий йўналтирилган дас­турлар ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси устидан назоратни кучайтиришимиз даркор.

Шу муносабат билан Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси ва маҳаллий Кенгашлардаги гуруҳларимизнинг назорат-таҳлил фаолиятининг аҳамияти ошиб боради. Парламент ва депутатлик назорати ҳамда уни тўлдирадиган жамоатчилик назорати аниқ натижаларга йўналтирилган бўлиши лозим. Ушбу масалаларда бизнинг маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларимиз, фракциямиз орқали депутатлик, парламент сўрови билан мурожаат қилиш ва жойлардаги муайян масалалар юзасидан доимий комиссия ҳамда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари сессиялари, Қонунчилик палатаси ялпи мажлислари кун тартибига эшитув тўғрисида мунтазам таклифлар киритиш ишларини фаоллаштириш талаб этилади.

Шунингдек, тарғибот тадбирларини янада жонлантириш бугуннинг муҳим вазифаларидан биридир, деди Ҳ.Кетмонов. Бунда электоратимизга нафақат партия дастурий ғояларини, балки депутатлик гуруҳларимиз амалда уларнинг манфаатларини ҳи­моя қи­лиш учун қандай ташаббусларни кўтариб чиқаётганига эътибор қаратиш партия фаолияти самараси ошишининг муҳим омилига айланмоқда. Айни пайтда электоратга фақат Ўзбекс­тон ХДП турли ижтимоий-сиёсий масалалар юзасидан қандай позиция­да турганини тушунтириш билан чегараланмасдан, бизнинг позициямиз бошқа сиёсий партиялар нуқтаи назаридан нимаси билан фарқ қилишини ҳам аниқ-равшан ёритиб беришимиз керак.

Сайловолди дастурида илгари сурилган ғояларни қонунларда акс эттирадиган асосий куч бу партиянинг парламентдаги фракциясидир. Кўп ҳолларда фракция фаолиятига қараб, бутун партияга баҳо берилади. Шу сабабли фракция ишини янада кучайтириш партия учун стратегик аҳамиятга эгадир.

ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари Улуғбек Вафоев фракция фаолиятига таҳлилий-танқидий ёндашиб, бугунги долзарб масалаларга эътибор қаратди:

— 2013 йилда фракция аъзоларининг қонун ижодкорлиги, қонунлар ижроси юзасидан парламент назорати, сайлов округларида ишлаш, қабул қилинаётган қонунлар бўйича аҳоли ўртасида ахборот-тушунтириш ишларини олиб бориш йўналишларидаги фаолиятини янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратдик, — деди у. — Фракциямиз томонидан партиянинг дастурий мақсадлари ва электорати манфаатларидан келиб чиққан ҳолда Қонунчилик палатасида муҳокама этилаётган қонунлар лойиҳалари юзасидан аниқ таклифлар тақдим этилди.

Мисол учун, Вазирлар Маҳкамаси томонидан киритилган «Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғ­рисида»ги қонун лойиҳаси муҳокамаси жараёнида ундаги айрим нормаларнинг электоратимиз манфаатларига тўлиқ жавоб бермаслиги сабабли депутатларимиз қонун лойиҳасининг муқобил таҳририни ишлаб чиқди ва масъул қўмитага тақдим этди. Аксарият таклифларимиз Қонунда ўз ифодасини топди.

Барча қонунлар лойиҳаларида электорат манфаатларини ифода этиш мақсадида улар ХДП Марказий Кенгаши ҳамда маҳаллий партия кенгашлари, фаоллар иштирокида кенг муҳокама қилинмоқда. Ўтган давр мобайнида фракциямиз аъзолари партиянинг Марказий Кенгаши билан биргаликда электоратни ўйлантираётган муаммоларни ўрганиш ва уларнинг ечимини топиш ҳамда мавжуд қонунларни такомиллаштириш масалаларига бағишланган 120 га яқин тадбирда иштирок этди.

Фракциямиз фаолиятининг муҳим йўналиши, бу назорат-таҳлилдир. Бизнинг ташаббусимиз билан 2013 йил 25 сентябрда Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида Меҳнат ва аҳолини ижтимоий му­ҳофаза қилиш вазири А.Ҳаитовнинг касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини мутахассисликлари бўйича ишга жойлаштириш масаласи юзасидан ахбороти эшитилди.

Эшитувдан олдин бу масала депутатлар томонидан жойларда ўрганиб чиқилди. Шу жараёнда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлашда қатор муаммолар борлиги аниқланди. Жумладан, битирувчиларни ишга жойлаштириш бўйича тақдим этилаётган маълумотларда ҳанузгача нотўғри ахборотлар учраб тургани маълум бўлди. Мамлакатимизда ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишларни таҳлил этиб, фракция аъзолари касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлашни янада такомиллаштириш бўйича аниқ таклифлар билдирди.

Қонунчилик палатаси Регламентининг 62-моддасига мувофиқ, 2013 йил февраль, май ва декабрь ойларида фракциямиз аъзолари сайловчилар билан 560 дан ортиқ учрашув ўтказди. Уларда 62 минг нафардан зиёд фуқаро иштирок этди.

Учрашувларимиз давомида 1400 дан ортиқ мурожаат ҳал этилди ва 350 дан ортиғи маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, 148 мурожаат тааллуқли республика ташкилотларига юборилиб, назоратга олинди.

Фракция 2013 йилда кўпгина ишларни амалга оширганига қарамай, ҳали фойдаланилмаётган имкониятлар оз эмаслигини яхши англаймиз.

Биринчидан, фракция аъзоларининг қонун лойиҳалари устида олиб бораётган ишларини фаоллаштириш, уларни электорат ўртасида муҳокама қилиш амалиётини такомиллаштириш керак.

Иккинчидан, фракция томонидан парламент назоратини кучайтириш учун партиянинг ташкилий салоҳиятидан самарали фойдаланиш, парламент эшитувига фракция ташаббуси билан олиб кирилаётган масалалар, аввало, партиянинг қуйи бўғинлари, туман, шаҳар, вилоят Кенгашларидаги депутатлик гуруҳларида, доимий комиссиялар мажлисларида, сессияларда муҳокама қилишни тизимли равишда йўлга қўйиш керак.

Шунингдек, фракция аъзоларининг сайлов округларидаги фаолияти самарадорлигини янада ошириш зарур. Чунки, халқ­чил қонунлар қабул қилиш, электоратни ўйлантирадиган муаммоларни парламентда муҳокама қилиш учун депутат ўз сайловчилари билан доимий алоқада бўлиб туриши шарт. Бундай мулоқотлар биринчи навбатда депутатнинг ўзига, сиёсий партия­га керак. Чунки, айнан, мана шун­дай мулоқотлар орқали депутат ўзига вазифа белгилаб олади, сиё­сий пар­тия ўз дастурига тегишли аниқликлар киритиб боради.

Мамлакатимизда ижро ҳокимияти фаолияти, қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилиши устидан парламент назоратини ташкил этиш юзасидан қонунчилик базаси тобора мустаҳкамланмоқда. Шунингдек, бу йўналишда фракция ва маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари билан ҳамкорликни тизимли йўлга қўйишга катта эътибор қаратилаяпти. Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Назира Матякубова ушбу масалалар ҳақида сўз юритди:

— Ижро этувчи ҳокимият устидан парламент ва жамоатчилик назоратини таъминлаш демократик ислоҳотларнинг ҳозирги босқичида муҳим аҳамиятга эгадир. Айтиш керакки, бугунги кунда мамлакатимизда парламент ва депутатлик назоратининг ҳуқуқий асослари 10 дан ортиқ қонун билан мустаҳкамланган.

Конституциямизга давлат ҳокимияти ва бошқарувини янада демократлаштиришга қаратилган муҳим ўзгартиш ва қўшимчалар киритилаётгани бу соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга кўтармоқда. Бош вазир лавозимига номзодни кўриб чиқиш ва тасдиқлаш жараёнида парламент назоратини кучайтириш, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликларининг тегишли халқ депутатлари Кенгашларига ҳисобдорлиги механизмини такомиллаштириш марказда фракция, жойларда эса маҳаллий Кенгашлар ва партия гуруҳларининг ижро ҳокимияти устидан назорат фаолиятини янада жонлантиришга хизмат қилади.

Яратилган бундай ҳу­қуқий асос ва шарт-шароитлар натижасида парламент қуйи палатасининг назорат-таҳлил фаолиятида фракциямизнинг ташаббускорлиги кучайиши керак. Тажриба кўрсатмоқдаки, бу йўналишда фракция ва маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари ҳамкорлиги самарали усуллардан биридир. Чунки, қонунлар ижросининг назорати, аввало, қуйидан бошланиши лозим. Партиянинг қуйи бўғинлари ва маҳаллий Кенгашлардаги гуруҳлари жойлардаги қонун бузилиши ҳамда уларнинг ижросидаги тўсиқларнинг келиб чиқиш сабабларини яхши билади. Шу боис қонунлар самарали ишлаши юзасидан аниқ таклиф ва тавсиялар бера олади. Бу ўз навбатида фракциянинг, депутатлик гуруҳларининг назорат фаолиятига асос бўлиб хизмат қилади.

Минтақавий партия ташкилотлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари ишини кучайтириш дас­турий мақсад ва ғояларимизни амалга оширишда муҳим аҳамиятга эга. Чунки, маҳаллий даражада электорат манфаати қанчалик самарали ҳимоя қилиниши улар фаолияти билан чамбарчас боғлиқ. ЎзХДП Андижон вилоят кенгаши раиси Абдулҳамид Нурматов шу масалалар ҳақида мулоҳаза билдирди:

— Сўнгги йилларда Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, замонавий маиший хизмат кўрсатиш марказлари барпо этиш орқали аҳоли, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш борасида кўплаб ижобий натижаларга эришилмоқда. Бу ютуқларда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳларимизнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор, албатта.

Бу йўналишдаги ишларни янада жонлантириш мақсадида жорий йилнинг 14 февраль куни вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳларимизнинг қўшма йиғилишида 180 нафар депутатимизга жойларда ислоҳотлар самарадорлигини оширишга тўсиқ бўлаётган камчилик ва нуқсонларни аниқлаш, бартараф этиш юзасидан аниқ тавсиялар берилди. Ислоҳотлар жараёни, давр қўяётган талаблар партия ташкилотлари ва депутатларимиз ўз ишига танқидий ёндашиши, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида янги ташаббуслар билан чиқишини тақозо этмоқда.

Партия тизимида хотин-қизларнинг сиёсий-ҳуқуқий фаоллигини ошириш, жамият ҳаётидаги иштирокини кенгайтириш, уларни иш билан таъминлаш масаласи ҳар доим эътибор марказида бўлган. Бу йўналишдаги ишларни янада кучайтириш эса партиянинг дастурий мақсадларини амалга оширишда катта аҳамиятга эга. Пленумда сўзга чиққан Юнусобод туман ҳокими ўринбосари — туман хотин-қизлар қўмитаси раиси, ЎзХДП Марказий Кенгаши аъзоси Наргиза Кузиева шу хусусда тўхталди: — Хотин-қизлар оила ва жамиятда муносиб ўрин топишига кўмаклашиш борасида «Фаол аёллар» қаноти зиммасига катта вазифалар қўйилган. Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг манфаатларига оид масалаларни изчил ўрганиб, бандлигини таъминлаш юзасидан муқобил таклифларни бериб бориш талаб этилади.

«Соғлом бола йили» Давлат дастурида белгиланган вазифаларни самарали бажаришда ҳамкор ташкилотлар билан куч ва имкониятларимизни бирлаштириб, аввало, хотин-қизлар учун янги иш ўринлари ташкил этиш, уларнинг манзилли ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, ижтимоий-сиёсий жиҳатдан фаол аёллар сафини кенгайтиришга жиддий эътибор қаратиш лозим.

Мазкур йўналишда Хотин-қизлар қўмитаси, «Оила» илмий-амалий маркази, ФҲДЁ бўлимлари билан ҳамкорликда «Эрта никоҳнинг салбий оқибатлари», «Оила мустаҳкамлиги — юрт тинчлиги», «Она — оиланинг ахлоқий-маънавий кўзгуси», «Соғ­лом она — соғлом бола» каби қатор мавзуларда учрашувларни изчил йўлга қўйиш лозим.

Жорий йилда ҳам «Фаол аёллар» қаноти ижтимоий-иқтисодий, сиёсий соҳаларда хотин-қизларнинг фаол иштирокини таъминлаш, турли ташкилотлар билан ижтимоий шерикликни йўл­га қўйиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларнинг ҳуқуқларини таъминлаш ишларини ривожлантириши зарур.

Партия дастурий мақсадларини амалга оширишда ёш­ларнинг ташаббускорлиги, ижтимоий-сиёсий фаоллиги муҳим аҳамиятга эга. ЎзХДП Марказий Кенгаши «Ис­тиқбол» ёшлар қаноти маркази раҳбари Шоҳруҳмирзо ­Абдураҳмонов шулар ҳақида ­фикрларини билдирди:

— Ёшларнинг ижтимоий-сиёсий ва ҳуқуқий саводхонлигини юксалтириш, истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш, партиянинг Сайлов­олди ҳамда Ҳаракат дастурида белгиланган вазифаларни амалга татбиқ этишда «Истиқбол» ёшлар қаноти ҳам муносиб иштирок этмоқда.

Айниқса, қанот томонидан ташкил этилаётган «Ёш сиёсатчи» кўрик-танлови бу борада муҳим ўрин тутаяпти. Бугун ёшлар орасида танловнинг нуфузи тобора юксалиб бораяпти. Ўтган йилларда танловга тақдим этилган лойиҳалар асосида 600 га яқин янги иш ўрни ташкил этилди. «Ёш сиёсатчи»да иштирок этган энг иқтидорли ёшлар айни пайтда вилоят, туман ва шаҳар партия ташкилотлари фаолларига айланишди.

«Истиқбол» ёшлар қанотининг 2014 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар режасида белгиланган вазифаларнинг амалга ошиши партиямиз сафида сиёсий-ҳуқуқий билимдон, ташкилотчи ёшлар кўпайишига хизмат қилади.

Пленум бугунги кунда партия ҳаётидаги энг долзарб масалаларни атрофлича муҳокама этди. Унда кўтарилган масалалар, илгари сурилган ғоялар қай даражада амалга ошиши партия ташкилотларининг ҳар бир ходими, ҳар бир фаоли, ҳар бир депутатининг масъулияти, ўз вазифасига жонкуярлигига боғлиқ. Анжуман якунида ана шу фикрлар алоҳида таъкидланди.

Бекзод ШУКУРОВ,

Нурали ОРИПОВ.



DB query error.
Please try later.