27.03.2014

ЮҚОРИДАН ҚУЙИГА ЭМАС, ҚУЙИДАН ЮҚОРИГА

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши томонидан Чирчиқ шаҳрида ташкил этилган амалий семинар янгича ёндашувлар асосида ўтказилди

ЎзХДП тизимида электорат билан ишлашнинг янги усулларидан фойдаланиш, намунали партия ташкилотлари ишини оммалаштириш, тажрибасини кенг тарғиб қилиш, шу асосда минтақавий ташкилотлар ва партия гуруҳлари ишини янада ­кучайтириш масаласига жиддий ­эътибор қаратилмоқда. Партия ­Марказий Кенгаши ташаббуси билан ­Чирчиқ шаҳрида ўтказилган семинар ҳам ана шу долзарб масалаларга бағишланди.

Марказий Кенгаш масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, Қорақалпоғистон Республика, вилоятлар ва Тошкент шаҳар партия кенгашлари раислари, партия гуруҳлари раҳбари иштирокида ўтган тадбир ноанъанавий тарз­да ташкил этилди. Семинар бошланишидан олдин унинг иштирокчилари Чирчиқ шаҳар кенгашидаги бошланғич партия ташкилоти, «Фаол аёллар» қаноти, «Истиқбол» ёшлар қаноти, партия гуруҳи фаолияти билан батафсил танишди.

Чирчиқ шаҳридаги биринчи маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган ҳудудий бош­лан­ғич партия ташкилоти иш тажрибаси кўпчиликда қизиқиш уйғотди. Бошланғич партия ташкилоти ахборот-маърифат бурчаги юздан ортиқ сиёсий-ҳуқуқий адабиётлар, услубий қўлланмалар билан таъминланган. Шунингдек, фуқароларни қабул қилиш хонаси ҳам пар­тия­нинг ғоя ва мақсадларини ифодалайдиган кўргазмали қуроллар билан жиҳозланган. Бу фуқароларнинг партияга бўлган қизиқишини кучайтиришда муҳим аҳамиятга эга восита ҳисобланади.

— Сиёсий партиянинг бош бўғини бошланғич ташкилотлардир, — дейди  биринчи маҳалла фуқаролар йиғини раиси, ҳудудий бошланғич партия ташкилоти етакчиси Маҳмуд Мирзаев. — Айни пайтда бошланғич ташкилотимизга 40 нафарга яқин партия аъзоси бирлашган. Уларнинг сиёсий-ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик янгиланишлар мазмун-моҳияти билан чуқур таништириш, партия дастурий мақсадларини рўёбга чиқаришда бошланғич ташкилотнинг ўрни ҳақида кенг тушунча бериб бораяпмиз.

Бугунги кунда ЎзХДП Чирчиқ шаҳар кенгашида 77 бошланғич ташкилот бўлиб, уларнинг 42 таси ҳудудий партия ташкилотларидир. Мазкур бошланғич ташкилотлар электорат муаммоларини ўрганиб, таклифларини юқори партия ташкилотлари ва депутатларга етказмоқда. Шунингдек, бошланғич партия ташкилотларида ҳар ойнинг охирги шанба куни етакчилар учун ўқув-семинарлар ўтказиб келинмоқда.

Ўқув-семинарнинг асосий қисми ЎзХДП Чирчиқ шаҳар кенгашида ўтказилди. Унда халқ депутатлари Чирчиқ шаҳар Кенгашидаги партия гуруҳининг ўтган йилда электорат манфаатларини таъминлаш, партия дастурий мақсадларини амалга оширишга қаратилган фаолияти таҳлил этилди.

Халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳининг «Соғлом бола йили» Давлат дастурида белгиланган вазифаларни амалга ошириш устидан жамоатчилик ва депутатлик назоратини ўрнатиш борасидаги ишлари кўриб чиқилди.

2013 йилда халқ депутатлари Чирчиқ шаҳар Кенгашидаги партия гуруҳи томонидан иккита масала сессия муҳокамасига олиб чиқилди. Шунинг­дек, давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органларига турли масалалар юзасидан 18 марта депутатлик сўровлари юборилди. Уларнинг аксарият қисми ўзининг ижобий ечимини топди.

— 2013 йилнинг 25 май куни халқ депутатлари Чирчиқ шаҳар Кенгаши сессиясида партия гуруҳимиз ташаббуси билан «Ўрта махсус таълим муассасалари битирувчилари билан уч томонлама шартнома тузиш ҳолати ва уларнинг ижросини таъминлаш тўғрисида»ги масала муҳокама этилди, — дейди ЎзХДП Чирчиқ шаҳар кенгаши раиси, халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари Дониёр Азизхўжаев. — Бунгача биз мазкур масалани ўрганиш учун ишчи гуруҳи ташкил этиб, уларнинг таҳлилларини партия гуруҳимиз йиғилишида кўриб чиққан эдик. Шундан сўнг масалани халқ депутатлари Чирчиқ шаҳар Кенгашининг Ижтимоий-маданий ривожлантириш ҳамда ёшлар сиёсати ва соғлом авлод масалалари бўйича доимий комиссияси мажлисида атрофлича таҳлил этдик. Айни кунда мазкур сессия қарори ижроси юзасидан тизимли назорат ўрнатганмиз. Жорий йилда ушбу қарорнинг ижро этилиши масаласини сессияга олиб чиқишни режалаштирганмиз.

Муҳокамалар чоғида халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатларининг назорат функция­ларини мустаҳкамлаш, шунинг­дек, партия гуруҳларининг минтақаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасидаги фаолияти, давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органларининг давлат дас­турлари тизимли бажарилиши юзасидан изчил жамоатчилик назоратини олиб бориш масалаларига доир қатор таклифлар берилди.

ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши бўлим мудири Зулфия Зокирова «Соғлом бола йили» Давлат дастурининг самарали бажарилишида халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳлари олдида турган вазифаларга тўх­талди.

— Мазкур Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижроси кўп жиҳатдан ижтимоий йўналтирилган сиёсатнинг изчиллигини, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишилар манфаатларини таъминлашга хизмат қилади. Хусусан, Дастурга кўра, Тошкент вилоятида намунавий лойиҳалар асосида 1050 та уй-жой қурилиши белгиланган. Шунингдек, 192 ёш оилага уй-жой қуриш ва рўзғор буюмлари харид қилиш учун фоизсиз ссудалар берилади. Шундан келиб чиққан ҳолда, халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи томонидан Бўстонлиқ ва Зангиота туманларида уй-жой қуриш кўламини кенгайтириш, уларни сифатли барпо этиш борасида олиб борилаётган ишлар ўрганилади ҳамда халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Саноат, транспорт, қурилиш, коммунал хўжалиги масалалари ва аҳолига хизмат кўрсатиш бўйича доимий комиссияси йиғилишида муҳокама қилиш режалаштирилган.

Шунингдек, «Соғлом бола йили» Давлат дас­турида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлиқни сақлаш муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида белгиланган вазифалар ижросини ўрганиш кўзда тутилган. Шундан келиб чиқиб, Олмалиқ шаҳар, Оҳангарон, Зангиота, Қуйи Чирчиқ, Чиноз, Юқори Чирчиқ туманларида ушбу масалалар партия гуруҳлари, доимий комиссиялар ҳамда сессиялар муҳокамасига олиб чиқилиши белгиланган.

Бундан ташқари, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича Бекобод шаҳар, Оққўрғон, Бекобод, Бўка, Қибрай, Паркент, Пскент туманларида олиб борилаётган ишлар халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларидаги ЎзХДП гуруҳлари ва тегишли доимий комиссиялар қўшма йиғилишларида муҳокама этиш режалаштирилган. Айни кунларда ишчи гуруҳлари бу масалалар бўйича жойлардаги аҳволни ўрганишга киришди.

Ҳудудлардан келган партия етакчилари мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги ҳамда улар устидан жамоатчилик ва депутатлик назоратини кучайтиришга доир долзарб масалалар юзасидан ўзаро тажриба алмашди.

Бугунги семинарда ўрганган тажрибаларни келгусида қўллаш лозим, — дейди ЎзХДП Андижон вилоят кенгаши раиси Абдулҳамид Нурматов. — Айниқса, менга Чирчиқ шаҳар кенгашининг бошланғич партия ташкилотлари билан ишлаш услуби маъқул келди. Суҳбат жараёнида бошланғич партия ташкилоти етакчиси ҳам ўзининг ҳар томонлама чуқур сиёсий-ҳуқуқий билимга эга эканлигини кўрсатди. Ўзи амалга ошираётган янги ғоялар ҳақида фикр юритди. Тан олиш керак, бу борада ўрганишимиз зарур бўлган жиҳатлар кўп экан. Ўйлайманки, ушбу семинардан кўзланган бош мақсад ҳам тажриба алмашиш, иш ўрганиш, шу орқали зиммамизда турган долзарб масалаларни ҳал этишга эришишдир.

— «Соғлом бола йили» Давлат дастури ижросида Тошкент вилоят, туман, шаҳар кенгашлари ва партия гуруҳлари томонидан кенг кўламли ишлар амалга оширилиши режалаштирилганига гувоҳ бўлдик, — дейди ЎзХДП Сирдарё вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари Алишер Тошматов. — Давлат дастури ижросини қатъий назорат қилишдаги бундай изчил ёндашув ўзининг ижобий натижасини беради. Ушбу тажрибани бизнинг партия ташкилотларида ҳам жорий этиш мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман. Бу жараёнда ҳам Давлат дастури аниқ ижро этилади, ҳам электорат манфаатларини таъминлаш йўлидаги ишларимиз самараси ортади.

Анжуманда, шунингдек, ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари Улуғбек Вафоев, ЎзХДП Марказий Кенгаши Аҳоли бандлиги ва ижти­моий сиёсат масалалари ­бўлими мудири Боймурод ­Юсупов, ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари ­Сирожиддин Аъзамов, халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи аъзоси, Ўзбекистон Қаҳрамони Олимжон Тўйчиев ва бош­қалар сўзга чиқиб, ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Нурали ОРИПОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.