13.03.2014

ИЗЛАНИШ ВА ТАШАББУС

ҳар кунги фаолиятимизнинг асоси бўлсин

ЎзХДП маҳаллий кенгашларида мунтазам равишда партия гуруҳлари фаолиятини кучайтириш, ҳудудларни ижти­моий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган дастурлар ижросида уларнинг муносиб иштирокини таъминлашга қаратилган семинар-тренинг, давра суҳбати ва учрашувлар ўтказиб келинмоқда. Уларда ҳамкор ташкилотлар, депутатлар, партия фаоллари, электорат вакиллари иштирок этяпти.

Яқинда ана шундай тадбир ЎзХДП Марказий Кенгаши ва ­Жиззах вилоят кенгаши ҳамкорлигида ўтказилди.

Семинарда ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Шарбат Абдуллаева Президентимизнинг Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил якунлари ва 2014 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисидаги маърузасининг мазмун-моҳияти ва ундаги асосий йўналишлар бўйича белгиланган вазифалар ижросида сиёсий партияларнинг иштироки тўғ­рисида таҳлилий фикрларни билдирди.

Олий Мажлис Қонунчилик па­латаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Ҳафиза Каримова йиғилиш иштирокчилари эътиборини 2014 йилда ижтимоий соҳани ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлашда партия гуруҳларининг иштирокини янада фаоллаштириш масалаларига қаратди.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари Акром Иномов партия гуруҳлари олдида турган усту­вор вазифалар хусусида фикр юритди.

— Партия гуруҳимизда ўз бурчига масъулият билан ён­дашиб, изланиб, ташаббус кўр­сатиб меҳнат қилаётган депутатларимиз кўпчиликни ташкил этади, — деди у. — Шу боис ютуқларимиз оз эмас. Мисол учун ўтган йили партия гуруҳи­миз томонидан иккита масала халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессияси кун тартибига киритилди. Улардан бири вилоят ҳудудидаги 200 дан ортиқ бўш турган бинодан самарали фойдаланиш билан боғлиқ масала эди. Биз сессия қарори ижросини изчил назоратга олдик. Бунинг натижасида бўш турган биноларда янги корхоналар фаолияти йўлга қўйилди, юздан ортиқ киши иш билан таъминланди.

Демак, электорат манфаатларига дахлдор муаммоли масалаларни дадиллик билан кўтаришни, уни пухта ўрганиб, доимий комиссиялар, сессиялар муҳокамасига олиб чиқишни изчил давом эттиришимиз лозим.

— Семинар бошланишидан аввал иштирокчилар партия кенгашимиз фаолияти билан танишди, — дейди ЎзХДП Ғаллаорол туман кенгаши раиси Меҳри Бобоева. — Бошлан­ғич партия ташкилотлари имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш, Жамоатчилик қабулхонаси, тар­ғиботчилар гуруҳи ишини янги босқичга кўтариш юзасидан тавсиялар берилди.

Мазкур семинарда жамиятда сиёсий партиянинг нуфузини ошириш, электорат билан алоқасини янада мустаҳкамлаш, етакчилар салоҳиятини кўтариш, маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари имконият ва ваколатларидан унумли фойдаланиш борасида билдирилган фикрлар менга маъқул бўлди. Келгусида уш­бу масалаларга жиддий эътибор қаратамиз.

Тадбир якунида ёшлар билан партия дастурий мақсадлари, вазифалари ҳақида мулоқот ўтказилди. Унда ёшлар партия ҳаёти ва фаолиятига доир ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қи­лишди. ЎзХДП сафига қабул қи­линган бир гуруҳ йигит-қизларга аъзолик гувоҳномалари топширилди. Ана шундай ёш­лардан бири, Жиззах политехника институти иккинчи бос­қич талабаси Озод Хушвақтов шундай дейди:

— Мамлакатимиздаги сиёсий партияларнинг Дастурлари, асосий мақсад-вазифалари билан танишдим. Ҳар бирининг танлаган ғоялари ўзига хос, албатта. Бироқ, мен халқ­чил қарашлар, ёшлар манфаатлари, ижтимоий ҳимояни кучайтириш билан боғлиқ жиҳатлар ифодаганган Ўзбекистон Халқ демократик партияси ғояларини қўллаб-қувватлашга қарор қилдим.

Бундай фикрларни қўплаб ёшлардан эшитиш мумкин. Де­мак, партиямиз дастурий ғоя­лари ҳаётий. Уларни изчил амалга ошириб борсак, тарафдорларимиз янада кўпаяди, партиямизнинг нуфузи ошади.

Иброҳим ЖОНУЗОҚОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.