25.03.2014

ЭЛЕКТОРАТ БИЛАН БЕВОСИТА МУЛОҚОТ МУАММОЛАРНИ ЖОЙЛАРНИНГ ЎЗИДА ҲАЛ ЭТИШ ИМКОНИНИ БЕРАДИ

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан тизимли равишда ўтказиб келинаётган «Маҳалла — аҳолини манзилли ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази» лойиҳаси доирасидаги навбатдаги тадбир Тошкент вилоятининг Бўка туманида ўтказилди.

Тадбирда асосий эътибор «Соғлом бола йили» Давлат дас­турида белгиланган вази­фалар мазмун-моҳиятини кенг жамоатчилик орасида тарғиб қилиш, уни изчил амалга оширишда партия ташкилотлари ва депутатларнинг фаол иштирокини таъминлаш масалаларига қаратилди. Учрашувда таъкидланганидек, маҳаллий партия ташкилотлари ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳларининг давлат дастурлари ҳамда партия дастурий мақсадларини амалга ошириш, шунингдек, электо­ратни ўйлантираётган масалаларни ўрганиш ва ўз вақтида ижобий ҳал этишда бу каби мулоқотлар муҳим аҳамиятга эга.

Сайдивали АҲМЕДОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш борасидаги ислоҳотлар изчил давом эттирилмоқда. Хусусан, жорий йилни «Соғлом бола йили» деб эълон қилиниши баркамол авлод тарбияси, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлом миллатни камол топтириш йўлидаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди. Бугунги кунда ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, қишлоқ врачлик пунктлари, оилавий поликлиникалар тизими яратилгани натижасида, авваламбор, қишлоқ жойларда оналар ва болаларнинг малакали тиббий хизматдан фойдаланиш имконияти кенгаймоқда. «Соғлом бола йили» Давлат дастурида эса ушбу йўналишдаги ишларга алоҳида эътибор қаратилган.

Дастурга кўра, оилавий поликлиникалар, қишлоқ врачлик пунктлари, санатория-курорт объектлари барпо этиш, мавжудларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ишлари давом эттирилиши белгиланган. Шунингдек, 145 минг аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади.

Мазкур Давлат дас­тури ижроси устидан қатъий депутатлик назоратини ўрнатишимиз талаб этилади. Чунки, унда белгиланган вазифалар ҳал этилишидан, аввало, партиямиз электорати манфаат кўради. Бугунги тадбир ҳам ана шу мақсадларга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

Акмал ТУРСУНБОЕВ, ЎзХДП Марказий Кенгаши масъул ходими:

— Ушбу лойиҳа партия ва электорат вакиллари ўртасида бевосита мулоқот қилиш, уларни ўйлантираётган масалаларни жойларнинг ўзида ҳал этиш имконини беради. Шу боис тадбирларни марказдан олис қишлоқларда ўтказишга ҳаракат қиляпмиз. Бу эса ижтимоий ислоҳотларнинг ҳудудларда қандай бажарилаётганини назорат қилиш усулларидан биридир. Бунда жамоатчилик ва депутатлик назорати институти ваколатларидан самарали фойдаланиляпти.

2013 йилда ўтказилган тадбирлар таҳлилига кўра, мазкур лойиҳа доирасида Тошкент вилоятида ташкил этилган барча тадбирларда пенсия, нафақалар тўлаш, иш ўринлари ва бошқа масалалар бўйича мурожаат ҳамда таклифлар 58 тани ташкил этган бўлса, шундан 54 таси ўзининг ижобий ечимини топган.

Баҳром ШОДИБЕКОВ, халқ депутатлари Бўка туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— Партиямизнинг 2011-2014 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастурида, маҳаллаларда яшовчи аҳоли вакиллари манфаатларини қонунчиликда ва маҳаллий Кенгашларда ифода этиш борасида бир қатор ташаббуслар илгари сурилган. Бу эса ўз навбатида маҳаллий партия ташкилотлари ва депутатлар зиммасига ҳам катта масъулият юклайди.

Ўтган йили халқ депутатлари Бўка туман Кенгашидаги партия гуруҳи ташаббуси билан Ҳаракат дастурида белгиланган ҳамда электорат манфаатларига қаратилган 5 масала доимий комиссиялар ва сессияларда муҳокама этилди. Улар юзасидан қабул қилинган қарорлар ижроси назоратга олинган.

Ёрқиной ИНОМОВА, Бўка тумани «Қорақўйли» маҳалласи:

— Бугунги тадбирда банк-мoлия, сoлиқ ташкилoтлари, Мeҳнат ва аҳoлини ижтимoий муҳoфаза қилиш бoшқармаси мутаxассислари иштирoк этгани айни муддао бўлди. Улар бизга бoшланғич сармoяни шакллантириш учун имтиёзли крeдит oлиш, маҳаллаларда oилавий тадбиркoрлик ва касаначиликни ривoжлантириш oрқали янги иш ўринлари яратиш, ишга жoйлашиш, пeнсия ва нафақалар тайинлаш, тўлаш қoнун-қoидалари ҳақида батафсил маълумот беришди. Ўзимизни қизиқтирган саволларга жавoб олганимиз ҳаммага фойдали бўлди...

Шунингдек, тадбирда маҳаллада аҳолининг ижтимоий ҳи­мояга муҳтож қатлами манфаатларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган ишлар, ҳудудда замонавий инфратузилмани ривожлантириш ҳисобига янги иш ўринлари яратиш масалалари хусусида ҳам атрофлича фикр алмашилди.

Алишер РАВШАНОВ,

ЎзХДП Марказий Кенгаши Матбуот хизмати ходими.



DB query error.
Please try later.