20.03.2014

ХАЛҚ УЛУҒЛАГАН, ХАЛҚНИ УЛУҒЛАГАН БАЙРАМ

Фольклоршунос олим, филология фанлари доктори Жаббор ЭШОНҚУЛ билан суҳбат

— Халқимиз баҳорни, айниқса, Наврўзни ўзгача кайфиятда кутиб олади. Наврўз келиши билан далаларда деҳқончилик, ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишлари бошланади. Кексаларга ҳурмат-эҳтиром, кўмакка муҳ­тож кишиларга ёрдам бериш каби эзгу фазилатлар намоён бўлади.

— Наврўз халқимиз тарихи, фалсафаси, орзу-умидининг ифодаси, миллат билан тараққий этиб келаётган, ҳар гал янгидан-янги қирраларини намоён этаётган қомусий айёмдир. Шунинг учун ҳам халқимиз бу байрамни зўр қувонч, чексиз ҳаяжон, катта умидлар билан кутиб олади.

Наврўз бу шунчаки табиатнинг янгиланиши эмас, балки инсон ру­ҳиятининг ҳам янгиланишидир. Нав­рўзга юзлашаётган инсон, бу энг аввало, ўз қалби билан юзлашаётган инсондир. Наврўзни англаш ўзлигимизни англаш сари ташланган яна бир қадамдир.

Президентимиз «Юксак маъна­вият — енгилмас куч» асарида «Барчамиз доимо орзиқиб кутадиган ва катта хурсандчилик, шодиёна билан ўтказадиган Наврўз байрами биз учун ҳаёт абадийлиги, табиатнинг устувор қудрати ва чексиз саховатининг, кўп минг йиллик миллий қиёфамиз, олижаноб урф-одатларимизнинг бетакрор ифодаси бўлиб келмоқда» деган эди. Дар­ҳақиқат, Наврўз умуминсоний қадриятлар гултожиси, миллий анъаналаримизнинг чинакам намойи­ши, умумхалқ шодиёнасининг ёрқин тимсолидир.

— Наврўз — инсон табиатни кашф этиш асносида ўз қалбини ҳам кашф этиш байрамидир.

— Наврўз қиш ва ёзнинг ўзаро курашуви ва қишнинг енгилиб, чекиниши натижасида кириб келади, деган қараш бор. Наврўзни кутиб олиш, тантана қилиш жараёнида барча халқлар ўз маросимларида ана шу курашни тасвирлашга, ифодалашга интилган.

Аждодларимиз тўрт фаслни эзгулик ва ёвузлик, яхшилик ва ёмонлик, зулмат ва ёруғлик билан боғлиқ ҳолда тасаввур қилишган. Фасл­лар алмашинуви ана шу икки кучнинг мунозарасидан иборат бўлиб, уларнинг қайси бири ғолиб бўлса, табиатда ўша тантана қилади, деб тушунилган.

«Шох мойлар», «Ашшадарози», «Қозон тўлди», «Бойчечак» каби турли маросимлар, «Лайлак келди, ёз бўлди», «Кичкинажон-кичкина» каби ранг-баранг қўшиқлар замирида ана шу тушунчалар, тасаввурлар ўз ифодасини топган.

Кўклам келиб, қишнинг кетиши би­лан боғлиқ қарашлар «Бойчечак», «Ҳа-ю, читтигул» матнида, «Кўп­кари» ўйинларида ҳам сақланиб қолган.

Бу маросим ва ўйинларнинг айнан Наврўзда ижро этилишининг сабаблари бор. Чунки ушбу кунда қилинган тилаклар ва эзгу истаклар, ал­бат­та, рўёбга чиқади, деб ишонилган.

Қадимда кўкламнинг таркибий қисми бўлган бундай халқ ўйинлари кўҳна тарих билан чамбарчас боғлиқ ҳолда асрлар оша яшаб келаётганлиги халқимизнинг руҳий қуввати ва ижодий салоҳияти бениҳоя юксак эканлигидан далолат беради.

Бу байрам ҳамма даврларда ҳам тинчлик, осойишталик, тотувлик, дўстлик, юртга, она табиатга меҳр-муҳаббатнинг таронаси, ҳар бир инсоннинг ўз халқи, тарихи ва маданиятига бўлган ҳурматининг тимсоли бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади.

— Бу байрам халқимизнинг тарихи каби қадимий ва улуғдир...

— Наврўз анъаналари, унинг ўтиш тартиби билан боғлиқ кўплаб оғзаки, ёзма ва тарихий манбалар мавжуд. Уларнинг бири иккинчисини инкор қилмайди, аксинча, тўлдиради.

Хитойлик сайёҳлар Самарқанд ва Фарғонада ўтган Наврўз, умуман, Янги йилнинг кутиб олиниши ҳақида қимматли маълумотларни ёзиб қолдирган. Уларда айтилишича, Фар­ғонанинг одамлари Наврўзда иккига бўлиниб, бир-бирлари билан курашар экан. Сиртдан қараганда, бу тўқнашувдек кўринган ҳолат аслида аждодларимизнинг кўклам билан қиш тимсолидаги маросимий курашидир. Яна бир ўринда Фарғона хал­қининг Наврўз маросимида турли ҳайвонларни уриштиришлари айтилади. Бизда ҳозир ҳам қўчқор, хўроз уриштиришлар бор. Аслида бу томошалар оддийгина кўнгилхушлик эмас. Қадимда томошабинлар уриш­тираётган ҳайвонларнинг бирини қиш, бошқасини ёз, деб жанг натижасидан йилнинг қандай келишини тахмин қилишган.

Бу айём Маҳмуд Кошғарий замонида ҳам, Амир Темур даврида ҳам зўр тантана билан нишонланган.

Фақат шўролар давридагина бу байрамни халқимизнинг хотирасидан ўчириб ташлашга уринишлар бўлди. Истиқлол остонасида Юртбошимизнинг улкан саъй-ҳаракатлари билан Наврўз яна қайта тикланди, янгича мазмун ва моҳият касб этди. Бунда қандайдир рамзий маъно бордек. Мана, йигирма уч йилдирки, ҳаётимиз бу байрам билан ҳамоҳанг кечмоқда. Худди қўшиқларда куйланганидек қиш чекиниб, зулмат ортда қолиб, қуёшли кунлар келди. Миллатимиз учун янгиланиш, юксалиш даври бошланди.

— Наврўзнинг руҳи ва фалсафаси ҳақида гапириб берсангиз?

— Дарҳақиқат, бугунги глобаллашув жараёни мафкуравий тажовузлар авж олаётган бир пайтда инсон­нинг ўзини, қалб қўрғонини асраб қолишнинг энг мақбул йўли умуминсоний қадриятларни сақлашда эканлигига шак-шубҳа йўқ.

Шунинг учун ҳам мамлакатимиз раҳбари «Наврўзи олам биз учун энг қадимий, асл миллий, турли мафкура ва сиёсатлардан холи, урф-одатларимизга ва қадриятларимизга жавоб берадиган байрам, десам, айни ҳақиқатни айтган бў­ламан» деган эди.

Мамлакатимизнинг турли ҳудудларида, катта-катта майдонларда Наврўзнинг кўтаринки руҳ билан нишонланиши юртдошларимизнигина эмас, дунё аҳлини ҳам ҳайрат ва ҳавасига сазовор бўлмоқда.

Истиқлол давриданоқ Наврўз томошалари йилдан-йилга янгича мазмун ва моҳият касб этиб бораётганлиги мамлакатимизда эришилаётган улкан ютуқлардан далолат берса, иккинчи томондан халқимизнинг руҳий қуввати ва ижодий салоҳияти тобора юксалиб бораётганини англатади.

Наврўз халқимизнинг ўтмиши, бугуни ва келажагини ўзида мужассам этган, элимизнинг дунё маданиятида тутган ўрнини кўрсатиб турувчи айём бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Ҳар гал уни нишонлаганимизда янгидан-янги қирраларини кашф этиб бораверамиз.

Айниқса, бу йил уни ўзгача шукуҳ ва тантана билан қарши олаяпмиз. 2014 йилнинг «Соғлом бола йили» деб эълон қилиниши, халқ сайли, қўшиқ, мусиқа, рақс ва халқ амалий санъати намойишларининг Наврўз билан ҳамоҳанглиги ҳаммамиз учун қувонарлидир.

«Ўзбекистон овози» мухбири

Бобур ЭЛМУРОДОВ суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.