13.03.2014

Сиёсий партиялар ва Ҳисоб палатасининг ҳисоботлари тингланди

12 март куни депутатлар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисининг аввал тасдиқланган кун тартибига киритилган масалаларнинг муҳокамасини давом эттирдилар.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида парламентга берилган ваколатларга мувофиқ Қонунчилик палатаси сиёсий партияларнинг 2013 йилдаги фаолиятини молиялаштириш манбалари тўғрисидаги ҳисоботларини кўриб чиқди. Ушбу масала бўйича Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий кенгаши Ижроия қўмитасининг раиси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий кенгашининг раиси, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши Ижроия қўмитасининг раиси, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси Сиёсий кенгаши Ижроия қўмитасининг раиси ҳисобот маърузалари билан сўзга чиқдилар.

Сиёсий партияларнинг етакчилари давлатимиз томонидан кўппартиявийлик тизимини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга берилаётган катта эътибор туфайли мамлакатимизда давлат аҳамиятига молик энг муҳим масалаларни ҳал қилишда сиёсий партияларнинг роли ва таъсири сезиларли даражада кучайганлигини таъкидладилар. “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги қонун бўйича сиёсий партия агар Олий Мажлис Қонунчилик палатасига ўтказилган сайлов якунларига кўра Қонунчилик палатасида фракция ташкил этиш учун зарур миқдорда депутатлик ўринларига эга бўлган бўлса, ўз устав фаолиятини молиялаштириш учун давлат маблағларини олиш ҳуқуқига эга.

Маърузачилар Ўзбекистоннинг барча сиёсий партиялари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва муддатларда молиявий ҳамда бухгалтерлик ҳисоботини тақдим этганлигини таъкидладилар. Улар ҳисобот даврида молиявий ва бошқа маблағларнинг келиб тушиши ва сарфланиши ҳақидаги молиявий ҳужжатларни молия органларига, давлат солиқ хизмати органларига, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасига ва Адлия вазирлигига ўз вақтида топширдилар.

Ушбу масалани муҳокама этиш чоғида барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи вакиллари сўзга чиқдилар. Депутатлар мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида, давлатимиз раҳбари томонидан қўйилган вазифаларнинг амалга оширилишида сиёсий партияларнинг роли кучайиб бораётганлиги муносабати билан уларнинг молиявий интизомини мустаҳкамлашда парламент назорати алоҳида аҳамиятга эга эканлигини қайд этдилар.

Депутатларнинг фикрича, сиёсий партияларнинг моддий-молиявий, ташкилий-кадрлар ҳамда бошқа ресурслари уларнинг ўз дастурий мақсадлари ва вазифаларини амалда рўёбга чиқаришда катта аҳамиятга эга, шу сабабли улар шаффоф ва қонуний, доимо жамоатчилик назоратида бўлиши муҳимдир. Шунингдек, кўппартиявийлик тизими ривожланаётган, парламентда ва жамиятда сиёсий партиялар ўртасидаги рақобат кучайиб бораётган шароитларда бу масала доимо депутатларнинг диққат-эътиборини талаб қилади. Хусусан, жаҳон молиявий-иқтисодий инқирози давом этаётган даврда бюджет маблағларидан жуда оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланиш лозим.

Муҳокама чоғида билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда, депутатлар сиёсий партияларнинг 2013 йилдаги фаолиятини молиялаштириш манбалари тўғрисидаги ҳисоботларини маълумот учун қабул қилдилар.

Шундан сўнг Олий Мажлиснинг қуйи палатаси Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2013 йилги ҳисоботини кўриб чиқди. Ҳисоб палатаси раисининг ўринбосари Қ.Акмалов ҳисобот билан сўзга чиқди. Маърузачи Ҳисоб палатасининг ҳисобот давридаги фаолияти Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил январь ойида бўлиб ўтган 2012 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2013 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов томонидан белгилаб берилган устувор вазифаларни ҳисобга олган ҳолда ташкил этилганлигини қайд этди.

Бюджет тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг 2012 йилги ижроси тўғрисидаги ҳисоботнинг ташқи аудити ва уни баҳолаш ўтказилди, солиқ ва бюджет сиёсатининг 2014 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари ҳамда мамлакатимизнинг 2014 йилги Давлат бюджети лойиҳаси экспертиза қилинди. Ҳисоб палатаси томонидан республика ва маҳаллий миқёсда Давлат бюджетининг шаклланиши ва ижроси устидан назорат ташкил этилди, бюджет маблағларининг қонунийлиги, мақсадли йўналтирилиши ва улардан самарали фойдаланилиши текширилди.

Давлат бюджетининг даромад қисми тўғри шакллантирилиши, шунингдек, ҳудудларда ва тармоқлар бўйича бюджетдан моддама-модда ва тўлиқ фойдаланилиши таҳлил қилинди, асосий даромад манбалари бўйича прогноз кўрсаткичларининг ҳақиқийлигига баҳо берилди. Бундан ташқари, Ҳисоб палатаси томонидан давлат бюджетига жамланадиган бюджетдан ташқари жамғармалар маблағларининг шакллантирилиши, уларнинг мақсадли, оқилона ва самарали сарфланиши устидан узлуксиз назорат амалга оширилди, бошқа муҳим йўналишлар бўйича ишлар олиб борилди. “Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида”ги қонунни ижро этиш мақсадида Ҳисоб палатаси сиёсий партияларнинг молиявий маблағлари шакллантирилишини, шунингдек, улардан мақсадли фойдаланилишини текширди.

Савол-жавоблардан сўнг ҳисобот батафсил муҳокама этилди. Муҳокама чоғида барча сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳининг вакиллари сўзга чиқдилар.

Муҳокама чоғида билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатасининг 2013 йилги ҳисоботини тасдиқлади ва тегишли қарор қабул қилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатасининг Ахборот хизмати


DB query error.
Please try later.