18.03.2014

ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАР МУҲОФАЗАСИ

Инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, хусусий мулк эгалари, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини муҳофазалаш адлия органларининг муҳим вазифаларидан ҳисобланади. Ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири ётгани, агар адолатсизликка йўл қўйилса қандай оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлиги доимо диққат марказимизда. Баъзан эса биргина ариза ортида ўнлаб одамлар манфаати, юзлаб одамларнинг иш билан бандлиги масаласи туради. 

Айрим мисолларга эътибор қаратайлик. Вилоят адлия бошқармасига Фарғона шаҳрида яшовчи фуқаро М.Бойдадаевадан ариза келиб тушди. Аризада Фарғона вилоят Ёнғинга қарши курашиш жамияти томонидан ишлаган даврлари учун ойлик иш ҳақи ўз вақтида берилмаётганлиги кўрсатилган. Мурожаат ўрганилиши давомида жамият унга 1 380 212 сўм иш ҳақидан қарздорлиги маълум бўлди.

Аниқланган ҳолат юзасидан М.Бойдадаеванинг иш ҳақини ундириш бўйича фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судига даъво ариза киритилди. Фарғона вилоят Ёнғинга қарши курашиш жамиятидан фуқаро М.Бойдадаеванинг фойдасига 1 380 212 сўмлик иш ҳақини ундириш бўйича суд буйруғи чиқарилиши таъминланиб, фуқаронинг манфаатлари ҳимоя қилинди.

 Ўтган йил бошқарма томонидан  вилоятдаги идора ва ташкилотларда «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида» ва «Таълим тўғрисида»ги қонунлар ижросининг аҳволи ўрганилди. Ўрганишлар жараёнида 4255 та қонунбузилиш ҳолатлари (шундан 907 таси соғлиқни сақлаш бошқармасида, 3099 таси таълим муассасаларида, 249 таси молия бош­қармаси ва унинг тизимларида) аниқланди.

Қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан 2013 йил давомида жами 65 тақдимнома киритилган бўлса, ушбу тақдимномалар натижалари юзасидан жами 99 нафар шахсга интизомий таъсир чоралари қўлланилган, 22 маъмурий таклиф ваколатли органларга юборилиб, жами 30 нафар мансабдор шахсга маъмурий жазо чоралари қўлланилган. Тегишли фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судларига жами 205 ёки 315 978 275 сўмлик даъво ариза киритилган ва улар қаноатлантирилган.

Айрим тадбиркорлик субъектларининг фаолият юритмаслик сабабларини таҳлил қилиш ва улар фаолиятини тиклаш юзасидан чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди. Унга кўра, солиқ инспекцияси, савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда фаолият кўрсатмаётган тадбиркорлик субъектлари тўлиқ инвентаризациядан ўтказилди, мавжуд муаммолар аниқланди. 121 нафар тадбиркор билан бошқарма ходимлари учрашиб, суҳбат ўтказди. Шундан 64  тадбиркорлик субъектига амалий ёрдам кўрсатилиши натижасида фаолияти қайта тикланишига эришилди. Натижада йўқотилган 188 иш ўрни қайта тикланди.

Масалан, Тошлоқ туманида муайян муддатдан бери фаолият юритмасдан келаётган «Тошлоқ Хосият Савдо» хусусий корхонасига тегишли бўлган бино ҳужжатларини расмийлаштиришдаги сансоларлик корхона фаолияти тўхтаб қолишига сабаб бўлган. Бу муаммо ҳал этилишига кўмаклашилди. Натижада замонавий кафетерия ва канцелярия моллари билан савдо қилувчи дўкон фаолияти тикланишига эришилди.

Тадбиркорлик субъектлари ва хусусий мулк эгалари, хорижий инвес­тициялар иштирокидаги корхоналарнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, хўжалик юритувчи субъектларнинг шартномавий-ҳуқуқий ишларини назорат қилиш ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ўтган йил давомида вилоят, туман ва шаҳарларида ўтказилган 616 ўрганишлар натижасида 20999 қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган. Улар юзасидан тегишли жойларга 653 тақдимнома киритилди. Қўлланилган таъсир чоралари натижасида 802 нафар шахс интизомий, 72 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилди. Киритилган тақдимномалар асосида 2 528 418 965 сўм пул маблағ ўз эгаларига қайтарилиши таъминланди.

Жумладан, Данғара туманида фаолият кўрсатаётган МЧЖ шаклидаги «MUSAVARTEX» Ўзбекистон — Буюк Британия қўшма корхонасида ўтказилган мониторинг давомида «Қўқондонмаҳсулотлари» ва «Фар­ғонадонмаҳсулотлари» ОАЖлар етказиб берилган маҳсулотлар ҳақини тўлаб бермаётганлиги аниқланиб, вилоят хўжалик судига қўшма корхона фойдасига 211,6 миллион сўм қарздорликни ундириш юзасидан даъво аризалари киритилди. Оқибатда унинг фойдасига «Қўқондонмаҳсулотлари» ОАЖ ҳисобидан 116 067 500 сўм, «Фарғонадонмаҳсулотлари» ОАЖ ҳисобидан эса 24 520 000 сўм ундириб берилди.

Адлия органларининг муҳим вазифаларидан бири бу — қонунлар ижроси устидан назорат-таҳлил ишларини олиб бориш.

Бошқарма иш режасига асосан Қувасой, Қўқон шаҳарлари ҳамда Учкўприк туман ҳокимликлари фаолиятида тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олишга оид қонунчиликка риоя этилиши ўрганиб чиқилди. Ўрганишлар давомида ҳокимликлар фаолиятида тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш соҳасида 136, тугатиш соҳасида 324 та, жами 460 камчилик ва қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш юзасидан ҳокимликларга тақдимнома киритилди ва 4 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилди.

Бош Қомусимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳар томонлама ҳимоя қилиш, қонун устуворлиги принципига оғишмай риоя этиш устувор вазифа сифатида белгиланган. Дарҳақиқат, конституциявий принципларни амалга ошириш ҳуқуқий-демократик давлат қуришнинг муҳим шартидир.

Абдубанноб МАДАЛИМОВ,

Фарғона вилоят адлия бошқармаси бошлиғи. 



DB query error.
Please try later.