11.03.2014

БИР НЕЧТА СИЁСИЙ ПАРТИЯ КЕЛИШУВИ АСОСИДА ЯНГИ ҲУКУМАТ ТУЗИЛДИ. БИРОҚ...

Исроил парламенти (Кнессет) тарихида ҳозиргача ҳеч бир сиёсий партия мутлақ кўпчилик ўринни эгаллай олмаган. Халқаро экспертлар бунинг сабаблари ҳақида турлича фикр билдиради. Баъзилар бу давлатда сиёсий партиялар жуда фаол, улар ўртасида ҳокимият учун кураш кескин кечади, деса, бошқалар гап сайловчиларда, дейди. Сайловчилар қайси партия, қайси етакчига, қандай ғояни илгари сургани учун овоз бераётганини яхши билади, шу сабабли ҳеч бир партия яққол устунликка эриша олмайди...

Бундай фикрларни узоқ давом эттириш мумкин. Лекин Исроил парламентининг бошқа кўплаб мамлакатлар парламентларида кузатилмайдиган яна бир хусусияти ҳақида алоҳида тўхталмоқ керак. Яъни, сиёсий партиялар Исроил парламентига кириш ҳуқуқига эга бўлиш учун умумий сайловчиларнинг 2 фоиз овозини олиши етарли. (Демократия ривожланган қатор давлатларда эса мазкур кўрсаткич 5 фоизни ташкил қилади.) Шунинг учун бўлса керак, аксарият ҳолларда парламентга 10 дан ортиқ сиёсий партия ўз вакилларини жойлаштиришга муваффақ бўлади. Сиёсий партияларнинг кўплиги, дастурларининг хилма-хиллиги Кнессетдаги муҳокамалар кескин тус олишини таъминлайди. Қарорлар қабул қилиш жараёни бирон сиёсий партия фракцияси ёхуд сиёсий блокнинг мутлоқ таъсири остида қол­майди.

Қизиғи шундаки, Исроилнинг оддий фуқаролари парламентга кириб, Кнессет мажлисларини бевосита кузатиб бориш ҳуқуқига эга. Парламентда бунинг учун зарур шароит яратиб берилган.

Исроил тақдири билан боғлиқ барча қарорлар Кнессетда қабул қилинади. Парламент қўллаб-қувватламаса, ҳукумат ўз фаолиятини давом эттира олмайди. Кўриниб турибдики, парламент сайловлари Исроилда кўп нарсани ҳал қилади.

Энг кўп ўринни олган бўлиши­га қарамай, етакчи партиялар парламентдаги бошқа партиялар билан муроса қилишга мажбур. Кнессетга муддатидан олдин ўтган 2013 йилги сайловда ҳам шундай бўлди.

Сайлов олдидан давлат бош­қаруви ҳамда иқтисодиётни ислоҳ қилиш ташаббуси билан чиқиб, парламентда 31 депутатлик ўрнини қўлга киритган «Ликуд Исроил Бейтейну» («Ликуд» ва «Бизнинг уй Исроил» партия­лари) сиёсий бирлашмаси 19 депутатлик ўрнини олган «Еш Атид» («Келажак бор»), шунингдек, «ха-Баит ха-Йехуди» («Яҳу­дий уйи», 12 ўрин), ­­«Ха-Тнуа» («Ҳаракат», 6 ўрин) партиялари билан коалиция келишувига келди. Яъни, улар парламентда кўпчилик — 68 депутатлик ўрнини эгаллади.

Айтиш керакки, мазкур келишув тузилишида асосан социал-демократия ғояларини ҳимоя қиладиган «ха-Баит ха-Йехуди» партияси муҳим роль ўйнади. Ижтимоий ҳимояга асосланган эркин демократияни ёқлайдиган ушбу партия иқтисодий-ижтимоий имкониятлардан кам даромадли фуқаролар ҳам фойдаланиши учун шароит яратиш, айниқса, ёшларни қўллаб-қувватлаш, ёш оилаларга ҳар томонлама ёрдам бериш каби кўплаб ижтимоий масалаларда таклифларни илгари сурди.

«Еш Атид» партияси эса сайловчиларнинг эътиборини  коррупцияга қарши курашиш, таълим ислоҳоти ва ҳарбий хизматга чақирув масалаларида тенгликни таъминлашга қаратди.

Умуман, Исроилда аниқ ижтимоий йўналтирилган ислоҳотларни амалга ошириш билан боғлиқ ғояларни қўллаб-қувватловчилар тобора кўпайиб бораётгани қайд этиляпти.

Бу давлатдаги бир нечта сиёсий партия марказчилар позициясини маъқул кўради, яъни улар муайян ижтимоий масалаларда аниқ бир ёндашувни ҳи­моя қилмайди, уларнинг дастурий йўналишлари жуда тез ўзгариши мумкин.

Балки, шунинг учунми, ўтган йи­ли Исроилда бир нечта сиёсий партия келишуви билан тузилган ҳукумат муваффақиятига, уларни қўллаб-қувватловчи пар­ламентдаги кўпчиликнинг сақ­ланиб қолишига маълум экс­пертлар ишонмаяпти.

Ўзига хос томони, депутатлар партия­вий мансублигидан қатъи назар ўзаро келишган ҳолда, бирон ҳаракатга қўшилиши, бутунлай янги фракция тузиши мумкин. Янги фракция тузилишини парламентнинг тегишли комиссияси маъқуллаши етарли. (2012 йил Кнессетда шундай ҳолат кузатилган.) Ана шу сабаблар ҳам Исроил парламентида мувозанатлар тез ўзгариши мумкинлигини кўрсатмоқда.

Кнессетдаги энг йирик фракциялар­дан бири «Авода» пар­­­тия­сига тегишлидир. Социал-демократик ғояларни амалга ошириш тарафдори бўл­ган, таълим тизимини ислоҳ қилиш, замонавий, сифатли тиббий хизматдан фойдаланишда ҳаммага тенг имконият яратиш, уй-жой масалаларида кам таъминланганларга, ёш оилаларга ёр­дам кўрсатиш, иш ўринлари барқарорлиги каби ғояларни илгари сурган мазкур партия фракцияси парламентда қарорлар қабул қилинишида ўз таъсир кучига эга. Айтиш керакки, бу партия 1992-2000 йиллар оралиғида Исроилда икки марта коалиция ҳукуматини бош­қарган.

Амалдаги коалиция ҳукуматига оппозицияда турган ушбу партия тарафдорлари вақт ўтган сари ошиб бораётгани айтиляпти. Партия етакчиси ҳукумат юргизаётган сиёсатнинг нотўғри жиҳатлари, салбий оқибатларига танқидий муносабат билдир­япти. Исроилдаги мавжуд ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал қилишда «Авода» партияси ёндашувларининг афзалликларини исботлаб беряпти.

Шу ўринда ҳозирда Исроилда социал-демократик ғояларни афзал кўрадиган бошқа сиёсий партияларнинг ҳам анча фаоллигини айтиб ўтиш жоиз. Кнессетда 6 та депутатлик ўр­нини эгаллаган «Мерес» пар­тияси шулар жумласидан.

Хулоса шуки, сиёсий партиялар ўртасидаги рақобат, мамлакатни ривожлантириш масалалари бўйича ғоя ва таклифларнинг кўплиги давлат бошқарувини демократик тамойиллар негизида ташкил этишнинг асосий омили ҳисобланади.

Сайфулла ЭШБОБОЕВ



DB query error.
Please try later.