Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Noyabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
29 30 31 1 2 3 4
5 6 7 8 9 10 11
12 13 14 15 16 17 18
19 20 21 22 23 24 25
26 27 28 29 30 1 2
06.03.2014

ФУҚАРО МУҲОФАЗАСИ — ҲАЁТИЙ ЗАРУРАТ

Тасаввур қилинг, кутилмаганда фавқулодда вазиятга тушиб қолдингиз. Яқинларингиз ёнингизда бўлса, қўлидан келса, ёрдам беради, албатта. Аммо бунинг иложи бўлмаса-чи? Бундай ҳолларда фавқулодда вазиятлар вазирлигининг қутқарув хизмати ходимлари жонингизга оро киради.

Мамлакатимиз ҳудудларини, одамларни табиий, техноген ҳамда экологик хусусиятли фав­қулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг бош вазифаси ҳисобланади.

Фавқулодда вазиятларда ҳа­ракат қилиш масалаларини ҳал этиш учун махсус давлат тизими (ФВДТ) ташкил этилган. Ўтган даврда башоратлаш, ахборот-таҳлилий ишлар, турли дастурлар яратиш ва уларни амалга ошириш, фуқаро муҳофазаси куч ва воситаларининг жанговар тайёргарлигини таъминлаш, давлат захираларини яратиш, авариялар, ҳалокатлар, табиий офатларни бартараф қилиш ва халқаро ҳамкорлик борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.

Ўзбекистон қутқарув хизмати ҳам сифат, ҳам сон жиҳатдан мус­таҳкамланди. Уларнинг сафи довюрак қутқарувчилар, малакали спортчилар билан тўлдирилди. Тез ҳаракат қилиш республика кўп тармоқли маркази, Чирчиқ шаҳридаги махсус қидирув-қутқарув қисми, «Қамчиқ» довони қидирув-қутқарув отряди ташкил қилинди. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги авария-қутқарув гуруҳлари кенгайтирилди ва мус­таҳкамланди. Барча бўлинмалар замонавий асбоб-ускуналар, қутқарув техникаси билан жиҳозланган, улар учун замонавий бинолар қурилган, мавжудлари қайта таъмирланмоқда.

Кинология, сувдан қутқариш республика ғоввослари мактаби ташкил этилди. Ҳар йили кенг кўламли муҳандислик-профилактик тадбирлар ўтказилмоқда. Ўтган йиллар мобайнида кўчки, сел, сув тошқини хавфи бўлган жойлардан, тоғли ҳудудлардан минглаб аҳоли текис, хавфсиз жойларга муқим яшаш учун кўчирилди. Аҳоли яшаш масканларига сув ва газ қувурлари ўтказилди, электр узатиш тармоқлари тортилди, янги автомобиль йўллари қурилди.

Илғор халқаро тажрибани ҳаётга жорий қила бориб, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджети ҳисобидан «Қутқарув хизмати» ташкил этилди.

Қутқарув хизматининг фаолият кўлами шунчалик каттаки, баъзида ҳеч кўзда тутилмаган масалалар бўйича ҳам фуқаролар мурожаат қилишади. Мисол учун, пойтахтнинг қутқарув хизмати ташкил этилгандан буён, яъни салкам 18 йил давомида тош­кент­­ликларнинг 100 мингга яқин буюртмаси бўйича хизмат кўрсатилди, минглаб фавқулодда вазиятларнинг олди олинди.

Қутқарувчиларимиз нафақат мамлакатимизда, балки бошқа давлатларда рўй берган турли фавқулодда вазиятларда ҳам аҳолига ёрдам кўрсатиб келмоқда. 1999 йилда Туркиянинг Измит ва Адапазари вилоятлари ҳамда Сакария шаҳарларидаги зилзила оқибатларини бартараф қилишда дунёнинг 68 давлатидан қутқарувчилар иштирок этиб, шундан 8 та давлат вакилларининг меҳнатлари алоҳида эътироф этилган эди. Улар орасида ўзбекистонлик қутқарувчилар ҳам бор эди.

Покистонда рўй берган муд­ҳиш зилзила 55 мингга яқин инсонни ҳаётдан олиб кетди, 3 миллиондан зиёд аҳоли бошпанасиз қолди. Талафот кўрганларга биринчи нав­батда зарур бўлган озиқ-овқат, дори-дармон, кийим-кечак, палаткалар ва бошқа беғараз ёрдам жиҳозлари ўз вақтида Ўзбекистондан етказиб берилди.

Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш масалаларида Тошкент, Бухоро, Андижон шаҳарлари Германиянинг Берлин, Бонн, Бохум шаҳарлари билан биродарлашган. Ўтган даврда кўп­лаб бошқа хорижий мамлакатлар билан ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилди.

Ўз навбатида ФВВнинг 50 дан ортиқ ходими дунёнинг турли мамлакатларида ўтказилган халқ­аро семинарлар, курслар ва конференцияларда фаол қатнашди. Кинологлар Германияда пухта тайёргарликдан ўтиб келишди. Айни пайтда узлуксиз давом этаётган халқаро алоқаларимиз ўзининг ижобий самарасини бермоқда.

Фуқаро муҳофазаси ишлари бундан буён ҳам такомиллаштириб борилади, чунки, бу — ҳаётий заруратдир.

Азамат СУЮНОВ,

журналист.


DB query error.
Please try later.