04.03.2014

ИСЛОҲОТЛАРНИНГ БУГУНГИ БОСҚИЧИ

фаолиятимизни изчил кучайтириб боришни талаб этмоқда

— Мамлакатимизда рўй бераётган сиёсий жараёнларни кузатиб, унда фаол иштирок этишга қизиқардим, — дейди Навоий давлат педагогика институти талабаси, ЎзХДП аъзоси Феруза Қаршиева. — Шу мақсадда Ўзбекистон Халқ демократик партиясига аъзо бўлдим. Сиёсий-ҳуқуқий билимларимни мустаҳкамлаш учун партия томонидан ўтказилаётган тадбирларда иштирок этиб келяпман. Улар очиқ мулоқот тарзида ўтаётгани партия аъзоларининг дунёқараши янада кенгайишида муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

ЎзХДП Марказий Кенгаши ташаббуси билан Навоий вилоят партия кенгашида ўтказилган семинарда маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари фаолиятини кучайтириш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда уларнинг иштирокини кенгайтириш, иш ўринлари ташкил этиш ҳамда касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлашдаги ­фаоллигини ошириш билан боғлиқ масалалар танқидий руҳда муҳокама этилди.

— Бугунги куннинг ўзи, ислоҳотлар ва тараққиётнинг айни пайтдаги босқичи олдимизга қўяётган талаблар фаолиятимизни яна бир бор таҳлилий ўрганиш, партиямизнинг жамиятдаги ўрни ва ролини кучайтириш, мамлакат ҳаётидаги турли ижтимоий-сиёсий масалалар юзасидан аниқ позициясини шакллантириб бориш лозимлигини кўрсатмоқда, — деди ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Рустам Комилов. Айниқса, партия фаоллари ва депутатлар олдида электорат манфаатларини тизимли равишда ўрганиб, таҳлил этиб бориш ҳамда ҳимоя қилиш билан боғлиқ ўта муҳим вазифалар турибди. Ҳозирги вақтда янги иш ўринлари ташкил этишни фаол қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ўз мутахассисликлари бўйича ишга жойлаштириш энг долзарб вазифаларимиздан ҳисобланади. Чунки аҳолининг бандлиги даражасини ошириш бир қанча ижтимоий муаммолар ўз-ўзидан ҳал этилишига олиб келади. Бу йўналишдаги ишлар юқори самара бериши учун ҳудудий ривожланиш дастурларининг ижросига ёндашувимизни ўзгартиришимиз, уларга аниқ қўшимча таклифларимизни мунтазам киритиб боришимиз лозим.

Ижтимоий масалаларни ком­плекс ўрганиш ва ҳал этиш юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциямиз ҳамда халқ депутатлари Кенгашларидаги гуруҳларимиз ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш талаб этилади. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси ва маҳаллий ижро органлари фаолияти устидан парламент, депутатлик назоратини ўрнатиш, мамлакат ички ҳамда ташқи сиёсатини амалга ошириш, стратегик вазифаларни белгилаб олишдаги ролимизни фаоллаштиришга эришиш даркор.

Бундан ташқари, партиямизнинг Жамоатчилик қабулхоналари фаолиятидан самарали фойдаланиш, шу орқали жойларда аҳолини ўйлантираётган муаммоларни ўрганиш ва уларни тегишли давлат идоралари орқали ҳал этиш, муҳим масалаларни доимий комиссия ва сессиялар муҳокамасига олиб чиқишимиз зарур.

Аҳад АҲМЕДОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Ижтимоий соҳадаги ислоҳотлар чуқурлашувидан барчамиз бирдек манфаатдормиз. Мамлакатимизда бу соҳани ривожлантириш, биринчи галда таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга жуда катта эътибор қаратилаяпти. Бу ишлар жорий йилда ҳам изчил давом эттирилади.

Демак, шу жараёнда бизнинг биринчи навбатдаги вазифамиз бюджет маблағлари аниқ мақсадларга сарфланиши устидан назоратни кучайтиришдан иборатдир. Бундан ташқари, депутатлар ва электорат вакилларининг ўзаро алоқасини мустаҳкамлаш яна бир муҳим талаблардан биридир. Фақат учрашув, турли тадбирларни кутиб ўтирмасдан, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида доимий мулоқот, фикр алмашув доирасини яратсак, электоратимизни ташвишга солаётган айрим муаммоларни жойида аниқлаш ва бартараф этиш имкониятлари ҳам кенгаяди.

Шерали УМАРОВ,

ЎзХДП Навоий вилоят кенгаши раиси:

Йилдан йилга одамларнинг ҳуқуқий билими ошиб, сиёсий жараёнларга муносабати ўзгариб бораяпти. Айниқса, сиёсий партиялар фаолиятига қизиқиши ортаяпти, уларнинг бир-биридан фарқини таҳлил қилаяпти.

Маҳаллий Кенгашларга пар­тиямиздан сайланган депутатлар Сайловолди дастуримиз ижроси борасида муайян ишларни олиб бораяпти. Хусусан, 2013 йилда партия гуруҳларимиз томонидан 7 масала ўрганилди, 2 таси доимий комиссияларда муҳокама этилди, 3 та масала эса тегишли маҳаллий Кенгашлар сессиялари кун тартибига киритилди.

Бизнинг бу ҳаракатларимиз бевосита электорат манфаатлари билан боғлиқ долзарб масалаларда ижро ҳокимиятининг масъулиятини ошириш, амалдаги қонун ва қарорлар, давлат дастурларининг самарали ижросини таъминлашга қаратилган. Лекин, очиғини тан олиш керакки, қилаётган ишларимиз олдимизда турган муҳим вазифаларга нисбатан жуда оз. Партиянинг ҳар бир ташкилоти, депутатларимиз ва фаолларимиз ўз фаолиятини шундан тегишли хулосалар чиқариб олган ҳолда ташкил этиши талаб этилади.

Раҳимберди БОЙМУРОДОВ,

халқ депутатлари Хатирчи туман Кенгаши депутати, ЎзХДП гуруҳи раҳбари:

— Бугунги кунда халқ депутатлари туман Кенгашида 8 нафар депутатдан иборат гуруҳимиз партиямиз ғояларини ҳаётга татбиқ этиш, электорат манфаатларини рўёбга чиқариш учун курашмоқда. Хусусан, депутатларимиз 2013 йил давомида мансабдор шахслар, муассаса ва ташкилотлар раҳбарларига уларнинг ваколатлари доирасидаги масалалар юзасидан 15 дан ортиқ сўров юборган. Уларнинг аксариятида кўтарилган муаммолар, қўйилган масалалар ижобий ҳал этилишига эришдик. Шунингдек, депутатларимизга йўл қурилиши, аҳоли бандлиги, тоза ичимлик суви, табиий газ ва электр энергияси таъминотини янада яхшилаш билан боғлиқ масалаларда  келиб тушган 30 дан зиёд мурожаатлар мутасадди ташкилотлар кўмагида ижобий ечимини топди. Бундан ташқари, фаолиятимиз самарадорлигига эришиш учун депутатларимиз иштирокида аҳоли билан турли учрашувлар ташкил этиб, уларнинг муаммоларини ўрганаяпмиз.

Семинар ниҳоясига етганидан сўнг Феруза Қаршиеванинг фикрлари билан қизиқдик.

— ЎзХДП депутатларининг юртимизни тараққий эттириш, аҳоли турмуш даражасини яхшилаш борасидаги ишлари ҳақида кўп маълумот олдим. Семинарнинг қизғин савол-жавоблар асосида ўтгани ёш партия аъзолари учун, айниқса, фойдали бўлди. Келгуси тадбирларга жиддий тайёргарлик кўриб, мен ҳам ўз фикрларим билан иштирок этишни ният қилдим.

Илҳом САТТОРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.