18.03.2014

САЙЛОВЧИЛАР БИЛАН ЮЗМА-ЮЗ МУЛОҚОТЛАР

13-17 март кунлари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайлов округларида бўлиб, сайловчилар билан учрашувлар ўт­казди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Регламентига мувофиқ ташкил этилган мазкур учрашувларда ЎзХДП фракцияси аъзолари мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида рўй бераётган муҳим воқеалар, миллий парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолияти, қабул қилинган қонунларнинг аҳамияти, айни пайтда муҳокама қилинаётган қонунлар лойиҳаларининг мазмун-моҳияти, Президентимизнинг Конституциямизнинг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида илгари сурилган ғоялар билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор қаратдилар.

Депутатларнинг таъкидлашича, юзма-юз мулоқотлар чоғида юртимизда ижтимоий соҳани ривожлантириш, кучли фуқаролик жамиятини қарор топтириш йўлидаги ислоҳотлар ва ўзгаришлар сайловчилар, кенг жамоатчилик вакилларида катта қизиқиш уйғотган.

ЎзХДП фракцияси аъзола­рининг сайловчилар билан учрашув-мулоқотлари пайтида «Соғлом бола йили» Давлат дас­турида баркамол авлодни воя­га етказиш, аёлларнинг рўзғор юмушларини енгиллаштириш, оилаларнинг моддий ва маънавий асосларини мустаҳкамлаш чоралари белгилангани, кучли ижтимоий ҳимояга асосланган сиёсат ҳар томонлама қўллаб-қувватланиши ҳақида батафсил сўз юритилди.

Наманган вилоятидаги 44-Тўрақўрғон сайлов округидан парламент қуйи палатаси депутати Зиёвиддин Мансуров ҳу­дуддаги Шаҳанд, Ёртепа, Ахси қишлоқ фуқаролар йиғинларида, Мингбулоқ туманининг Жомашўй шаҳарчасидаги маҳаллаларда сайловчилар билан учрашувлар ўтказди. Уларда дунё­нинг қатор ривожланган давлатларида юзага келган молия­вий-иқтисодий, ижтимоий муаммоларни ҳал этиш юза­сидан турли қийинчиликларни бошидан кечираётган бир пайт­да Ўзбекистон эриша­ётган олам­шумул ютуқлар, уларнинг асосларига доир далиллар келтирилди.

Дарҳақиқат, юртимиздаги кенг кўламли ислоҳотлар бугун ҳар бир туману қишлоқда ўз натижаларини бермоқда. Юқо­ри қувватли Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси ҳамда Қурама тоғ тизмалари бағрини ёриб, Қамчиқ довони орқали ўтадиган 19 километрлик те­мир йўл қурилишининг қизғин бошлаб юборилгани бутун водийликларнинг кўнглини тоғдек кў­тарди.

Халқ депутатлари Тўрақўр­­ғон туман Кенгашида фаолият юритаётган ўттиз нафар депутатнинг 23 нафари ЎзХДП аъзоларидир. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Зиёвуддин Мансуров маҳаллий Кенгашдаги партия гуруҳининг йиғилишида ҳам иштирок этди. Унда ҳудудда касб-ҳунар коллежлари битирув­чилари бандлигини таъминлаш билан боғлиқ масала муҳокама этилди. Бу борада партия гуруҳи аъзоларининг фаоллигини янада ошириш муҳимлиги алоҳида таъкидланди. Айрим камчиликларни бартараф этиш юзасидан аниқ режа ишлаб чиқилди.

Шунингдек, депутат «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги қо­нунга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар орқали сиёсий партияларнинг маҳаллий ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишдаги роли ва ўрни яна­да мустаҳкамлангани, шу боис яратиб берилган имко­ниятдан электорат манфаатлари ҳи­мояси йўлида самарали фойдаланиш кераклигини таъкидлади.

Депутат учрашувлар пайтида сайловчилардан тушган кўплаб саволларга жавоб берди, кўтарилган масалаларни депутатлик ваколатлари доирасида ҳал этиш учун тегишли вазифаларни белгилаб олди.

Наманган вилоятидаги 47-Чортоқ сайлов округидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилбар Холиқова сайловчилар билан учрашувларда парламентда кўриб чиқилаётган бир қатор қонунлар лойиҳалари, хусусан, «Ижти­моий шериклик тўғрисида»ги, давлатимиз раҳбари томонидан қонунчилик ташаббуси асо­сида киритилган «Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг айрим моддаларига ўзгар­тиш ва қўшимчалар киритиш тўғ­рисида»ги қонун лойиҳасининг аҳамиятига эътибор қаратди.

Депутат жамоатчилик назорати тушунчаси аслида ота-боболаримизнинг ҳаётий қа­рашлари, миллий қадриятларимиз билан бевосита уйғунлигини, ҳуқуқий маданиятни намоён этувчи восита эканини ҳаётий мисоллар асосида тушунтириб берди.

Шунингдек, депутат халқ депутатлари Чортоқ туман Кенгашидаги партия гуруҳи йиғилишида ҳам иштирок этиб, унда Чортоқ транспорт ва алоқа касб-ҳунар коллежи битирувчиларини иш билан таъминлаш ҳолати тўғрисидаги масала кў­риб чиқилди. Мажлисда аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан амалий таклифлар ишлаб чиқилиб, тегишли доимий комиссия йиғилишида кўриб чиқиш ҳақида қа­рор қабул қилинди.

Аҳоли вакиллари парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда амалга ошириш механизмлари ҳақида бир қатор саволлар билан муро­жаат қи­лишди.

«Соғлом бола йили» Давлат дастурида белгиланган мақсад ва вазифалар, Бандлик дастури ижросини таъминлаш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштиришда партия гуруҳларининг фаол иштирокини таъминлаш масалалари юзасидан ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Сайловчилар ўзларининг пар­ламентдаги вакиллари билан мулоқотларда фаол иштирок этишди. Жойларда депутатлар қабули ташкил қилинди.

Носиржон ДЕҲҚОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.