Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
08.03.2014

Меҳр-муҳаббат, гўзаллик, фидойилик рамзи

“Туркистон” саройида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини янада юксалтириш йўлида изчиллик билан амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида хотин-қизларнинг мавқеини юксалтириш, уларни қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга устувор аҳамият қаратилмоқда. Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан бўлиб ўтаётган тадбирларда бу жиҳатлар яна бир бор ўз ифодасини топмоқда.

Турли соҳаларда самарали меҳнат қилаётган хотин-қизлар 7 март куни Тошкентдаги ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гуллар қўйди. Пойтахтимиздаги ибратли маҳаллалар, болалар ва ўсмирлар спорт мактаби, мактабгача таълим ва тиббиёт муассасалари фаолияти мисолида оила, оналик ва болаликни ҳимоялаш, қизлар саломатлиги ҳақидаги ғамхўрликнинг самаралари билан танишди.

Шу куни “Туркистон” саройида ушбу сана муносабати билан тантанали йиғилиш бўлиб ўтди. Унда сенаторлар, депутатлар, ижтимоий-иқтисодий, илм-фан, маданий-маърифий соҳаларда фидокорона меҳнат қилаётган аёллар, хотин-қизлар қўмиталари фаоллари, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар, турли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари вакиллари, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари иштирок этди.

Тантанали йиғилишни Тошкент шаҳар ҳокими Р.Усмонов очди.

Президентимиз Ислом Каримовнинг Ўзбекистон хотин-қизларига байрам табригини Президентнинг Давлат маслаҳатчиси Х.Султонов ўқиб эшиттирди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Э.Боситхонова ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида ҳеч кимдан кам бўлмаган авлодни вояга етказиш, уларга замонавий касб-ҳунар сирларини ўргатиш, Ватанимиз обрўси ва нуфузини тобора юксалтиришнинг муҳим шарти сифатида хотин-қизларга ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга устувор вазифа сифатида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

Мустақилликнинг дастлабки кунларидаёқ Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг ташкил этилиши хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини тўла таъминлаш, уларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, оила, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш каби эзгу йўналишлардаги ишлар кўламини янада кенгайтириш имконини берди.

Давлатимиз раҳбарининг 2004 йил 25 майда қабул қилинган “Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони аёлларни ижтимоий ҳимоялашга оид ишларни кучайтириш, саломатлигини мустаҳкамлаш, фаолияти хотин-қизларга оид жамоат тузилмалари ишини доимий мувофиқлаштириш бўйича амалий чора-тадбирларни янги босқичга кўтаришда муҳим дастуриламал бўлаётир.

Она ва бола скрининги, перинатал марказлари, ихтисослаштирилган тиббиёт муассасалари, оилавий поликлиникалар, замонавий қишлоқ врачлик пунктлари хотин-қизлар саломатлигига ғамхўрликни янада кучайтириш имконини бермоқда. Шу билан бирга, бадиий гимнастика, синхрон сузиш каби спортнинг нафис турлари жадал ривожланиб, жаҳон андозалари даражасидаги мактаблар, спорт-соғломлаштириш мажмуаларининг барпо этилаётгани чекка ҳудудларда ҳам қизларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этишда муҳим омил бўлмоқда.

Бир қатор ижтимоий дастурлар самарасида аёлларни иш билан таъминлаш, улар учун муносиб меҳнат ва турмуш шароитларини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 2013 йилда хотин-қизлар учун 466 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш, ўз бизнесини бошлаш истагидаги хотин-қизларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, улар учун имтиёзли кредитлар ажратишга катта аҳамият берилди.

Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида барпо этилаётган уй-жойлар аёлларнинг оғирини енгил қилиш, уларнинг ҳаёт даражаси ва сифатини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда. Маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, гўзаллик салонлари, миллий ва замонавий либослар ательелари қуриб, фойдаланишга топширилаётгани хотин-қизлар учун муносиб турмуш шароитларини яратиш, уларнинг янада кўркам ва латофатли бўлишига имкон яратмоқда.

Фуқаролик жамиятини ривожлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар туфайли хотин-қизларнинг маҳаллалар фаолиятидаги ўрни тобора мустаҳкамланмоқда. Бугунги кунда фуқаролар йиғинлари тизимида меҳнат қилаётган аёллар кўпчиликни ташкил этаётгани, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчи лавозимида элда обрў топган аёлларнинг фаолият олиб бораётгани қизларни эрта турмушга узатишнинг олдини олиш, тўйларни ихчам тарзда ўтказишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

– Хотин-қизларни қадрлаш, доимий эътибор ва ғамхўрликни кундалик турмушда, меҳнат фаолиятимизда, фарзандларни ҳар жиҳатдан соғлом ва баркамол инсонлар этиб вояга етказишда ҳис этмоқдамиз, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа тумани ҳокими ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Гулхумор Айтбоева. – Давлатимиз раҳбари томонидан Соғлом бола йили, деб эълон қилинган жорий йилда хотин-қизлар учун муносиб шароитлар яратиш, қизлар саломатлиги ҳақида ғамхўрлик кўрсатишга оид ишлар кўлами ортмоқда.

Президентимиз Ислом Каримовнинг жорий йил 3 мартда қабул қилган қарорига мувофиқ бу йил 16 қизга Зулфия номидаги Давлат мукофоти берилди. Бу истеъдодли қизларни рағбатлантириш борасидаги ғамхўрликнинг амалдаги яна бир ёрқин намунасидир. Тадбирда мазкур мукофотлар топширилди.

Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибалари – Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети қошидаги 1-академик лицейнинг 2-босқич ўқувчиси Айжамал Жолдасбаева, Қарши давлат университетининг 4-босқич талабаси Мафтуна Нодирова, Навоий вилояти Зарафшон компьютер технологиялари коллежи 1-босқич ўқувчиси Зария Қосимова истеъдодли қизларни қўллаб-қувватлаш, хотин-қизларни жамият ҳаётидаги фаоллигини янада ошириш борасида кўрсатаётган доимий эътибори ва ғамхўрлиги учун Президентимиз Ислом Каримовга самимий миннатдорлик билдирди.

Кечада санъат усталари ва ижрочи ёшлар иштирокида концерт дастури намойиш этилди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси И.Собиров, Қонунчилик палатаси Спикери Д.Тошмуҳамедова, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.Мирзиёев иштирок этди.

ЎзА



DB query error.
Please try later.