04.03.2014

ЎЗХДП МАНЗИЛЛИ ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯГА ЙЎНАЛТИРИЛГАН

сиёсатни қўллаб-қувватлайди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Қарори билан тасдиқланган «Соғлом бола йили» Давлат дастури соғлом ва баркамол авлодни вояга етказишга, айниқса, ижтимоий соҳада кенг қамровли чора-тадбирларни амалга оширишга қаратилганини партиямиз алоҳида эътироф этади ҳамда қўллаб-қувватлайди.

Кучли ва манзилли ижтимоий сиёсат тарафдори бўлиб келаётган ЎзХДП соғ­лом бола туғилиши, ривожланиши билан боғлиқ тегишли қонунчиликни янада ривожлантириш, оилалар мустаҳкамлигига хизмат қиладиган қадриятларни улуғлаш, ёш оилаларни моддий, маънавий қўллаб-қувватлаш, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, аёлларнинг кундалик юмушларини енгиллаштириш каби мақсадлар белгиланган Давлат дастури юртимизни янада обод қилади, халқимиз турмушини фаравонлаштиради, деб ҳисоблайди.

Унда назарда тутилган масалалар ЎзХДП Дастури ҳамда Сайловолди дастуридаги бир қатор муҳим вазифалар, хусусан, кам таъминланган оилалардаги хотин-қизлар манфаатини ҳимоя қилиш, уларнинг рўзғор меҳнатини енгиллатиш, қишлоқларда замонавий ижтимоий инфратузилма, тиббиёт ва савдо тармоқларини ривожлантириш, қишлоқ аҳолисига коммунал хизматлар кўрсатиш сифатини яхшилаш, тиббиёт ва таълим тизимидаги ислоҳотларни тобора чуқурлаштириш билан узвий боғлиқдир.

Шунинг учун партиямиз мазкур Давлат дастурининг тўлиқ ва самарали ижро этилишига жиддий эътибор қаратади. Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партиямиз фракция­сининг кенгайтирилган йиғилишида бу масала чуқур муҳокама этилди.

Фракциямиз аъзолари партиямиз электорати манфаатларини таъминлашда дастурнинг муҳим ўрин тутишини, унинг ижроси устидан жамоатчилик ва депутатлик назоратини изчил олиб бориш долзарб вазифа ҳисобланишини алоҳида таъкидлашди.

Айтиш керакки, Давлат дас­турини тайёрлашда вазирликлар, мутасадди идора-ташкилотлар билан бирга, жамоат бирлашмалари, фуқаролик жамияти институтларининг таклифлари, умуман, кенг жамоатчилик фикри инобатга олинган.

Ушбу дастур жамиятда соғ­лом бола туғилиши ва ривожланишига янада қулай муҳит яратилишига хизмат қилувчи 120 дан ортиқ тизимли тадбирларни қамраб олган. Партиямиз мазкур тадбирлар амалга оширилиши мустақиллик йилларида Президентимиз раҳбарлигида юритилаётган кучли ижтимоий сиёсатнинг мантиқий давоми бўлади, деб ҳисоблайди.

Дастурда партиямиз электорати вакиллари бўлган соғ­лиқни сақлаш тизими ходимларининг соғлом болани шакллантиришдаги роли ва масъулиятини оширишга катта эътибор қаратилган. Жумладан, унда тиб­биёт соҳаси моддий-техника базаси, кадрлар салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, аҳоли тиббий маданиятини ошириш масалалари акс этган.

Жорий йил давомида мактабгача таълим ва умумтаълим мактабларидаги 6,6 миллион нафар болани чуқурлаштирилган тиббий профилактика кўригидан ўтказиш, барча даражадаги таълим муассасаларида тиббий-санитария хизмати кўрсатиш тартибини такомиллаштириш, жисмоний, руҳий ривожланишида нуқсони бор болаларга ком­плекс ёр­дам кўрсатиш бўйича илғор технологияларни жорий этиш, имконияти чекланган болаларни манзилли ижтимоий ҳимоялаш кўзда тутилган.

Соғлом бола туғилиб, ўсиб-улғаяётган оиланинг қувончини ўзимизга тасаввур қилиб кўрайлик. Фарзанди ҳеч кимдан кам бўлмай, ҳар томонлама баркамол бўлиб вояга етаётганини кўриб, ҳис этиб яшайдиган ота-онанинг кайфияти, ишга, ҳаётга муносабати, эртанги кунга ишончи ҳам ўзгача бўлади. Бундай оилада соғ­лом муҳит, соғлом дунёқараш қарор топади.

Ўз-ўзидан аёнки, «Соғлом бола йили» Давлат дастури, унда белгиланган вазифалар, эзгу мақсадлар ҳаммамизнинг оиламиз, фарзандларимиз тақдири билан узвий боғлиқ. Шундай экан, унинг ижросида ҳар биримизнинг ўз ўрнимиз, муносиб ҳиссамиз бўлиши лозим.

Фахриддин РАЖАБОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси.



DB query error.
Please try later.