20.03.2014

ҚАДАМИНГ ҚУТЛУҒ КЕЛСИН, НАВРЎЗ!

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғида Наврўз тантаналари бўлиб ўтди.

Ўзбекистонимизга Наврўзи олам кириб келмоқда. Наврўз мўъжизасини, унинг гўзаллиги ва жозибасини кўрмоқчи, англамоқчи, ҳис этмоқчи бўлганлар юртимизга келсин.

Наврўзи олам қалбларимизда энг инжа туйғуларни уйғотади. Инсон онги ва тафаккурида умуминсоний ғоялар мавжланади.

Ўзбек халқи бунёдкор халқ. Бу эл яратувчи эл. У тошларда гулзорлар, боғу роғлар яратади. Бу халқ эзгу ниятлар билан ерга ниҳол қадайди. Фарзанди, набира, эвараси учун уй қуради. Бешик тўй, ҳовли тўйлар ўтказади. Яхши кунимга, болаларимга деб сармоя тўплайди.

Ана шундай бағри бутун, орзулари осмон одамлар яшайди Ўзбекистонда. Тинчликни нон ва имон каби ардоқлайдиган, нафақат ўзи учун, балки бутун дунё учун, тинчлик сўрайдиган бағри кенг, танти инсонлар яшайди Ўзбекистонда.

Наврўз меҳр-оқибат, хайр-саховат, ўзаро ҳурмат, аҳиллик, ғамхўрлик, эътибор ва эъзоз тантанасидир.

Наврўзи оламни нафақат инсонлар, балки замину осмон, она табиат, жами тириклик интиқ кутади, шодланади, қувончга тўлади.

Боласини севадиган, фарзандини ардоқлайдиган, дилбандини еру кўкка ишонмайдиган, «Болам соғлом бўл­син», «Болам омон бўл­син», «Болам бахтли бўл­син», «Болам улғайсин», «Болам камолга етсин», «Болам ҳеч нарсага зориқмасин» деб яшайдиган ўзбек халқи Нав­рўзи оламни кутиб оляпти. Унга пешвоз чиқ­япти. Қадаминг қутлуғ келсин, Наврўз!

Миллий боғ байрамона безатилган. Ҳамманинг кўзида қувонч. Байрам тантаналарига сенаторлар ва депутатлар, ҳукумат аъзолари, фан, маданият, санъат ва спорт намояндалари, олий ўқув юртлари талабалари, жамоатчилик вакиллари, меҳнат фахрийлари, мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган xорижий давлатлар элчихоналари ва xалқ­аро ташкилотлар вакиллари ташриф буюрган.

Соат 10.00. Майдонга Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом ­Каримов кириб келади.

Тантана иштирокчиларининг гулдурос қарсаклари янграйди. Сўз Президент Ислом Каримовга берилади.

Президент ўз табрик сўзида Наврўз халқимизнинг энг қадимий ва асл миллий байрами экани, унинг ғояларида миллий урф-одатларимиз минг йиллар давомида ардоқланиб сақланиб келаётганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, Юртбошимиз халқимиздаги бағрикенглик, инсонпарварлик, меҳр-оқибатлилик фазилатлари ҳақида тўхталиб, жумладан, шундай деди:

Азиз дўстларим, биродарларим, бизнинг халқимиз нимани истайди? Аввало, ўз юртида ва қўшни минтақаларда, бутун оламда тинч­лик-осойишталик ҳукм суришини, турли-турли ҳудудларда давом этаётган можаро ва қарама-қаршиликлар куч ишлатмасдан, фақатгина тинчлик йўли билан, сиёсий музокаралар йўли билан ҳал қилинишини хоҳлайди.

Ўз осмонининг мусаффо бўлишини, тинчлик барқарор бўлган ҳаётни истайдиган халқимиз ўзгаларга ҳам айни шундай тилакларни раво кўради... »

Миллий боғ бўйлаб карнай-сурнай ва ноғора садолари таралади. Янги кунни тараннум этувчи оҳанглар жаранги, бутун оламга, замину фалакка Наврўз кириб келаётгани ҳақида жар солади.

Саҳна атрофидаги мониторларда юртимизда эркин ва фаровон ҳаёт барпо этиш, шу заминда яшаётган ҳар бир инсоннинг орзу-ниятларини рўёбга чиқариш, қишлоқларимизда турмуш даражасини юксалтириш мақсадида изчиллик билан амалга оширилаётган кенг кўламли ишларнинг самаралари акс этган тасвирлар байрам иштирокчилари қалбида эришилган ютуқларимиздан фахрланиш, ёруғ келажагимизга бўлган ишонч туйғуларини бағишлайди.

Бу йилги Наврўз тантаналарида Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг бадиий-фольклор ва этнографик жамоалари чиқишларига кенг ўрин берилган. Ҳудудларнинг ранг-баранг дастурларида унинг ўзига хос анъаналари, лапару ўланлари, рақс, бахшилар айтишувлари ижро этилди.

Ватанимизнинг ҳамма қишлоқ, маҳалла, овул ва шаҳарларида Наврўз умумхалқ сайиллари кенг нишонланмоқда. Президентимизнинг «2014 йилги Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида»ги қарори ижроси ҳамма ерда бирдек таъминланмоқда.

Эл эртасининг эгалари

Собир РУСТАМХОНЛИ, Озарбайжон  Ватандош  ҳамрайлиғи партияси раҳбари, Озарбайжон Миллий Мажлиси депутати, Озарбайжон халқ шоири:

  2014 йил Ўзбекистонда «Соғ­лом бола йили» деб эълон қилинди. Йилнинг эл эртасининг эгаси бўлмиш болаларнинг жисмоний ва маънавий баркамоллиги билан  номланиши, бу — Ўзбекис­тонда ёш авлод бахт ва истиқболига беқиёс эътибор қаратилаётганлигини кўрсатади. Биргина Ўзбекистон мактабларида маънавият дарси ўқи­тилаёт­ганининг ўзиёқ юртингизда ёшларни ўзбекона руҳ, миллий қадриятлар, азалий анъаналар, ўзбекона урф-одатлар руҳида тарбиялаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилганлигидан далолат беради...

Мамлакат, мактаб, муаллим

Ойтош АТАМУРАТОВА, Ўзбекистон халқ ўқитувчиси Қашқадарё вилояти:

Бу йилги Наврўзни ўзгача қувонч, шоду-хуррамлик билан нишонлаяпмиз. 2013 йилда Президентимиз Фармонига мувофиқ «Ўзбекистон халқ ўқитувчиси» унвони билан мукофотландим. Узоқ йиллик меҳнатим эътибор топганидан кўнглим тоғдек кўтарилди. Бир нарсани англадимки, халқи­га сидқидилдан хизмат қилган одам, албатта, қадрланади.

Ҳозир ўзим ишлаётган мактабда ўндан зиёд ўқувчиларим мен билан ёнма-ён фаолият кўрсатмоқда. Ҳар гал уларни кўрганимда кўнглим тоғдек кўтарилади.

Бугунгидек байрам кунлари менга алоҳида ҳурмат кўрсатишади, эъзозлашади. Шундай дамларда одамларга нафинг тегаётганидан бахтиёр бўласан.

2014 йилнинг мамлакатимизда «Соғ­лом бола йили» деб номланиши бизнинг зиммамизга ҳам катта масъулият юклайди. Фарзандларимизнинг соғ­лом ўсиши, билим олиши учун қўлимдан келган барча ишни қилишга тайёрман...

«Соғлом бола йили» давлат Дастурини амалга оширишда 2014 йилга режалаштирилган жами харажатлар миқдори 4 509,2 млрд сўм ва 302,9 млн долларни ташкил қилмоқда.

Дастурда 60,1 мингта ўқув ўринга мўлжалланган 380 умумтаълим мактабини реконструкция қилиш ва таъмирлаш, уларни компьютер техникаси, ўқув-лаборатория жиҳозлари ва бошқа ускуналар билан таъминлаш белгиланган. Бундан ташқари, 161 касб-ҳунар коллежи ва академик лицей, 48 болалар мусиқа ва санъат мактаби, 110 болалар спорт объектини қуриш, реконструкция қилиш ва тубдан таъмирлаш режалаштирилган.

Бугунги кунда Ўзбекистонда икки миллионга яқин бола, шу жумладан, 842 минг нафар қиз 30 дан ортиқ спорт тури билан мунтазам шуғулланмоқда.

Дастурда белгиланганидек, хотин-қизлар, болалар ва ўсмирларнинг сифатли тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириш мақсадида ҳар ойда соғломлаштириш ҳафталиклари ташкил этилади. Шунингдек, мамлакатимиз етакчи тиббиёт муассасалари мутахассислари иштирокида олис туманларда яшовчи 145 минг нафар аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилади.

Миллий боғ. Хорижлик меҳмонлар кўзидаги ҳайратни, ҳавасни сезиш қийин эмас. Улар бизнинг асрий анъаналаримизни, байрамларимизни мароқ билан томоша қилмоқда, эътироф этмоқда.

Ўзбекистонда Наврўз ўзгача нишонланади

Убиража Вега да Сильва, ­Бразилия:

— Ўзбекистонда ишлаган пайтимда кўплаб байрамларда иштирок этганман. Юртингизда байрамлар ичида Наврўз ўзгача нишонланади. Шу куни ҳамма байрамона либослар кияди, улар қувончини ҳис қилиш қийин эмас. Менга Наврўз таомлари жуда ёққан. Яна бир жиҳатни айтишим керак, ўзбекларга хос бўлган меҳмондўстлик, оқибат туйғулари ана шу байрамда янада ёрқинроқ кўринади. Дўстларим келтирган сумалак, кўк сомсалар ҳамон эсимда.

Шу пайтгача Наврўз ҳақида кўплаб китоблар, мақолалар ёзилган. Буюк Британиянинг «The Guardian» нашрида Пол Барлетт томонидан эълон қилинган мақолада Шарқона янги йил ҳақида кўплаб маълумотлар берилган:

Буюк Ипак йўлида жойлашган ­Самарқандда Наврўз ўзгача нишонланади. Регистон майдони ажойиб кўринишда безатилган. Миллий либос кийган йигит-қизлар ўзбек куй-қўшиқларини куйламоқда, рақсга тушмоқда. Мактаб ўқувчилари устозлари билан байрам дастурхонида Наврўз таомларидан тановул қилишмоқда...

Миллий боғ. Ўзбекистонимизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган санъаткорлар ўз санъатларини намо­йиш этишмоқда. Майдонда йиғилган одамларнинг юзида табассум, навқирон ёшлар ўз қувонч ва шодликларини рақс билан ифода қилмоқда. Ҳа, Наврўз барча учун бирдай, барча учун тенг, барчага шодлик улашгани билан ҳам қадрлидир.

Янги иш ўринлари

Наврўз том маънода миллий қадриятларимиз, эзгу интилишларимиз ифодаланган байрам. Бу кун ўзаро яхшилик, меҳр-оқибат, ижтимоий бирдамлик туйғулари янада мустаҳкамланади.

Наврўз келиб, юрагимизда энг эзгу туйғулар жонланади. Беморлар ҳолидан хабар олиш, нуроний кексаларимизни йўқлаш, одамларга меҳр-эътибор улашиш каби қадриятларимиз янада ёрқин намоён бўлади. Қариндош-уруғлар, қўни-қўшнилар йиғилиб, сумалак пиширади. Наврўз халқимизга хос бўлган ана шундай фазилатларни ўзида жамлаган байрамдир.

Мамлакатимизда ҳар йили давлат бюджетини қабул қилишда ижтимоий соҳани ривожлантиришга алоҳида эътибор берилади. 2013 йилда бу соҳага ажратилган маблағлар бюджетимизнинг умумий харажатларининг 60 фоизини ташкил этди. Бу эса 2012 йилга нисбатан 1 триллион сўмга кўп деганидир.

Бундан ташқари, янги иш ўринлари ташкил этиш масаласига эътибор янада кучаяди. Жорий йилда қарийб бир миллионга яқин иш ўрни яратилиши режалаштирилган. Шунингдек, меҳнат соҳасига қарийб 500 минг нафар ёш йигит-қиз — 2-3 тадан мутахассислик ва иш кўникмаларини эгаллаган касб-ҳунар коллежларининг битирувчилари кириб келади.

Наврўз ғояси — партиямиз ғояси билан ҳамоҳанг

Рустам КАМИЛОВ, ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари:

Наврўз кунлари ҳар бир одамнинг кўнглида фақат яхшилик, эзгу ниятлар, инсоний истаклар жўш уради. Ёрдамга эҳтиёжманд кишилар, кам таъминланганлар, жисмоний имко­нияти чекланганлар, ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олинади, уларга сов­ғалар улашиб, кўнгил сўралади. Наврўз байрамида бажариладиган бу каби амаллар партия­миз илгари сураётган ижтимоий ҳимоя­ни кучайтириш, жисмоний имконияти чекланган кишиларга муносиб шароитлар яратиб бериш, янги иш ўринлари ташкил этиш каби ғоялар билан чамбарчас боғлиқ.

ЎзХДПнинг барча даражадаги ташкилотлари ўтган йилда ана шу эзгу мақсадларда бир қатор ишларни амалга оширди. Хусусан, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси ташаббуси билан «Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Мазкур қонун билан ота-она қарамоғидан маҳрум болаларнинг васийлик ва ҳомийликка олиш тартиблари демократик талаблар асосида такомиллаштирилди.

Шунингдек, 2013 йилда халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларидаги партия гуруҳлари томонидан электорат вакиллари манфаатларини таъминлашга қаратилган 118 та масала сессиялар кун тартибига олиб чиқилди. Қолаверса, минтақавий партия ташкилотлари томонидан шу мақсадда семинар-тренинг ва давра суҳбатлари ташкил этилди. Бу ҳам фуқароларнинг сиёсий-ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамлаш, ўзаро бирдамлик туйғуларини кучайтиришга хизмат қилади, албатта.

От йили баракали бўлади

Икром ҚОРАТОЕВ, «Қоратой Мирзаев» фермер хўжалиги раҳбари, ЎзХДП ­Сирдарё вилоят кенгаши ижроия қўмитаси аъзоси, Ўзбекистон Қаҳрамони:

— Наврўз айёми вилоятимизнинг марказидан тортиб, туманлар, ҳар бир маҳалла ва қишлоқларда, оилаларда катта шодиёналар билан кутиб олинмоқда. Кимдир янги уйга кўчган, кимдир тўй бошлаган, яна биров машина сотиб олган. Буларнинг барчаси ҳаётимизда бўлаётган юксак ўзгаришларни кўрсатиб турибди.

Ўтган йил фермер хўжалигимиз ғалладан 65 центнер, пахтадан 41 центнер ҳосил кўтариб, 85 миллион сўм соф фойда олдик. Бу йилги режаларимиз ҳам катта. От йилида ҳар доим барака, тўкинчилик бўлган. Буни баҳорнинг келишидан ҳам билсак бўлади.

Мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя­ни кучайтириш ҳақида гапирганда, аввало, йилдан йилга қишлоқларимиз қиёфаси ўзгариб, аҳолининг турмуш даражаси юксалишига хизмат қилаётган намунавий лойиҳа асосидаги уй-жойларга эътибор қаратиш керак. Жорий йилда бу йўналишдаги ишлар янада кенгайтирилади. Хусусан, 2014 йилда 388 та массивда умумий майдони 1 миллион 500 минг квадрат метр бўлган 11 мингта намунавий уй-жойлар қурилиши кўзда тутилган.

Оналар орзуси ушалмоқда

Муқаддас РАҲМАТУЛЛАЕВА, 44-оилавий поликлиника бош шифокори, Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси,

— Она учун энг муҳими фарзандининг саломатлиги. Соғлом бола йили айнан оналар кўнглини кўтарган ташаббус бўлди. Шу боис жорий йилда тиббий хизмат сифатини янада ошириш, тиббиёт масканларини замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш ишлари изчил давом эттирилади. Хусусан, 2014 йилда соғ­лиқни сақлаш тизимининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун 407 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилади. Бу аҳолининг соғлиғини муҳофаза қилиш, оналар ва болалар саломатлигини мус­таҳкамлаш йўлидаги ишларни янги босқичга кўтаради, деб ўйлайман.

Тиббиёт соҳасида олиб борилаётган бу ишлар ўзининг самарасини бермоқда. Хусусан, 14 ёшгача бўлган ўғил болаларда ўртача вазн 43 килограмм­дан 47 килограммга, қизлар ўртасида эса 44 килограммдан 48 килограмм­га ортган. Ўғил болаларнинг бўйи ўртача 3 сантиметрга, қизларнинг бўйи эса 2,9 сантиметрга ўсгани юртимизда чиндан ҳам соғлом авлод вояга етаётганидан далолат беради...

Ўтган йилда туғруқ ёшидаги 7 миллион аёл ҳамда 7 миллион 300 минг нафар бола тиббий кўрикдан ўтказилди, 195 минг нафар ёлғиз қариялар, ногирон ва пенсионерларга малакали тиббий ёрдам кўрсатилди. Йил мобайнида мамлакатимиз бўйича 311 миллиард сўмлик бюджет маблағи ҳисобидан 146 та замонавий тиббиёт муассасаси фойдаланишга топширилди.

Миллий боғ. Қўшиқ куйлаётган, рақс тушаётган, варрак учираётган болалар Ўзбекистонимизнинг соғлом, баркамол вояга етаётган фарзандларидир. Уларни кўриб келажагимиз ишонч­ли қўлларда эканидан кўнглинг тўлади, эртанги дориламон кунлар ҳақида ширин хаёлга чўмасан...

Кучли, билимли, доно ёшлар

Хуршида ҲАКИМОВА, Тошкент шаҳри, Юнусобод туманидаги 122-умумий ўрта таълим мактабининг 9-синф ўқувчиси, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳиби:

— Юртимизда соғлом авлодни тарбиялаш, уларни маънавий ва жисмоний баркамол бўлиб вояга етишлари учун барча шароитлар яратилган. Нафақат вилоят марказларида, балки олис қишлоқларда ҳам спорт ком­плекс­лари қурилиб, ишга туширилмоқда. Шу эътиборнинг биргина самарасини ўз ютуқларим мисолида айтиб ўтмоқчиман. Мен спортнинг синхрон сузиш тури билан мунтазам шуғулланиб келаман. 2010 йилда Ўзбекистон терма жамоаси сафига қабул қилиндим ва шу йилнинг ўзида Ўзбекистон чемпиони бўлдим. 2013 йилда Туркияда бўлиб ўтган халқаро турнирда 1-ўринга лойиқ топилдим ва спорт устаси унвони билан тақдирландим.

2014 йилда Президентимиз қарори билан 16 нафар иқтидорли қизлар қаторида Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлдим. Бунинг учун халқимга, ота-онамга, барча мураббийларимга ўз миннатдорлигимни билдираман. Уларни Наврўз билан чин дилдан муборакбод этаман...

Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига асосан ҳар томонлама соғлом ҳамда баркамол авлодни вояга етказиш, ёшлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни янада кучайтириш, ёш иқтидорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қатор амалий тадбирлар белгиланди. Айни кунларда барча вилоятларда ана шу қарор ижросига бағишланган форумлар, семинарлар ўтказилмоқда.

Пардабой ИСКАНДАРОВ, ЎзХДП «Истиқбол» ёшлар қаноти Қорақалпоғистон республика бўлими етакчиси:

Бугунги кунда сафимизда етти минг беш юз нафардан ортиқ йигит-қиз бирлашган. Кундан кунга уларнинг сиёсий жараёнларга бўлган қизиқиши кучайиб боряпти. Бугунги байрам кунларида ҳам қанотимиз аъзолари ташаббуси билан қатор тадбирлар, учрашувлар ташкил этяпмиз.

«Ёш сиёсатчи» клуби фаолияти ҳам мунтазам йўлга қўйилди. Айни кунларда «Ёш сиёсатчи» кўрик-танловининг дастлабки босқичи бошланғич партия ташкилотларида ўтказилмоқда.

Мен мамлакатимизнинг барча ёшларини Наврўзи олам билан табриклайман.

Миллий боғ. Байрам тантаналарига ташриф буюрган юртдошларимизнинг ҳар бирида байрамона кайфият. Буни уларнинг сўзларидан ҳам билса бўлади.

Хушнудбек ХУДАЙБЕРДИЕВ, Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси, «Заковат» интеллектуал клуби аъзоси:

— Миллий боғда ўтказиладиган Наврўз сайлида тўртинчи бор иштирок этишим. Бу йилги байрам тадбирлари ҳар йилгидан ўзгача, ҳар йилгидан тароватли бўлди. Биласизми, байрам тадбирига келганларнинг кўзидаги қувонч, юзидаги табассум, қалблардаги хотиржамлик инъикоси эканлигини ич-ичимдан ҳис қилдим. Қалбда қачон хотиржамлик бўлади? Аввало, юрт тинч бўлса, турмуш обод, ҳаёт фаровон, дастурхон тўкин бўлса. Беҳисоб шукрлар бўлсинки, халқимизда буларнинг барчаси мавжуд.

Президентимиз байрам табригида биз ёшларга қарата Болаларим, сизлар бизнинг суянган тоғимизсиз. Сиздек ёшлари бор халқ ҳеч нарсадан қўрқмайди, дея мурожаат қилганларида жуда ҳаяжонландим...

Жорий йилда 34 та олий ўқув муассасида қурилиш, реконструкция ва жиҳозлаш ишларини амалга ошириш учун 173 миллард сўм маблағ ажратиш кўзда тутилган. Жумладан, Андижон, Қарши давлат университетлари, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва бошқа олий ўқув юртларининг янги ўқув бинолари ва ахборот ресурс марказлари қуриш мўлжалланмоқда. Шунингдек, 51 миллард сўм маблағ ҳисобидан мамлакатимиздаги 17 та олий ўқув юртида капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилиши кўзда тутилган.

2013 йилда эса мамлакатимизда 756 та таълим маскани, мусиқа ва санъат мактаблари, болалар спорти объектлари янгитдан қурилди, реконструкция қилинди ва капитал таъмирланди. Замонавий компьютер синфлари, ўқув лабораториялари, устахоналар ташкил этилиб, зарур асбоб-ускуналар билан жиҳозланди.

Шунингдек, ўтган йилдан эътиборан мамлакатимизда хорижий тилларни ўқитиш тизимини янада такомиллаштириш дастури доирасида умумтаълим мактабларининг 1-синфидан бошлаб хорижий тилларни чуқур ўрганиш йўлга қўйилди. Бу эса, албатта, фарзандларимизнинг жаҳон илм-фани ва маданияти ютуқларини эгаллаши, етук ва малакали кадрлар бўлиб етишиши учун янги имкониятлар очиб беришига шуб­ҳа йўқ.

Миллий боғ. Куй-қўшиқ, лапару-яллалар авжида. Миллий рақс, миллий қадриятларимиз акс этган саҳна кўринишлари, саҳна безаклари ҳар қандай кўзни қувонтиради. Жажжи болажонлар жарангдор овоз ила айтган қўшиқлари қалбларни тўлқинлантиради.

Ҳар кунимиз Наврўз бўлсин! Ҳар кунимиз эзгулик, бахт, иқбол, қувончга тўлсин. Наврўзингиз муборак бўлсин! Қадаминг қутлуғ келсин, Наврўз!

Темур АЪЗАМ,

Нурали ОРИПОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.



DB query error.
Please try later.