Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
11.03.2014

САЙЛОВЧИЛАР БИЛАН ЮЗМА-ЮЗ

мулоқотлар ҳар томонлама самарали бўлиши керак

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси депутатларнинг сайлов округларидаги фаолиятини такомиллаштиришга оид масалани муҳокама қилди.

Парламент қуйи палатасида қонун ижодкорлиги, қонунларнинг ижроси билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилаётганда ҳар бир фракция ўз нуқтаи назари, позициясини намоён этиши, айни пайтда, қатъий туриб, ҳимоя қилиши долзарб аҳамият касб этмоқда.

Парламентда кўрилаётган барча масалалар устида чуқур таҳлил олиб борилиши, фикр-мулоҳазалар ва ёндашувлар хилма-хиллиги ортиши, демократик ислоҳотларни чуқурлаштиришда, парламентнинг мавқеи мустаҳкамланишида тобора муҳим ўрин тутаётир.   

Шунинг учун бугун сиёсий партиялар фракциялари ўз электорати манфаат­лари билан боғлиқ ижтимоий-иқтисодий муаммо­ларни янада чуқур ўрганишга, таклифлар ишлаб чиқиб, қонунчиликда акс эттиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Фракция аъзоларининг сайлов округларидаги фаолия­ти самарали йўлга қўйилмасдан, бу борада аниқ натижаларга эришиш қийин, албатта. ЎзХДП фракциясининг кенгайтирилган йиғилишида шу масала кўриб чиқилди.

— Президент Ислом Каримов Ўзбекистон Республикаси Конс­титуциясининг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимда депутат халқ дарди билан яшаши кераклигини биз депутатларга яна бир бор уқтириб ўтди, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси раҳбари Улуғбек Вафоев. — Бунинг чуқур асослари бор, албатта. Шундан келиб чиқиб фикрлайдиган бўлсак, депутатларнинг сайлов округларидаги фаолияти самарадорлигини ошириш фракциямиз учун энг муҳим йўналиш ҳисобланади. Шу боис фракциямиз аъзоларининг сайлов округларидаги фаолиятини танқидий ўрганиб, камчиликларни бартараф этиш чораларини белгилаб олишимиз зарур.

Афсус билан тан олиш керакки, айрим депутатлар сайловчилар билан доимий алоқани талаб даражасида йўлга қўймаган. Қонунчилик палатасидаги муҳокамаларда электорат вакилларининг манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича етарли ­фаоллик кўрсатмаётган, сайловчилардан тушган мурожаатларни кўриб чиқиш ва ҳал этишда жон куйдирмаётган депутатлар ҳам йўқ эмас.

Сайловчилар билан учрашувларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бориши, парламентдаги қонун ижодкорлиги жараёни, қонунларнинг мазмун-моҳияти, аҳа­мияти тўғрисида, қўмиталар, фракция фаолияти ҳақида батафсил маълумот берилиши лозим.

Сайловчилар томонидан кўтарилган масалалар асосида парламент сўрови юборишни Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиш ҳуқуқидан етарли даражада фойдаланилмаётгани, бу ўз навбатида сайловчилар билан учрашувларнинг самарасига салбий таъсир кўрсатаётгани таъкидланди.

Шунингдек, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги пар­тия­миз гуруҳлари аъзолари, мутахассисларни учрашувларга жалб этиш, одамларни ўйлантираётган масалаларни аниқ факт ва рақамлар асосида очиқ муҳокама қилиш лозимлиги қайд этилди.

Амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бориши, парламент ва фракция фаолияти ҳақида жамоатчиликни кенг хабардор қилиб боришда депутатларнинг маҳаллий оммавий ахборот воситалари имкониятларидан самарали фойдаланиши зарурлигига урғу берилди.

— Парламентда пишиқ-пухта қонунлар қабул қилиниши, одамларни ўйлантирадиган муаммолар чуқур муҳокама этилишида сайловчилар билан доимий мулоқотлар муҳим аҳамиятга эга, — деди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Мастура Сайфиддинова. Чунки шу орқали депутат жойлардаги муаммолардан тўлиқроқ хабардор бўлади, ўзига тегишли хулосалар чиқариб олади. Сайловчилар билан очиқ мулоқотлар депутатни, сиёсий пар­тияни, унинг фракция­сини, қолаверса, парламентни ҳаёт билан боғлаб туради.

— Депутатлар сайловчилар билан ишлашида партиямизнинг маҳаллий кенгашлари таянч бўлиши зарур, — деди ЎзХДП Марказий Кенгаши эксперти Рўзимуҳаммад Хонназаров. Улар ҳудудлардаги муаммоларни яхши билади, сайловчилар билан деярли ҳар кун учрашади. Гап шу ҳақда кетганда, партиямизнинг Жамоатчилик қабулхоналаридан самарали фойдаланиш масаласига алоҳида тўхталмоқ жоиз. Аввало, Жамоатчилик қабулхонасини ташкил этишдан кўзланган асл мақсадни унутмаслик лозим.

Одамларнинг мурожаатларини ҳал этиш ҳам муҳим, албатта. Лекин бу ўринда энг муҳим вазифа фуқаролар мурожаатлари асосида, электорат вакилларини ўйлантираётган муаммоларга тизимли равишда ечим топиш, депутатлар орқали уларнинг келиб чиқиш сабабларини бартараф этиш ҳисобланади.

Билдирилган шу ва бошқа фикр-мулоҳазалар асосида ЎзХДП фракцияси аъзоларининг сайлов округларидаги фаолиятини такомиллаштириш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

Тўлқин ТЎРАХОНОВ


DB query error.
Please try later.