Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
15.03.2014

ЖАРАЁНЛАРНИНГ КУЗАТУВЧИСИ ЭМАС

иштирокчиси бўлишимиз талаб этилмоқда

... Семинар бошланиши арафасида Ҳазорасп туман партия кенгаши раиси, халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари Боғибек Қосимов билан суҳбатлашдик. Партия етакчиси ҳудуддаги улкан бунёдкорлик ишлари ҳақида тўхталди...

Хўш, ана шу ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларда партия­миз аъзолари, етакчилар, депутатлар қанчалик иштирок этаяпти?

ЎзХДП Марказий Кенгаши ташаббуси билан партиянинг парламентдаги фракцияси ва Хоразм вилоят кенгаши ҳамкорликда ташкил этган «Ҳудудий ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ижросини таъминлашда партиянинг амалий иштирокини кучайтириш» мавзусида ўтказилган семинарда ҳам ҳар бир партия аъзоси, партиядан сайланган депутатларнинг мазкур жараёнларга дахлдорлигини янада ошириш билан боғлиқ масалалар муҳокама этилди.

Рустам КАМИЛОВ, ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари:

— Президентимизнинг Вазирлар Маҳкамаси мажлисида билдирган фикрлари, «Соғлом бола йили» давлат Дастурида кўзда тутилган вазифалар ижроси бевосита электоратимизга дахлдордир. Бу эса мазкур йўналишдаги фаолиятимизни янада такомиллаштиришни, янги бос­қичга олиб чиқишни талаб этади. Бу борада, айниқса, жамоатчилик назоратидан самарали фойдаланишимиз лозим. Депутатлик назорати — бу бизнинг катта имкониятимиз.

Мамлакат тақдирига дахлдор масалаларда аниқ таклифлар, аниқ механизмлар ишлаб чиқиш зарур. Мисол учун, жойлардаги Жамоатчилик қабулхоналарига бўлаётган мурожаатлар ечимини олиб кўрайлик. Бунда кўпинча эътиборни бир шахсга – мурожаат қилаётган фуқаро муаммосига қаратяпмиз. Аслида бир йўналишга алоқадор мурожаатларни яхлитлаштириш, мазкур муаммоларни чуқур ўрганиш ва масалани комплекс ҳал этишга киришиш керак. Муаммоларни доимий комиссиялар, сессиялар кун тартибига олиб чиқиб, маҳаллий доирада бўлса ҳам умумий ечимини топишга интилишимиз лозим.

Бироқ айрим депутатлар бу борада сусткашликка йўл қўй­моқда. Айтиш керакки, халқ депутатлари Хоразм вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги 125 нафар депутатимиз ўтган йил давомида бор-йўғи 16 марта депутатлик сўрови билан чиққан. Ачинарлиси, Гурлан, Шовот, Урганч туманларида партия гуруҳларимиз бирорта масалани сессиялар кун тартибига киритмаган.

Ишга бўлган бундай муносабатни ўзгартириш вақти келди. Буни ислоҳотлар жараёни, қолаверса, ҳаётнинг ўзи талаб қилмоқда.

Хайрулла РЎЗМЕТОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Мамлакат миқёсидами ёки ҳудудий ривожлантириш дастури бўладими, ҳар бири партия гуруҳларимиз назоратида бўлиши керак. Хусусан, «Соғлом бола йили» давлат Дастури амалиёти ҳам аллақачон бошлаб юборилган. Партиямиз дас­турий мақсадларидан келиб чиқиб, бевосита ана шу жараёнлар ичида бўлишимиз зарур. Асосий эътибор давлат дастурининг жойларда қандай бажарилаётганига қаратилиши мақсадга мувофиқ. Дастур ижроси пайсалга солиняптими? Бунинг сабаби нимада? Ижро органлари нега жиддий эътибор бермаяпти? Маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимиз ана шундай сусткашликларга бефарқ қарамасдан, бу масалаларни ўрганиб, маҳаллий кенгашлар сессияларига олиб чиқишлари, ижросини назорат қилишлари, бу борада маҳаллий ҳокимият раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиб бориши лозим.

Ҳакимбой ХУДОЙНАЗАРОВ, Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи аъзоси:

— Кучли ижтимоий ҳимоя — бу, аввало, муқим иш ўрни деганидир. Бугун касб-ҳунар коллежларида таҳсил олаётган ёшлар ўзлари танлаган касби бўйича доимий иш ўрнига эга бўлиши учун нималарга эътибор беришимиз керак? Биринчи навбатда, биз касб-ҳунар коллежи битирувчиси билан иш берувчи ўртасида имзоланадиган уч томонлама шартноманинг шунчаки қоғозларда қолиб кетмасдан, аниқ ижро этилишига эришишга ҳаракат қилаяпмиз. Бунинг учун шартноманинг асоси бўлган — иш берувчининг касб-ҳунар коллежлари битирувчисига ишлаб чиқариш амалиёти даврида қандай эътибор берилаётганини ўрганаяпмиз. Таҳлилларга кўра, барча касб-ҳунар коллежи битирувчиси ишлаб чиқариш амалиётини тўлиқ ўтамаётгани аниқланмоқда. Жорий йилда партия гуруҳимиз билан ана шу йўналишдаги ишларимизни янада жадаллаштиришни мақсад қилганмиз.

...Семинарда, шунингдек, вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш, аҳолининг, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларни иш билан таъминлашда ҳудудий ва маҳаллийлаштириш дас­турларининг аҳамияти, бу жараёнда депутатлик назоратининг ўрни, мавжуд камчиликлар аниқ мисоллар воситасида таҳлил этилди.

Айтиш жоизки, ўтган йили саноат соҳасини, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича яратилган қулай имкониятлардан ҳамма жойда ҳам бирдек, оқилона фойдаланилмаган. Баъзи туманларда 2013 йили маҳаллийлаштириш дастурига бирорта ҳам лойиҳа киритилмаган. Айрим ҳудудларда саноат маҳсулотлари ва истеъмол моллари ишлаб чиқариш камайиб кетган. Семинарда ушбу ҳудудлардаги партия гуруҳлари бу каби муаммолар ечими бўйича таклифлар бериши, керак бўлса, маҳаллийлаштириш дас­турига муқобил лойиҳалар киритиши зарурлиги, жорий йилда бу борадаги ишларни янада кучайтириш лозимлиги алоҳида таъкидланди.

Раимберган САБУРОВ, ЎзХДП Хоразм вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари:

— Ҳозирда партия гуруҳлари ваколатлари янада кенгайиб бормоқда. Бу ўз навбатида зиммамиздаги масъулиятни оширади. Биз халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларида кўпчилик депутатлик ўринларига эгамиз. Демак, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ўз дастурий мақсадларимизни амалга ошириш учун кучимиз ҳам, имкониятимиз ҳам етади. Бугунги семинарда камчиликларимизни таҳлил қилдик, хатоларимиздан хулоса чиқардик...

Дарҳақиқат, семинарда билдирилган фикрлар, ўртага ташланган таклиф-мулоҳазалар ҳудуддаги партия гуруҳлари ишини аниқ мақсадга йўналтиришга, айниқса, «Соғлом бола йили» давлат Дастури ижросида фаол иштирокини таъминлашга хизмат қилади.

Рўзимбой ҲАСАН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.