13.03.2014

ОЧИҚЛИК ТАМОЙИЛИНИНГ ҲУҚУҚИЙ

асослари янада мустаҳкамланади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 11 март куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Ҳар томонлама моддама-модда муҳокамадан сўнг Қонунчилик палатаси мазкур қонунни қабул қилди ва у Олий Мажлис Сенатига юбориладиган бўлди.

Муҳокама чоғида таъкидландики, мазкур ҳужжат фуқароларнинг ахборотга бўлган конституциявий ҳу­қуқларини амалга оширишга қаратилган. Унда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида жамоатчиликни хабардор қилиш тартиб-таомиллари белгилаб қўйилган. Давлат ор­ганлари фаолиятининг, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар стратегияси, давлатимиз ташқи ва ички сиёсатининг шаффофлигини, очиқлигини, сиёсий плюрализмни, мамлакатимизда ва ундан ташқарида рўй бераётган ҳодисалар ҳақидаги фикрлар хилма-хиллигини ҳи­собга олган ҳолда таъминлаш масалалари назарда тутилган.

Шунингдек, мажлисда «Ижтимоий шериклик тўғ­рисида»ги қонун лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди. Қонун лойиҳаси батафсил муҳокама этилди ва билдирилган фикр-мулоҳа­залар инобатга олиниб, биринчи ўқиш­да қабул қилинди.

Қонунчилик палатаси ял­пи мажлисида кўриб чиқилишидан аввал мазкур қонунлар лойиҳаларини Ўзбекистон ХДП фракция­си ўз йиғилишида батафсил муҳокама этди.

Фракция йиғилишида жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисида ахборот олишини таъминлаш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари ҳамда мансабдор шахсларининг қабул қилинаётган қарорлар учун жавобгарлигини ошириш демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, фуқаролик жамиятини ривожлантиришда долзарб масалалардан ҳисобланиши таъкидланди.

Ҳар бир фуқаро ўзи яшаётган ҳудуд тараққиёти йўлида амалга оширилаётган дастурлар ва лойиҳалардан батафсил хабардор бўлишга, уларнинг қай даражада бажарилаётгани, мавжуд ресурс ҳамда имкониятлардан қандай фойдаланилаётгани, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари қандай қарорлар қабул қилаётгани ҳақида билишга ҳақли. Бундай ахборотларни олиш ва улардан фойдаланиш фуқароларнинг Конституция билан кафолатланган ҳуқуқлари таъминланишида муҳим ўрин тутади.

Конституциямизга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахслари фуқароларга уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига дахлдор бўлган ҳужжатлар, қарорлар ва бошқа материаллар билан танишиб чиқиш имкониятини яратиб бериши лозим.

Фракция аъзолари таъкидлашдики, қонуннинг қабул қи­линиши давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фао­лиятида очиқлик ҳамда шаффофликни таъминлаш, жа­моатчилик назорати юзасидан таъсирчан механизмларни жорий этиш имконини янада кенгайтиради.

Жўрақўзи ҚЎЛДОШЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Маълум­ки, юртимиз­да кучли ижтимоий сиё­сат изчил амалга оши­рилмоқда. Бандликни таъминлаш, манзилли ижтимоий ҳимоя, пенсия таъминоти, умуман, аҳолининг ижтимоий ёр­дамга муҳтож қатламининг ҳаётий эҳтиёжларини кафо­латлашга қаратилган изчил чора-тадбирлар кўрилаяпти. Уларнинг қай даражада самарали бажарилиши мутасадди давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органларининг фао­лиятига, масъулиятига бевосита боғлиқ.

Қонунда давлат ҳокимияти ва бошқаруви ор­ганларининг фао­лияти тўғрисида очиқ, ҳақ­қоний ахборот олиш бўйича меъёрлар белгиланмоқда. Демак, кучли ижтимоий ҳимояга асосланган ислоҳотларнинг аҳамияти, мазмун-моҳияти ҳам­да самаралари тўғрисида янада аниқ маълумотлар олиш кафолатлари ҳам мустаҳкамла­наяпти. Бу ЎзХДП электорати учун ниҳоятда муҳимдир.

Гулноза ЭРНАЗАРОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Партиямиз дастури­да барча давлат ор­ганлари, жа­моат бир­лаш­малари ва мансабдор шахсларнинг масъулиятини оши­риш, ижтимоий-иқтисодий фаоллик кучайиши, қатъий фуқаролик позицияси шаклланиши учун зарур шароит яратиш масалалари алоҳида инобатга олинган. Қонун қабул қилиниши ана шу дастурий мақсадларимиз амалга ошиши билан узвий боғлиқ десак, тўғри бў­лади.

Шунинг учун қонун лойи­ҳа­си юзасидан Самарқанд ва Бухоро вилоятларида ўтказилган ҳуқуқий эксперимент жараёнида фракциямиз аъзолари фаол иштирок этишга ҳаракат қил­ди. Партиямиз Марказий Кенгаши билан биргаликда 15 дан ортиқ давра суҳбати ва семинарлар ўтказилди. Эксперт ва мутахассислар иштирокида ташкил этилган мазкур тадбирларда қонун лойиҳасининг ҳаётий зарурати ҳақида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари, партия электорати вакиллари, умуман, кенг жамоатчилик томонидан кўплаб фикрлар билдирилганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Дилбар ХОЛИҚОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Қо­нунда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари­нинг фаолия­ти тўғрисидаги ахборотга батаф­сил тавсиф бе­рилаётгани муҳим аҳамиятга эга, деб ҳисоблаймиз. Унга кў­ра давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органлари томонидан қабул қилинган ҳужжатлар, дас­турлар ҳам­да улар рўёбга чиқарилишининг бориши, очиқ танловлар (тендерлар) ва кимошди савдолари, бўш тур­ган иш ўринлари, ишга қабул қи­лиш шартлари ҳамда номзодларга қўйиладиган талаблар тўғрисидаги маълумотлар давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти тўғрисидаги ахборот ҳисобланиши белгилаб қўйилаяпти. Бу қонун билан жорий қили­наётган ҳу­қуқий меъёрларнинг тўғридан-тўғри ижро этилишига асос бў­лади.

Қизғин фикр-мулоҳазалар ва мунозаралардан кейин ЎзХДП фракцияси «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фао­лиятининг очиқлиги тўғрисида»ги қонун қабул қилинишини қўл­лаб-қувватлади.

Шундан сўнг йиғилиш иштирокчилари «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги қонун лойиҳа­сини ҳам кўриб чиқишди.

Мазкур қонун лойиҳасида ижтимоий шерикликнинг асосий йўналишлари белгилаб қўйи­лаяпти. Улар қаторида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва фаоллигини ошириш, бандликни таъминлаш, баркамол авлодни тарбиялаш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалалар назарда тутилгани дастурий мақсадларимизга, партиямиз электорати манфаатларига мос келиши таъкидланди.

Мазкур қонун лойиҳаси ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ва қонун хужжатларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш жараёнларида аҳолининг кенг қатламлари манфаатлари ҳар томонлама ҳисобга олинишига хизмат қилади.

Йиғилишда ЎзХДП фракцияси ҳузурида «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги қонун лойиҳа­сига таклифлар тайёрлаш бў­йича тузилган ишчи гуруҳ айни пайтда муайян ишларни олиб бораётгани таъкидланди.

Муҳокама қилинган бошқа масалалар юзасидан ҳам фракциянинг тегишли қарорлари қа­бул қилинди.

Тўлқин ТЎРАХОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.