25.03.2014

ИНСОН ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИ ҲИМОЯСИ ЯНАДА МУСТАҲКАМЛАНМОҚДА

Олий Мажлис Қонунчилик палата­сидаги ЎзХДП фракцияси ўзининг нав­батдаги йиғилишида иккита қонун ло­йиҳасини муҳокама қилди. Дастлаб, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун ло­йиҳаси кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳасида амалдаги қатор қонунларга ўз­гартиш ва қўшимчалар киритиш назарда тутилмоқда. Мазкур янгиликлар норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қа­бул қилиш, давлат рўйхати­дан ўтказиш, ҳуқуқий экспертизасини ташкил этиш, эълон қилиш ва кучга кириши билан боғлиқ масалаларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, умуман, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоя қи­линишини таъминлашга қа­ратилган. Яъни, бир нечта қо­нунлардаги тегишли меъёрлар «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқлаштирилаяпти.

Саттор РАҲМАТОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Қонун лойиҳасига асосан «Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонунга халқ депутатлари Кенгаши ва ҳокимнинг норматив тусдаги ҳужжатлари кучга кириши санасини аниқлаштиришга қаратилган меъёр киритиляпти. Унга кўра, бундай ҳужжатлар агар уларнинг ўзида кечроқ муддат кўрсатилган бўлмаса, расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кириши белгиланяпти.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс­ига қўшимча киритилмоқда. Маз­кур қўшим­ча вазирликлар, давлат қў­миталари ва идоралари томонидан норматив-ҳуқу­қий ҳужжатлар ноқонуний амалга киритилган тақдирда маъ­мурий жавобгарлик белгилашни назарда тутади.

Фракциямиз аъзолари мамлакатимизда барча соҳаларда изчил ислоҳотлар амалга оширилиб, инсон ҳу­қуқ ва эркинликларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини эътироф этади.

Маълумки, норматив-ҳуқу­қий ҳужжатлар тегишли ижтимоий муносабатларни ҳу­қуқий жиҳатдан тартибга солади. Улар қо­нуний ва ўзаро мувофиқ бўлиши муҳим масаладир. Қонун ло­йиҳасида кўзда тутилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириши билан бир қаторда, ЎзХДП Дастурида устувор ҳисобланган инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояси кафолати таъминланишига хизмат қилади.

Йиғилишда, шунингдек, «Ўз­бекистон Республика­сининг Хў­жалик процессуал кодексига қўшимчалар киритиш тўғри­сида»ги қо­нун лойиҳаси ҳам кў­риб чиқилди.

Мазкур қонун лойиҳаси хў­жалик судларида иш юритишни янада такомиллашти­риш, суд ҳимоясига бўлган ҳуқуқни янада кенгроқ таъминлаш, хўжалик юритувчи субъектларнинг вақтини ва маблағини тежашга, судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга хизмат қилади.

Алишер ТИЛЛАБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Қонун лойиҳасида белгиланаётган мазкур меъёрлар фуқаролар ўз конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини идрок этиши, уларни суд орқали ҳимоя қилиши кафолатларини янада мустаҳкамлаши билан аҳамиятлидир. Ушбу масалаларга партиямиз Дастурида алоҳида эътибор қаратилган. Шунинг учун фракциямиз мазкур қонун лойиҳасини қўллаб-қувватламоқда.

Гап шундаки, амалдаги хў­жалик процессуал қонун ҳужжатларида видеоконференция усулида суд мажлисини ўтказиш назарда тутилмаган. Хўжалик процес­суал кодексига кўра, ишларни кўриш тегишли суднинг биносида ўтказиладиган мажлисда амалга оширилади. Бундай тартиб иш кўрилаётган суддан бошқа ҳу­дудда жойлашган тарафлар учун, иш кассация инстанцияси (Олий хўжалик суди)да кўрилаётганда эса икка­ла тарафдан ҳам анча вақт ва маблағ талаб этади.

Қонун лойиҳасида вақт ва маблағни тежаш мақсадида шахсларнинг видеоконференция усулидаги мажлисда иштирок этиш ҳуқуқи белгиланмоқда. Шунингдек, видеоконференция орқали суд мажлисини ўтказишнинг айрим процессуал хусусиятлари мустаҳкамланмоқда. Масалан, видеоконференция усулидаги суд мажлиси у ёки бу тараф жойлашган жойдаги хўжалик суди кўмагида ўт­казилади. Хўжалик про­цессуал кодексига киритилаётган бу ўзгартишлардан, энг аввало, партиямиз электорати манфаатдор бўлади.

Шуни ҳам айтиш керакки, таклиф этилаётган қўшимчалар ишда иштирок этувчи шахсларнинг ҳамда хўжалик судлов ишларини юритувчи бошқа иштирокчиларнинг суд муҳокамасида бевосита қатнашиш ҳуқу­қини чекламайди.

Қонунлар лойиҳалари бў­йича билдирилган фикр-мулоҳазалардан келиб чиқиб, ЎзХДП фракциясининг позицияси белгилаб олинди ва масъул қўмита эътиборига ҳавола этилди.

Тўлқин ТЎРАХОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.