06.03.2014

«ИЖТИМОИЙ ШЕРИКЛИК ТЎҒРИСИДА»ГИ ҚОНУН ЛОЙИҲАСИ

парламентда кўриб чиқилиши маъқулланди

Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши Мувофиқлаштирувчи гуруҳнинг ахборотини эшитиб, «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги қонун лойиҳасини дастлабки тарзда кўриб чиқиш учун масъул қўмитани белгилади. Шу билан бирга, фракцияларга қонун лойиҳаси ва унга илова қилинган материалларни топширди.

Қонунчилик палатаси Регламентига мувофиқ, қонун лойиҳасини кўриб чиқиш учун қабул қилиш тўғрисида таклифлар бериш устида ишлаш масъул қўмита ва фракциялар томонидан бир вақтнинг ўзида бошланди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги мажлисида шу билан боғлиқ масала муҳокама этилди.

Таъкидлаш лозимки, фуқаролик жамияти инс­титутларининг янада ривожланиши, ислоҳотларнинг очиқлиги ва самарадорлиги таъминланишида «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги қо­нуннинг қабул қилиниши долзарб аҳамиятга эга. Ушбу қонун лойиҳаси ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини амалга ошириш, муҳим ижтимоий масалаларни ҳал қилиш, аҳолининг турли қатламлари ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамияти институтларининг давлат органлари билан ўзаро муносабатлари чегараларини аниқ белгилаш, бу борадаги ташкилий-ҳу­қуқий механизмларни такомиллаштиришда муҳим ўрин тутади.

Абдуманноб РАҲИМОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Қонун­чилик ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси раиси, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Қонун лойиҳасида, энг аввало, амалдаги қонун нормалари, мил­лий ва халқаро амалиётдан келиб чиққан ҳол­да ижтимоий ше­риклик тушун­часи, унинг субъектлари, прин­циплари ва асосий хусусиятларига таъриф берилган.

Яъни, «ижтимоий шериклик» ту­шунчаси ижтимоий-иқ­тисодий ри­вожланиш дастурлари, тармоқ, минтақавий ва ҳудудий дастурлар, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига дахл­дор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек, бошқа қарорларни ишлаб чиқиш, амалга оширишда давлат органларининг ННТ билан ўзаро ҳамкорлиги сифатида белгиланмоқда.

Қонун лойиҳасида мамлакатимизни модернизация қи­лиш ва демократик янгилаш бўйича устувор йўналишлардан келиб чиққан ҳолда ижтимоий шерикликнинг қуйидаги асосий соҳалари назарда тутилмоқда. Жумладан, аҳолини ижтимоий ҳимоя қи­лиш, фаоллигини ошириш, иш билан таъминлаш, кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, атроф-муҳитни асраш, баркамол ва соғ­лом авлодни шакллантириш, оналик ва болаликни муҳофаза этиш ҳам­да фуқароларнинг ҳуқуқий ма­даниятини ошириш асосий йўналишлар ҳисобланяпти.

Қонун лойиҳасида дав­лат ор­ганларининг ННТ билан ўзаро муносабатларининг ташкилий-ҳуқуқий механизм­лари, муҳим ижтимоий масалаларни ҳал қи­лишда улар­нинг иштирок этиш шакллари ва усуллари ҳам аниқлаш­тирилмоқда.

Шу билан бирга, қонун лойиҳасида ижтимоий шерикликни кучайтириш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар белгиланмоқда.

Назира МАТЁҚУБОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Бугун жамият ҳаётида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бош­қа институтларининг роли кенга­йиб, ижтимоий-иқтисодий муносабатлардаги ўрни тобора чуқур­лашиб бормоқда. Демак, фуқароларнинг демократик-ҳу­қуқий давлат, кучли фуқаролик жамия­ти барпо этишдаги иштирокининг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш долзарб аҳамият касб этади. Хусусан, дав­лат ҳокимия­ти ва бошқаруви ор­ганлари фао­лиятининг очиқ-ош­ко­ралиги ва самарадорлигини, сиёсий қарорлар қабул қи­лиш ва амалга ошириш жараёнларида фуқаролик инс­титутлари иштирокининг ҳу­қуқий асосларини мустаҳкамлаш талаб этилмоқда.

Бундай шароитда жамият ва давлат ўртасидаги ўз­аро муносабатларнинг алоҳида йўлини яратишга ҳам­да самарали фаолиятини ташкил этишга эҳтиёж сезилмоқда.

Маълумки, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сайловолди дастурида ҳу­дудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, ҳу­дудий дастурларнинг ижросини таъминлаш, бу борада нодавлат нотижорат ташкилотлар билан ҳамкорликни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. Шу боис «Ижтимоий шериклик тўғрисида»ги қонун лойиҳасида белгиланаётган меъёрлар ЎзХДП дастурий мақсадларини амалга ошириш, ижтимоий соҳани янада ривожлантириш билан боғлиқ масалаларни ҳал этишда муҳим аҳамиятга эга бў­лади. Фракция аъзолари қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасида кўриб чиқиш учун қабул қилишни маъқуллади.

Мажлисда қонун лойиҳаси бўйича таклифлар тайёрлаш ва уни тақдим этиш учун фракция аъзолари ва экспертлардан иборат ишчи гуруҳи тузилди. Фракция қонун лойи­ҳасини дастлабки тарзда муҳокама қилиш якунлари билан боғлиқ фикр ва таклифларини масъул қўмитага тақдим этади.

Нурали ОРИПОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.