08.03.2014

ХУСУСИЙЛАШТИРИШ РИВОЖЛАНИШНИ,ИШ ЎРИНЛАРИ БАРҚАРОРЛИГИНИ КАФОЛАТЛАШИ ЛОЗИМ

Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида кўриб чиқилаётган «Хусусийлаштириш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси бўйича фракциялар­аро мунозаралар тобора қизғин тус олмоқда.

Депутатлар мустақилликнинг дастлабки йилларидаги иқтисодий ислоҳотлар жараёнида хусусийлаштиришнинг ҳуқуқий асосларини яратган Ўзбекистон Республикасининг «Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида»ги қонуни ҳозиргача Ўзбекистоннинг бозор иқтисодиётига босқичма-босқич ўтишини таъминлашда, мулкни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришни ўзига хос тарзда амалга оширишда муҳим ҳужжат сифатида хизмат қилганини таъкидлашмоқда.

Шу билан бирга, замонавий бозор иқтисодиёти муносабатлари, талаблари ўзгараётган, ишлаб чиқаришни ривожлантириш, хизмат кўрсатишни кенгайтириш, умуман, иқтисодиётни ислоҳ қилиш мезонлари тубдан такомиллашиб бораётган ҳозирги шароитда хусусийлаштириш билан боғлиқ ҳуқуқий масалаларга ечим топиш тақозо этилаяпти.

«Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси»да «Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида»ги қонунни бугунги кун талаблари асосида қайта кўриб чиқиш белгилаб берилган.

«Хусусийлаштириш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси айни шу мақсадда ишлаб чиқилган. Унда иқтисодиётда хусусий сектор улушини кенгайтириш ва кўпайтириш, хусусийлаштириш битимларининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш, инвесторларнинг барча тоифаларига бир хил қулайликлар яратиш, бу борада замонавий стратегияни ишлаб чиқиш ҳамда амал­даги хусусийлаштириш амалиётини тартибга солиш масалалари кўзда тутилган.

Қонун лойиҳасида асосий тушунчаларга таъриф берилган. Хусусан, «инвестициявий мажбуриятлар» ва «ижтимоий мажбуриятлар» каби тушунчаларга таърифлар келтирил­гани, шунга мувофиқ равишда тегишли меъёрлар кўзда тутилаётгани хусусийлаштириш жараёнларини ҳар томонлама такомиллаштиришда муҳим ўрин тутиши айтиляпти.

ЎзХДП фракцияси хусусийлаштириш масаласига пар­тия дастурида белгиланган вазифалар амалга ошиши нуқтаи назаридан ёндашаяпти. Фракция аъзоларининг қайд этишича, хусусийлаштириш жараёнларининг самарали йўлга қўйилиши иш ўринларини ташкил этиш, сақлаш, уларнинг барқарорлигини таъминлаш, ички бозорни ўзимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар билан бойитиш, хизмат кўрсатиш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш масалаларига ижобий таъсир этиши билан аҳамиятли.

Бироқ ЎзХДП фракцияси қо­нун лойиҳасидаги бир қа­тор муҳим масалалар бўйича ЎзЛиДеП фракциясининг позицияси билан келиша олмаяпти.

ЎзЛиДеП фракцияси хусусийлаштириш жараёнлари бир неча босқичларни (хусусийлаштириш бўйича тақдим этилган буюртмаларни кўриб чиқиш, хусусийлаштириш давлат дастурини тайёрлаш, хусусийлаштирилаётган объект нархини белгилаш ва ҳ.к.) қамраб олишини назарда тутиб, уларни амалга ошириш муддатлари аниқ чеклаб қўйилмаганига эътибор қа­ратаяпти. Уларнинг фикрича, ху­сусийлаштириш жараёнларида ортиқча расмиятчиликлар юзага келмаслиги ҳамда муддатларнинг асоссиз узайтирилмаслиги учун хусусийлаштириш бос­қичларининг аниқ муддатлари белгиланиши қо­нун талабларини янада кучайтиради. ЎзЛиДеП фракцияси бунда муддатлар имкон даражасида қисқа бўлиши керак, деб ҳисобламоқда.

ЎзХДП фракцияси эса хусусийлаштириш масаласида шошма-шошарлик мақсадга мувофиқ эмаслигини айтмоқда. Фракция аъзоларининг таъкидича, давлат мулки бўлган объ­ектларнинг хусусийлаштирилиши маълум ҳолларда хусусийлаштирилаётган объект билан боғлиқ меҳнат жамоалари манфаатлари, қонуний ҳақ-ҳуқуқларига узвий алоқадордир.

Хусусийлаштиришнинг мақ­сади давлат мулкини имкон қа­дар тез муддатда бошқа шахсга сотиш бўлмаслиги ке­рак. Аксинча, муайян объект ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатишни ривожлантириш кафолатлари таъминланган ҳолда, хусусийлаштиришга бе­рилиши лозим. Қонун лойи­ҳаси билан яратилаётган ҳуқу­­қий тизим, аввало, шунга хизмат қилиши талаб эти­лади.

Албатта, тадбиркор, яъни давлат мулкини хусусийлаштириб олаётган шахс қисқа фурсатда бунга эришишни истайди ва бу табиий. Лекин мазкур жараёнда хусусийлаштирилаётган объ­ектнинг келажаги қандай бўлиши, меҳнат жамоаларининг ман­фаатлари қай даражада ҳи­моя қилиниши кафолатлари таъминланиши долзарб масаладир.

ЎзХДП фракцияси қонун ло­йи­ҳасида хусусийлаштириш объ­ектига бўлган мулкий ҳуқуқ­ни расмийлаштириш тартиби билан боғлиқ белгиланаётган меъёрларни ҳам такомиллаштириш керак, деб ҳисоблаяпти.

Қонун лойиҳасига кўра, хусу­сийлаштириш объектига бўл­ган мулкий ҳуқуқ янги мулкдорга бундай ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатни олган пайтдан бошлаб ўтиши, мулкий ҳу­қуқни тасдиқловчи ҳужжатлар­ни бериш тартиби ва шартлари эса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланиши назарда тутилаяпти.

ЎзХДП фракцияси аъзоларининг фикрича, хусусийлаштириш объектига бўлган мулкий ҳу­қуқ кафолатлари қонун лойиҳасида аниқ-равшан белгилаб қў­йилиши лозим. Мулкий ҳуқуқ­ни расмийлаштириш жараёнида турли хил сансоларликлар, бюро­кратик тўсиқлар юзага келиши­га, шунинг натижасида меҳнат жамоалари, умуман, давлат ва жамият манфаатларига зиён етишига йўл қўйиб бўлмайди. Бу ўринда қонуннинг ҳавола нормалар орқали эмас, тўғридан-тўғри ижро этилиши масаласига эътибор қаратиш керак бўлади.

Қонун лойиҳасига мувофиқ, ижтимоий мақсадлардаги объ­ектларни хусусийлаштиришнинг мажбурий шарти назарда тутил­япти. Унга асосан ижтимоий аҳа­миятдаги объектларнинг фао­лият йўналишини хусусийлаштириш шартлари тўғ­рисидаги қарор билан белгиланган муддат мобайнида, лекин хусусийлаштирилган пайтдан бошлаб уч йилдан кам бўл­маган муддатга сақлаб қолиш (қонун ҳужжатларида, шунингдек, давлат мулки бўлган объ­ектларни тасарруф этувчисининг қа­рорида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно) белгилаб қўйилаяпти.

Бунда кўрсатилган объектлар мақсадларини ўзгартириш қо­нун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат мулки бўлган объектларни тасарруф этувчиси билан келишган ҳолда амалга оширилади. Хусусийлаштирилган ижтимоий соҳа объектининг фаолият мақсадини сақлаш шартлари белгиланган муд­дат мобайнида харидор томонидан бузилган тақдирда ваколатли органнинг талабига кўра (агар шартномада тарафларнинг келишуви билан бундай шарт белгиланган бўлса) олди-сотди шартномаси суд қарори бўйича ёки бир томонлама тартибда бекор қилиниши кўзда тутилаяпти.

ЎзХДП фракцияси бу ўринда ваколатли орган билан бирга, ўша ҳудудда жойлашган маҳалла фуқаролар йиғинига ҳам ваколат бериш масаласига эътибор қаратмоқда. Бу таклиф ҳу­дудлардаги турли ижтимоий масалаларни ҳал қилишда ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳуқуқий имкониятларини кенгайтириш бўйича юртимизда олиб борилаётган ёндашувга мувофиқдир. Фракция аъзолари мазкур масаланинг ижтимоий шериклик асосидаги муносабатларни такомиллаштиришдаги аҳамиятини ҳам қайд этиш­моқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги қонун ижодкорлиги жараёнига жорий этилган демократик мезонлар фракцияларга қонун лойиҳаси ҳақидаги қатъий позиция­ларини шакллантириш ҳамда ҳимоя қилиш имконини яратиб берган. Ҳар бир таклиф ёки мулоҳаза кенг ва атрофлича кўриб чиқилади. Кескин муҳокамалар жараёнида асос­ли, деб топилган таклифларгина қонун лойиҳасида акс этади.

Тўлқин ТЎРАХОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.