04.03.2014

ОСОЙИШТАЛИГИМИЗНИНГ ИШОНЧЛИ ПОСБОНЛАРИ

Мамлакатимиздаги тинчлик ва осойишталик, меҳр-оқибат, миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатлик энг катта бойлигимиз. У барча соҳаларда эришаётган муваффақиятларимиз, мамлакатимизнинг халқаро майдонда обрў-эътибори юксалиб бораётганининг муҳим омилларидандир.

Бундай эзгу ва хайрли ишга муносиб ҳисса қўшиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир. Бу борада халқ билан якдил, ҳамнафас иш юритаётган маҳалла фаоллари, профилактика инс­пекторлари фаолиятини замон талабларидан келиб чиқиб янада ривожлантириш давлатимизнинг алоҳида эътиборида. Анъанавий равишда ўтказиб келинаётган «Намунали милиция таянч пункти» кўрик-танлови бунинг амалий ифодаси бўлиб, мазкур тадбир орқали энг илғор тажриба ва ютуқлар оммалаштирилаётир.

«Туркистон» саройида мазкур танловнинг 2013 йил натижалари бўйича якуний босқичи бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири, генерал-майор А.Аҳмадбоев ва бошқалар Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида халқимизнинг тинч ва фаровон ҳаёт кечириши учун барча шарт-шароит яратилганини таъкидлади. Айниқса, осойиш­таликни таъминлаш борасида амалга оширилган ислоҳотлар натижасида жамиятнинг энг муҳим бўғини бўлган маҳаллаларда ўзаро меҳр-оқибат муҳити қарор топиб, аҳоли тадбиркорлик, бунёдкорлик ишларига бел боғлаган бўлса, ёшлар ҳунар эгаллаш, спорт билан шуғулланиш, илм ўрганишда юксак чўқ­қиларни забт этмоқда.

Буларнинг бари жамиятда маҳалла институтининг роли ва мав­қеи юксалаётгани, ички ишлар идоралари ходимларининг мазкур тузилма билан ўзаро ҳамкорлиги мустаҳкамлангани натижасидир. Профилактика инспектори, маҳалла оқсоқоли, диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар, хотин-қизлар кенгаши, яраштириш комиссияси ва пос­бонларнинг бир жойда, замо­навий жиҳозлар ва зарур алоқа воситалари билан таъминланган биноларда фаолият юритаётгани боис, учраётган муаммолар жо­йида, тезкорлик билан ҳал этилмоқда. Натижада 2013 йилда 2 минг 230 маҳаллада бирорта ҳам жиноят содир этилмади.

Мамлакатимиздаги мавжуд 3 минг 712 милиция таянч пунктларининг аксарияти ҳузурида факультатив тўгараклар, кичик бизнес шохобчалари, вояга етмаганларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш учун жиҳозланган спорт майдончалари фаолият юритаётгани бу борада алоҳида аҳамият касб этмоқда.

Мазкур кўрик-танловнинг мамлакат босқичида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоят босқичларида ғо­либ бўлган 14 милиция таянч пункти иштирок этди.

Танлов якунига кўра, Тошкент вилояти Зангиота туманидаги Обод турмуш маҳалласида жойлашган 147-милиция таянч пунк­ти, Андижон вилояти Шаҳрихон туманидаги Бувайдо маҳалла­сида жойлашган 258-милиция таянч пункти, Қашқадарё вилояти Қарши туманидаги Мирмирон маҳалласида жойлашган 44-милиция таянч пункти, Жиззах вилояти Жиззах туманидаги Учтепа маҳалласида жойлашган 133-милиция таянч пункти биринчи ўринга лойиқ топилди. Ғолиблар­га «Мatiz» автомобиллари топширилди.

— Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан профилактика хизматининг ташкил этилгани ва тобора такомиллаштирилаётгани аҳоли тинчлиги ва фаровонли­ги­га хизмат қилмоқда, — дейди Тошкент вилояти Зангиота туманидаги Обод турмуш маҳалласи­да жойлашган 147-милиция таянч пункти профилактика инспек­тори, майор Қобил Нуриддинов. — Соҳа инфратузилмаси замон талаблари даражасида ривожлантирилмоқда. Милиция таянч пункти ҳузурида турли тадбирлардан ташқари кичик бизнес шохобчалари, маиший хизмат кўр­сатиш тизими ва спорт секциялари фао­лияти йўлга қўйилгани муваффақиятлар омили бўл­моқда. Шундай ша­роитда ҳамжиҳатликда фаолият юритаётганимиз туфайли маҳалламизда жи­ноятчилик барҳам топиб, оила­лар осудалиги таъминланмоқда. Аҳоли, айниқса, ёшларнинг маънавий-ахлоқий тарбияси билан боғлиқ масалаларни ечиш, ижтимоий соҳанинг самарали фао­лият юритишини таъминлаш, жойларда жамоат тартиби ва хавфсизлигини сақлаш билан боғлиқ масалаларда ҳам ўзаро ҳамкорлик ўзининг самараларини бераётир.

Танловда иккинчи ва учинчи ўринлардан ташқари бир қатор номинациялар бўйича ҳам ғолиблар аниқланиб, улар муносиб тақдирланди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Икромов сўзга чиқди.

Норгул АБДУРАИМОВА,

ЎзА мухбири.


DB query error.
Please try later.