18.03.2014

ПАРТИЯНИНГ ЖАМИЯТДАГИ ЎРНИ ВА МАВҚЕИ

ўз қатъий позициясини намоён этиш орқали мустаҳкамланади

Ҳар бир мамлакатнинг ўз ривожланиш стратегияси бўлади. Ўзбекистон ҳам ўзи танлаган йўлидан оғишмай, изчил тараққий этмоқда.

Ислоҳотларнинг бугунги босқичи эса уларни янада чуқурлаштириш, ҳам давлат ва жамият бошқаруви, ҳам иқтисодиётни модернизациялаш соҳасидаги ишларни мутаносиб равишда олиб боришни тақозо этади. Маълумки, Президентимиз томонидан Бош Қомусимизнинг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимда ҳамда Вазирлар Маҳкамаси мажлисида бу борада олдинда турган муҳим вазифалар, «Соғлом бола йили»да амалга оширилиши зарур бўлган устувор йўналишлар бўйича муҳим фикрлар билдирилди.

Нукус шаҳрида Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси томонидан аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, ижтимоий ҳимояcи ва бандлигини таъминлашда Ўзбекистон ХДП ташкилотларининг муҳим вазифаларига бағишлаб ўтказилган семинарда бу фикрлар кучли ижтимоий сиёсатни ҳаётимизга янада изчил татбиқ этиш, ижтимоий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга кўтаришда муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.

Семинарда партия фаолиятини кучайтиришнинг турли йўналишлари бўйича кўплаб фикрлар билдирилди. Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон КЕТМОНОВ бугунги устувор вазифалар ҳақида сўз юритди.

— Партиямизнинг жамиятдаги ўрни ва ролини янада ошириш ҳар биримизнинг фаолиятимиз самарасига боғлиқ, — деди у. — Партия дастурий мақсадлари ва Сайловолди дастури ҳамда 2011-2014 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастурида белгиланган вазифалар қандай амалга оширилаётганини танқидий кўриб чиқиб, олдимиздаги энг долзарб вазифаларни шу асосда белгилаб олишимиз зарур.

Биринчи навбатда, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракциясининг қо­нунлар лойиҳаларини электорат орасида муҳокама этиш тажрибасини янада такомиллаштиришимиз керак. Бунда биз, албатта, маҳаллий партия ташкилотлари ҳамда депутатларимиз имко­ниятларидан фойдаланамиз. Парламент назоратини кучайтиришда ҳам маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари фракция билан бирга ишлаши ўзининг юқори самарасини бера­ди, деб ўйлайман. Бундан ташқари, халқ депутатлари Кенгаш­ла­ри сессияларида мансабдор шахсларнинг ахборот ва ҳисоботларини эшитиш амалиётини янги босқичга кўтариш талаб этилмоқда. Зеро, маҳаллий иж­ро ҳо­кимияти Кенгашларнинг таъси­рини, шунингдек, бизнинг депутат­ларимиз позициясини ҳис қилсин.

Партия гуруҳларимиз маҳаллий Кенгашнинг ҳар бир сес­сия­си кун тартибига ўз ташаббуси билан камида биттадан масала киритиб боришига эришишимиз зарур. Бунинг учун партия гу­руҳ­ларимиз фаолиятини доимий ҳаракатга келтириш лозим. Ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини оширишда бу ўта муҳим аҳа­миятга эгадир.

— Биз учун аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, хусусан, ижти­моий ҳимоянинг манзиллилигини таъминлаш, ҳудудларни ривож­лантириш дастурларини амалга оширишда пар­тия ташкилотларининг амалий иштирокини янада кенгайтириш принципиал аҳамиятга эга, — деди ЎзХДП Қо­рақалпоғистон республика кенгаши раиси Қуватбой Қурбанбаев. — Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республика­си Жўқорғи Кенгесидаги ЎзХДП фракцияси аъзолари 23 нафарни ташкил этади, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгаш­ларида партия­нинг 163 нафар депутати фаолият олиб бормоқда. Ўтган йил давомида жойларда учраётган ижтимоий-иқ­тисодий муаммоларни ҳал этиш, электорат манфаатларини ҳи­моя қилиш мақсадида давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, корхона, ташкилотлар раҳбарларига 245 та депутатлик сўрови юборилган. Партия Ҳаракат дастурида белгиланган ва бошқа вазифаларни амалга ошириш мақсадида улар томонидан жойларда пар­тиямиз электорати манфаатига қаратилган қатор ижтимоий-иқтисодий масалалар ўрганилди. 20 та масала партия гуруҳларида кўриб чиқилган бўлса, 2 та масала доимий ко­миссия­лар йиғилишлари, 9 та­си эса сессиялар муҳокамасига киритилган. Жумладан, халқ депутатлари Кегайли туман Кен­гашининг 17-сессиясида қиш­лоқ жойларида сервис ва хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш, халқ депутатлари Беру­ний ва Тахтакўпир туман Кенгашлари сессияларида Ўз­бе­кистон Республикаси Прези­ден­тининг «Ёш оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғ­рисида»ги Фармонининг ижроси билан боғлиқ масалалар кў­риб чиқилди.

Аммо қабул қилинишига эриш­ган қарорларимизнинг қандай ижро этилаётгани билан кўп ҳолларда қизиқмаяпмиз. Аслида сессия муҳокамасидан ке­йин жойларда аниқ ишлар олиб борилиши, муайян муаммоларнинг ҳал этилиши биз учун жуда муҳимдир.

Мазкур семинарга тайёргарлик кўриш вақтида партия ташкилотлари ҳамда депутатлик гуруҳларининг электорат манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ишлари, улардаги кам­чиликлар, фойдаланилмаётган имкониятлар танқидий ўрганилди ва улар бўйича фикрлар билдирилди.

— Депутатларимиз ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари юзасидан ўзининг фикр-мулоҳазалари, аниқ позициясини намоён этиши зарур, — деди «Қарақалпақстан ҳауазы» газетаси муҳаррири, партия фаоли Шарапатдин Аяпов. — Маълумки, партиямиз Сайловолди дастурида давлат бошқаруви ва маҳаллий ҳокимият органлари раҳбарлари масъулиятини ошириш, аҳо­лининг эҳтиёжманд қат­ламини аниқ тарзда ижтимоий қўллаб-қувватлашни назарда тутадиган мақсадли давлат дас­турлари бажарилиши устидан парламент ва жамоатчилик назорати тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор берилган. Депутатлар оммавий ахборот воситаларидаги чиқишларида бу борада партиянинг позициясини кенг жамоатчиликка эълон қилиб бориши керак, деб ўйлайман.

Тадбирда ЎзХДП Беруний туман кенгаши раиси Халилла Ешимбетов сўзга чиқиб, айниқса, ижтимоий соҳани ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, таълим ва соғлиқни сақ­лаш тизимини янада такомиллаштириш каби муҳим масалалар партиянинг доимий эътибо­рида бўлиши кераклигини таъкидлади. Семинар қатнашчиларининг кўпчилиги ёш­лар эди. Улардан бирининг фикрлари барчада яхши таассурот қолдирди.

— Менимча, партиямизнинг дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, «Истиқбол» ёшлар қаноти фаолиятига имконияти чекланган ёшларни ҳам кенг жалб этиш лозим, — деди ЎзХДП «Ис­тиқбол» ёшлар қаноти Қорақалпоғистон республика бўлими қошидаги «Ёш сиёсатчи» клуби координатори Хурлиман Нуржанова. — Биз кўпинча иқтидорли, муайян ютуқларга эришаётган ёшлар билан ишлашга ўрганиб қолганмиз. Жисмоний имконияти чекланган тенгдошларимиз орасида ҳам шундай истеъдодлилари, сиёсий жараёнларга, партиялар фаолиятига қизиқадиганлари жуда кўп. Улар билан ишлаш фаолиятимизнинг алоҳида йў­налиши бўлиши зарур. Бу электоратимизнинг шу қисми манфаатини ҳимоялаш, дастурий мақсадларимизни рўёбга чиқариш нуқтаи назаридан ҳам жуда муҳим.

Семинарда партия ташкилотлари ва гуруҳларининг маҳаллий вакиллик ҳокимиятидаги фао­лияти самарадорлигини янада кучайтиришга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Рейимбой ЕШИМБЕТОВ,

Мнажатдин ҚУТЛИМУРАТОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.



DB query error.
Please try later.