04.03.2014

ДЕПУТАТНИНГ БУРЧИ ВА МАСЪУЛИЯТИ

Конституциямиз қабул қилинганининг 21 йиллигига бағишланган тантанали маросимда сиёсий партиялар, улардан сайланган депутатлар фаолияти кучайиши давлат бошқарувини янада демократлаштиришнинг муҳим омили экани алоҳида таъкидланди. Табиийки, сиёсий партия давлат ва жамият ишларини бажаришда иштирок этишининг энг асосий воситаси бу давлат ҳокимиятининг вакиллик органларига сайланган депутатларидир.

Қабул қилинаётган қонунлар сифатини ошириш, уларда аҳолининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳар томонлама ҳисобга олиш, қонунлар ва давлат дастурлари ижросининг самарадорлигини таъминлаш масалалари кўп жиҳатдан миллий парламент, хусусан, унга сайланган депутатлар фаолиятига боғлиқ. Шу жиҳатдан қараганда, парламент Қонунчилик палатаси депутатлари зиммасида катта вазифалар турибди. Суҳбатдошимиз Комила Каромова бу борада муҳим фикрларни билдирди.

— 2010 йилнинг 27 январида Юртбошимиз Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида «Бугунги кунда эл-юртимиз ўзи сайлаган депутатлар ва сенаторларга, ислоҳотлар тақдири учун масъул бўлган барча-барча инсонларга катта умид ва ишонч билан қарамоқда. Бундай юксак ишончни оқлаш барчамиз учун ҳам қарз, ҳам фарздир,» деган эдилар, — дейди у.

— Партиямиздан сайланган депутатлар электорат ишончига муносиб бўлиш учун қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолияти самарадорлигини оширишга ҳаракат қилишяпти.

Депутатларимиз қонун ижодкорлиги билан бирга назорат-таҳлил фаолиятига ҳам алоҳида аҳамият қаратмоқда. ЎзХДП­нинг парламентдаги фракцияси ташаббуси билан ўтган 2013 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг «Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг 2013 йилда бажарилиши давомида касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини эгаллаган мутахассисликлари бўйича ишга жойлаштиришнинг ҳолати ва истиқболда бу ишнинг самарадорлигини ошириш тўғрисида»ги ахбороти эшитилди ва бу ҳақда Қонунчилик палатасининг қарори қабул қилинди. Мазкур эшитувдан олдин ушбу масала жойларда ўрганиб чиқилди. Масалан, мен 123-Насаф сайлов округидан сайланганман. Қарши шаҳри, Ғузор туманидаги ўрганишлар жараёнида касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ўз мутахассисликларига мувофиқ иш билан таъминлашда ижобий ишлар билан бирга, қатор муаммолар борлиги ҳам аниқланди. Жумладан, битирувчиларни ишга жойлаштириш бўйича тақдим этилаётган маълумотларда ҳанузгача нохолис ахборотлар учраб турибди.

Ушбу камчиликлар ва муаммолар ҳокимликлар ҳамда мутасадди ташкилотлар иштирокида муҳокама этилиб, уларни бартараф этиш бўйича тавсиялар берилди. Ўрганиш натижалари таҳлилидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзолари томонидан Бандлик дастури доирасида касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш амалиётини янада такомиллаштириш бўйича аниқ таклифлар билдирилди. Бу эса бизнинг қонун ижодкорлиги фаолиятимизни янада такомиллаштиришга ҳам ўз ҳиссасини қўшаяпти. Жумладан, «Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни электоратимиз манфаатларини ифодалайди. Кодекснинг 84-моддасида таълим муассасалари битирувчиларини ишга қабул қилишда дастлабки синов муддатини белгилашга йўл қўйилмаслиги мустаҳкамлаб қўйилди.

Шунингдек, фракция аъзолари томонидан касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини эгаллаган мутахассисликларига мувофиқ иш билан таъминлаш билан боғлиқ чора-тадбирлар бажарилишининг самарадорлигини ошириш, кейинги йиллар учун бундай дастурларни ишлаб чиқиш механизми ва услубларини янада такомиллаштириш мақсадида 2014 йилда парламент эшитувини ўтказиш таклифи билдирилди. Депутатлар томонидан қонунлар ижросини таъминлашда вазирлик ва мутасадди ташкилотлар ҳамда маҳаллий ҳокимликларнинг ҳисоботлари назорат-таҳлил тартибида кўрилаяпти ҳамда хато-камчиликлари муҳокама қилинаяпти.

Айни пайтда аҳолининг ижтимоий қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатлами манфаати билан боғлиқ масалалар янгича ёндашувни талаб этмоқда. Қо­нун ижодкорлиги жараёнидан тортиб, қонунлар ижроси устидан парламент назоратини ўрнатишгача қатъият кўрсатишимиз керак. Бугунги кунда маҳаллий ҳокимиятдан тортиб, ҳукумат аъзолари ва раҳбарларининг ахборотларини тинглаш ҳам йўлга қўйилди.

 — Депутатлар фаолиятининг яна бир муҳим йўналиши, бу ўз сайлов округида олиб бораётган ишлари, яъни сайловчилар билан мунтазам учрашувлари ҳисобланади...

 — Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Регламентининг 62-моддасига мувофиқ, сайловчиларимиз билан мунтазам равишда учрашиб турамиз. Юзма-юз мулоқотлар ҳар томонлама фойдали. Ушбу учрашувларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг бориши, парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолияти юзасидан ахборот бериш билан бирга, қабул қилинган қонунларнинг жойлардаги ижроси, хўжалик юритиш амалиётининг янги қонунлар ёки амалдаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга эҳтиёжи, сайловчилар манфаатларига дахлдор муаммолар ва уларни ҳал қилишга доир вазифалар ҳам аниқлаб олинади.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, сайлов округидаги фаолиятимиз аниқ мақсадларга йўналтирилган. Масалан, учрашувларда мустақиллик йилларида мамлакатимиз сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий ҳаётида, суд-ҳуқуқ соҳаларида рўй бераётган ўзгаришлар, таш­қи сиёсат ва хавфсизликни таъминлаш, мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги ўрнини мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида фикр алмашамиз. Аввалги учрашувларда билдирилган таклифлар юзасидан қилинган ишларимиз бўйича ахборот берамиз. Мамлакатимизда юз бераётган ўзгариш ва янгиликларга фуқароларнинг бефарқ эмаслиги аҳолининг сиёсий фаоллиги ошиб бораётганидан далолат беради.

 — Сиз депутат аёлсиз. Аёлнинг оила ва фарзанд тарбия­сидаги ўрни ҳақида фикрингиз қандай?

— Оилада соғлом маънавий муҳитнинг барқарорлиги ва мус­таҳкамлиги, асосан, аёлларнинг зиммасига тушиши ҳеч кимга сир эмас. Зеро, аёлнинг ақл-заковати дунё тинчлиги ва фаровонлигига хизмат қилади, эзгу ишларга тамал тоши қўяди. Чунки, аёл қўллари келажакни йўр­гаклайди. Ақлли, зукко, доно оналарнинг фарзандлари шуб­ҳасиз юрт корига ярайдиган, хайр­ли ва эзгу ишлар билан ­Ватан шаъни ҳамда номини улуғлайдиган инсонлар бўлиб етишади. Аёл қанчалик маърифатли ва зиёли, ижтимоий-сиёсий фаол бўлса, бу фарзанд тарбиясида муваффақиятга элтувчи омил ҳисобланади. Муҳтарам Юртбошимиз биз аёлларга жуда катта ишонч билдириб, менинг энг яқин маслаҳатчиларим, суянчларим, деб эъзозлайди. Ҳақиқатан ҳам жамиятнинг, оиланинг, фар­занд­ларнинг тақдири биз аёллар — тарбиячиларга боғлиқ. Шунинг учун ҳам инсон тақдири ўзига боғлиқ, лекин инсоният тақдири онага боғлиқ деб айтишади. Зеро, ота-онанинг асосий вазифаси яхши фарзанд тарбиялаш. Бундан-да юксак вазифанинг бўлиши мумкин эмас, назаримда.

 — Соғлом бола йилида депутатлар олдида қандай вазифалар турибди, деб ўй­лайсиз?

Яқинда фракциямизда «Соғ­лом бола йили» Давлат дастуридан келиб чиқадиган долзарб вазифаларни белгилаб олдик.

Жорий йилни Президентимиз «Соғлом бола йили» деб эълон қилар экан, бундан кўзланаётган мақсад оилаларда соғ­лом муҳит шаклланиши, оналар ва болалар саломатлигини асраш масалаларига эътибор қаратди. Аввало, бизнинг вазифамиз шу мақсадда қабул қилинган қарорлар, амалга оширилаётган дастурлар ижроси устидан парламент назоратини кучайтириш, деб ўйлайман.

Шунингдек, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, оилаларда соғлом турмуш тарзини кучайтириш, уларнинг иқтисодий ва ижтимоий асосларини мустаҳкамлаш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратишимиз талаб этилади.

Басандабону ЖАЛИЛОВА

 суҳбатлашди.


DB query error.
Please try later.