Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
13.03.2014

УРГАНЧ — ОЙНИНГ ҲАВАСИНИ КЕЛТИРАЁТГАН ШАҲАР

Бундан беш-ўн йил илгари Урганчда бўлган киши бугун бу шаҳарни таний олмаслиги турган гап. Сиз кўрган у тор кўчалар, кўримсиз уй-жойлар, кўнгилга ғашлик соладиган манзаралар энди йўқ. Йўллар кенг ва равон, икки томонида кўркам, замонавий турар-жойлар, маъмурий-маиший бинолар, таълим, тиббиёт, санъат, спорт муассасалари қад ростлаб, кўрган кўзни қувонтириб турибди...

Ўйлашингиз мумкин, «Ҳа, энди, Мустақиллик йилларида ҳамма вилоят марказлари ҳам обод бўляпти. Урганч ҳам шуларнинг бирида», деб. Тўғри, Тошкентдан тортиб Нукусгача, Термиздан Бухорогача, буёғи Андижону, ­Фарғона, Наманганда ҳам тарихий ишлар амалга оширилди, шаҳарларимиз қиёфаси бутунлай ўзгариб кетди.

Аммо Урганчда, Хоразм вилоятида олиб борилаётган бунёдкорликлар кўламини бошқа ҳудудларга қиёслаб бўлмайди. Бу муболаға эмас, бор гап, рост гап. Бунга шуб­ҳа қилсангиз, боринг, кўринг, иқрор бўласиз.

...Ҳозирги замонда ҳар бир шаҳарнинг бош дарвозаси унинг аэропорти ҳисобланади. Узоқ-яқиндан келган меҳмонларда илк таассурот қолдирадиган маскан шу — аэропорт. Хоразмни умрида кўрмаган одам ҳам Урганч халқаро аэропортига самолёт қўниши билан ҳайратланиши аниқ. Бинонинг ташқи қиёфасидан тортиб, ички кўриниши, хизмат кўрсатиш сифати, ён атрофининг ободлиги, ҳамма-ҳаммаси халқаро талаблар даражасида. Четдан келган одам дарров фаҳмлайди, нуфузли, маданиятли, қудратли шаҳарга келганини.

Аэропортдан шаҳарга элтувчи Ал-Хоразмий шоҳ кўчаси кенг, равон, икки томонида янги қурилган замонавий уйлар. Катта йўл шаҳарга яқинлашгани сайин унга бошқа йўллар туташади. Йўллар шаҳар ҳудудларини бир-бирига боғлайди, одамлар узоғини яқин қилади, шаҳар кўркига кўрк қўшади, шаҳарсозлик маданиятини билдиради. Бугун Урганч кўчаларини айлансангиз, бу ҳақиқатга яна бир бор иқрор бўласиз. Қурилиши якунланаётган кичик  айланма ҳалқа йўл эса эртага шаҳарнинг кумуш белбоғига айланади.

Хоразм мамлакатимизнинг сайёҳлик марказларидан бири эканини ҳисобга олсак, бу йўллар алоҳида аҳамиятга эгалиги аён бўлади. Жорий йилда жами 81,1 км. дан иборат йўлларда 121650,2 млн. сўмлик қурилиш ва капитал таъмирлаш ишлари бажарилиши режалаштирилган. ­Урганч шаҳрини ривожлантириш дас­турига асосан Республика йўл жамғармаси маблағи ҳисобидан 11 км. дан иборат 10000,0 млн. сўмлик қурилиш ишлари, 48,7 км. масофадаги 91310,0 млн. сўмлик капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилади. Туризмни ривожлантириш дастури асосида ички хўжалик йўлларида маҳаллий бюджет маблағи ҳисобидан 9,9 км. қурилиш ишлари бажарилади. Бунга 5704,6 млн. сўм маблағ сарф­ланади. Яна бошқа қатор ички йўллар, майдонлар, йўлаклар қурилади.

Бу беқиёс бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари замирида Президентимизнинг Хоразм аҳлига бўлган чексиз меҳри, эътибори ва ғамхўрлиги мужассам. Мамлакатимиз раҳбарининг ташаббуси билан вилоят­нинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти, аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга қаратилган тарихий қарорлар қабул қилинди. Урганч шаҳрининг бош режасини амалга ошириш, саноат салоҳияти, туризмни тараққий эттириш ҳамда Тошсоқа тизимидаги каналлар ишини яхшилашга қаратилган тўртта давлат дастури қабул қилинди.

Вилоятнинг саноат салоҳиятини юксалтириш мақсадида  250 та лойиҳа ишлаб чиқилган бўлиб, улар ижросига 462 миллион АҚШ долларига тенг маблағ сарфланади. Бунинг натижасида 9 минг­дан зиёд янги иш ўрни яратилади, юзга яқин янги саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Бундан ташқари, вилоятнинг турли шаҳар ва туманларида замонавий экскаватор, прицеп, маиший техника, телевизор ва монитор, велосипед, савдо корхоналари учун совутгичлар, юқори босимга чидамли металл ва полимер қувурлар ишлаб чиқариш каби лойиҳалар амалга оширилади.

— Давлат Дастурида белгиланган бу вазифалар амалга ошгач, минглаб янги иш ўринлари яратилади, — дейди ЎзХДП Хоразм вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари Раимберган ­Сабуров. — Биргина мисол. 2012 йил сентябрь ойида «Ўзтекс Шовот» қўшма корхонаси ишга тушгач, қисқа вақтда республикамиздаги йирик ишлаб чиқариш қувватларидан бирига айланди. 2013 йилда 26,5 миллиард сўмдан зиёд ип-калава ишлаб чиқарилди, унинг асосий қисми экспорт қилинмоқда. Бугунги кунда корхонанинг бунёд этилаётган иккинчи навбати фойдаланишга топширилса, ҳозирги 5 минг тонна ўрнига 15 минг тонна ип-калава ишлаб чиқарилади. Энг асосийси, ёшлар, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари учун 800 иш ўрни яратилади...

Ҳар қандай шаҳарни шаҳар қиладиган, унинг қиёфасини белгилайдиган асосий омил — бу бинокорлик салоҳиятидир. Урганч шаҳрининг бош режасига кўра, қад ростлаган ва рост­лаётган бинолар замонавийлиги ва меъморчиликнинг миллий анъаналарини ўзида акс эттиргани билан ­ҳам эътиборингизни тортади. ­­­­­Ал-­Хоразмий кўчасида ўз чиройини кўз-кўз қилиб тизилиб турган 12 та тўрт қаватли уйни кўриб, баҳри-дилингиз очилади. Ҳар бири 32 хонадонли бу уйларнинг биринчи қаватида савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари жойлашган. Тўртта уч қаватли савдо ва маиший хизмат объ­­ект­и қад ростлаган. Йўл-йўлакай Тошкент ахборот технологиялари университетининг Урганч филиали, унинг 160 ўринли талабалар турар-жойи, ёш мутахассислар учун 32 ўринли меҳмонхона, 28 та уч қаватли бири-биридан гўзал, кўркам, маъмурий-маиший биноларни кўрасиз.

Ўзбекистон кўчасида эса са­йилгоҳ, ҳунармандчилик маркази, савдо дўконлари қурилиши ишлари якунига етмоқда. Марказий деҳқон бозорида ҳам қайта қуриш ниҳоясига етиш арафасида. Урганчликлар яхши билади, деҳқон бозори қандай аҳволда бўлганини. Кимдир чодир қуриб, кимдир оддий соя­бон тутиб, кимдир очиқ жойда савдо қиларди. Қишда қадам ташлаб ўтиб бўлмасди. 2013 йилда бозор тартибга келтирилди, атрофи ободонлаштирилди, икки қаватли савдо мажмуаси барпо этилди.

Маҳаллаларнинг намунавий режаси ишлаб чиқилди. Уйлар маҳаллий иқлим шароитига мослаб қурила бошланди, пиёдалар юрадиган йўлакдан тортиб, болалар ўйин ва спорт майдончалари, маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларигача ҳисобга олинди. Ўтган йили «Тозабоғ» маҳалласида амалга оширилган ишларни оммалаштириш мақсадида республика семинари ташкил этилди. Бундай қурилишлар бош­қа маҳаллаларда ҳам давом эттирилмоқда.

Урганчдаги бунёдкорликлар ҳақида гап кетганда, хоразмликлар Шовот каналининг икки  қирғоғини ободонлаштириш бўйича амалга оширилган ишлар ҳақида ҳаяжон билан ҳикоя қилишади. Дарҳақиқат, бунинг ўзи бир мўъжиза, алоҳида мавзу. Ўтган йили 15 гектардан зиёд майдонда, 12 миллиард сўм сарф­ланиб, қайта реконструкция қилинган «Ёшлар кўли» ҳам жаннатмонанд жойга айланди.

— Бу ажойиб кўл Урганч шаҳрининг бош режасини ҳаётга татбиқ этиш Дастури асосида бунёд этилди, — дейди ЎзХДП «Истиқбол» ёшлар қаноти Хоразм вилоят бўлими етакчиси Камол Жуманиёзов. — Биз ёшлар бу ғамхўрликдан беҳад хурсандмиз. Кўлнинг тантанали очилиш маросимида «Биз буюк юрт фарзандларимиз» фес­тивали бўлиб ўтди. Унда Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардан келган ёшлар иштирок этди. Фес­тивалнинг бундай номланиши ёшларнинг ўз она-Ватанидан фахрланиш туйғусининг ёрқин ифодаси бўлди. Республикамизнинг турли ҳудудларидан келган тенгдошларимиз бугунги Урганчни кўриб ҳайратланишди...

Урганчни айланиб, томоша қилиб, Темир йўл вокзали ҳудудига ўтсангиз ҳайратингиз янада ошади. Вокзал капитал реконструкция қилиниб, ўзга қиёфага эга бўлган. Янги перрон, ёзги по­вильон барпо этилган, вокзал олдидаги майдон ободонлаштирилиб, кўркам хиёбон яратилган, автомобиллар бекати ва фаввора қурилишида сўнгги ишлар амалга оширилмоқда.

Вокзал атрофини кўздан кечирсангиз, улкан қурилиш майдонларига дуч келасиз. Бугун энг қамрови катта бунёдкорлик шу ҳудудда кетяпти. Юзлаб эски уйлар, савдо, маиший хизмат бинолари ва бошқа тартибсиз қурилган бинолар ўрнида пухта ўйланган лойиҳа асосида янги «Ёшлик» массиви қад рост­ламоқда. Бу ҳудудда икки қа­ват­ли 140 га яқин турар-жой биноси, спортнинг 22 тури билан шуғулланиш имконини берадиган маҳобатли спорт маж­муаси, туризм коллежи, мусиқа мактаби қурилмоқда.

Хоразм вилоят ҳокимлигининг матбуот хиз­мати раҳбари ­Шуҳ­рат Маткаримовнинг айтишича, бугунги ўзгаришлар фақат қурилишлар билан чекланиб қолаётгани йўқ. Яқин йиллар ичида вилоятда саноат, қишлоқ хўжалиги ва сайёҳлик соҳасини тараққий эттиришга қаратилган Дастурлар асосида 2200 дан зиёд, умумий қиймати 3 триллион сўмга тенг лойиҳа амалга оширилади. Натижада вилоятда барча соҳаларда кескин ўзгариш ва кўтарилиш юз беради. Хоразмда ким билан суҳбатлашманг, бу ишлар, ўзгариш ва янгиланишлар мустақиллигимиз шарофати, Хоразм вилоятига кўрсатилаётган алоҳида эътибор эканини таъкидлайди.

Дарҳақиқат, мустақил бўл­маганимизда халқимиз учун бундай уйлар, йўллар қуришга ким рухсат берар эди? Бундай муносиб турмушни бизга раво кўришармиди? Биргина «Ёшлар кўлини» олайлик, бундай қурилишга, бунча маблағ сарфлашга ким изн берарди? Бундай лойиҳани амалга ошириш нари турсин, бу ҳақда ҳатто гапирган одамнинг бошига маломатлар ёғилмасмиди? Шулар ҳақида ўйлаганинг сайин ­Мустақилликнинг қадрини юрак-юракдан ҳис қила бошлайсан киши.

Шу ўринда масаланинг яна бир жиҳатига эътибор қаратиш керак бўлади. Президентимиз Хоразмнинг оғир табиий шароитида меҳнат қилиб, шу юрт­ни обод этиб, шу юртни улуғлаб яшаётган халқ шаънига ҳар доим самимий истак ва тилаклар билдириб келади. Юрт­бошимиз хоразмликлар билан бўлган учрашувлардан бирида шундай деган эди: «...Мен давлат раҳбари сифатида, халқ­нинг тақдирига биринчи галда жавобгар шахс сифатида шу эл-юртнинг ғам-ташвишларини чуқур англаган ҳолда, қандай қилиб уларнинг ҳаётини яхшиласам, оғирини енгил қилсам, деган бир савол доим мени қийнайди.

Йил бўйи бир дам тиним билмайдиган, заҳматкаш, фидойи бу инсонларга муносиб турмуш шароити туғдириб бериш, уларни рози қилиш масаласини дои­мо юрагимга яқин олиб юраман».

Шу кунгача Хоразм вилоятини ривожлантириш бўйича қабул қилинган қарорлар асосида амалга оширилган ишлар, бугунги кенг кўламли бунёдкорликлар орзу ниятлар ижобат бўлаётганини кўрсатади.

Янги дастурлар амалга ошса, Хоразмнинг қиёфаси мутлақо ўзгаради, Урганч ёшаргандан ёшаради, Хиванинг бир чиро­йига ўн чирой қўшилади, Ичон-қалъанинг атрофида йиллар давомида режасиз қурилган кў­римсиз уйлар, турли бинолар олиб ташланади. Улар ўрни ободонлаштирилади, кўкаламлаштирилади. Қўҳна қалъа кўксига шамол тегиб, асл чиройи очилади.

Бу буюк ўзгариш ва янгиланишлардан қувонишимиз, ғурурланишимиз табиий ҳол. Аммо бу ишлар нима мақсадда, ким учун қилинаётгани тўғрисида ҳам чуқурроқ ўйлаб кўришимиз керак, албатта.

Бу уй-жойлар, қишлоғу шаҳарлар, йўллару кўприклар, саноат корхоналари, санъат ва спорт кошоналари, тиббиёт масканлари бировга кўз-кўз қилиш учун қурилаётгани йўқ. Аввало, халқимизнинг иззатини жойига қўйиш, шаъни ва қадрини улуғлаш, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, инсондай яшаши учун шароит яратиб бериш учун қилиняпти бу ишлар. Энг муҳими, обод бўлаётган бу қишлоғу шаҳарларда ҳеч кимдан кам бўлмаган келажак авлод яшаб вояга етади.

Бу ишлар, бунёдкорликлар юртим обод бўлсин, гуллаб-яшнасин, халқим ҳеч кимдан кам бўлмасин, деган улуғ ниятлар билан қилинмоқда. Кўнгилни кенг қилиб, холис туриб, янада чуқурроқ ўйлаб кўрилса, бу тарихий ишларнинг замирида, аввало, Мустақиллик берган бебаҳо имконият, халқ­қа бўлган чин меҳр-муҳаббат, ҳурмат ётибди. Буни одамлар англаётгани, қадрлаётгани бебаҳо ютуғимиздир.

...Тун. «Хоразм палас» меҳмонхонасининг учинчи қаватидан атрофга қарайман. Шаҳар ранг-баранг чироқлар оғушига чулғаниб ётибди. Сукунат. Осмонга қарайман, оппоқ, ойдин тўлин­ой лолу ҳайрон бўлиб, шаҳар узра термулиб турибди, энтикиб тикилиб турибди...

Урганчда бугун бўлаётган ишлар кўлами, суръати, гўзалдан-гўзал биноларнинг ҳусни-таровати ойнинг ҳам ҳавасини кел­тираёт­ганга ўхшайди...

Сафар ОСТОНОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.



DB query error.
Please try later.