11.03.2014

ЎзХДП САФИДАГИ ФАОЛ АЁЛЛАР

давлат ва жамият бошқарувида янада масъулият билан иштирок этиши зарур

Аёлнинг фаоллиги, жамият олдидаги бош вазифаси, аввало, оиладан бошланади. Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқчи бўлган аёл биринчи навбатда баркамол фарзандларни тарбия қилади. Ана шу олий бурчини шараф билан бажариш баробарида турли соҳаларда, хусусан, давлат ва жамият­ни бошқариш ишларида ҳам муносиб иштирок этаётган хотин-қизларимиз меҳнати алоҳида эътирофга сазовар бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Ўзбекистон хотин-қизларига байрам табригида бу яна бир бор ўз ифодасини топди. Бугунги кунда хотин-қизларимиз мамлакатимизнинг сиёсий-ижтимоий ҳаётида, ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш жараёнларида фаол иштирок этаёт­гани эътироф этилди. Минг­лаб аёллар сиёсий партиялар, маҳаллий ҳокимият ва вакиллик органларида, нодавлат ташкилотлар тизимида самарали меҳнат қилаётгани қайд этилди.

Ҳақиқатан ҳам давлатимиз томонидан яратиб берилаётган имконият ва шароит туфайли мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги тобора ортиб бормоқда. Буни Ўзбекистон ХДП сафидаги хотин-қизлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Партиямиз аъзолари бўлган 171 минг нафардан зиёд хотин-қиз дастурий ғояларимизни амалга оширишда, электорат манфаатини ҳимоя этишда фаол қатнашиб келмоқда. Туман ва шаҳар партия кенгашларининг 39 таси, бошлан­ғич ташкилотларнинг эса 3986 тасига хотин-қизлар етакчилик қилмоқда.

2009 йилги сайловларда ЎзХДП­дан Олий Мажлис Қо­нунчилик палатасига сайланган депутатларнинг 8 нафарини, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқор­ғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига сайланган депутатларнинг 42 нафарини, туман, шаҳар Кенгашларига сайланган депутатларнинг эса 416 нафарини хотин-қизлар ташкил этди.

Бундан ташқари, ЎзХДП аъзоси бўлган хотин-қизларнинг давлат ҳокимияти ва бош­қаруви органлари фаолиятидаги иштироки ҳам йилдан-йилга фаоллашиб бормоқда. Эътибор қаратадиган бўлсак, давлат бошқаруви органларида фаолият олиб бораётган ЎзХДП аъзолари бўлган хотин-қизлар 2010 йилда 7000 нафарни ташкил этган бўлса, 2013 йилда улар сони 10000 нафарга етди. Корхона ва ташкилотлар раҳбарлари бўлган хотин-қиз партиядошларимиз 15000 нафарни ташкил этмоқда.

Буларнинг барчаси пар­тиямизнинг дастурий мақсадларини рўёбга чиқариш, хотин-қизлар манфаатларини ҳимоя қилиш, мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш, давлат ҳам­да жамият ишларини бошқаришда ЎзХДП сафида бўлган хотин-қизларнинг ўрни тобора мустаҳкамланиб бораётганидан далолатдир.

Табрикда Президентимиз айни вақтда ҳаммамиз яхши тушунамизки, хотин-қизларимиз учун янада қулай шароит яратиш, уларнинг оғирини енгил қилиш, ўз билим ва профессионал малакаси, истеъдод ва салоҳиятини амалда намоён этишига кенг йўл очиб бериш бўйича ҳали кўп иш қилишимиз керак, деб алоҳида таъкидлади. Бундан кўриниб турибдики, партиямизнинг «Фаол аёллар» қаноти зиммасида ҳам катта вазифалар турибди. Айниқса, хотин-қизлар учун янги иш ўринлари ташкил этиш, уларнинг манзилли ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, ижтимоий жиҳатдан фаол, сиёсатчи аёллар сафини янада кенгайтириш бундан кейин ҳам фаолиятимизнинг асосий йўналишларидан бўлиб қолаверади. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, «Соғлом бола йили» Давлат дастурида «Фаол аёллар» қаноти фаолиятига бевосита дахлдор вазифалар ҳам оз эмас. Табрикда билдирилган юксак эҳтиром ва ишончга янада ғайрат билан меҳнат қилиб, ҳозиргидан ҳам катта ютуқларга эришиб жавоб қайтаришга аёлларимизнинг кучи, салоҳияти етади, деб ўйлайман.

Гулшан АCАТОВА,

ЎзХДП Марказий Кенгаши Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш сектори мудири.



DB query error.
Please try later.