01.03.2014

ПАРТИЯ ФАОЛИЯТИНИ КУЧАЙТИРИШ

бўйича янги тажрибаларни оммалаштириш лозим

Бугун ижро ҳокимияти устидан ­вакиллик ҳокимиятининг назоратини кучайтириш, мамлакат ички ва ташқи сиёсати билан боғлиқ стратегик ­масалалар бўйича қарорлар қабул қилишда сиёсий партиялар ролини ошириш масаласи кун тартибига ­қатъий қилиб қўйилмоқда.

Демократик ислоҳотларнинг ҳозирги босқичида пар­тия ташкилотлари етакчилари ва депутатлар ўз фаолиятига холис баҳо бериб, зиммасидаги масъулиятни чуқур англаши ўта муҳим аҳамиятга эга.

ЎзХДП Марказий Кенгаши ҳамда Самарқанд вилоят кенгаши ҳамкорликда ўтказган семинар ҳам танқидий-таҳлилий фикрлар асосида ўтди. Унда вилоят партия ташкилотининг навбатдаги устувор ва­зифалари муҳокама этилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзолари, партия маҳаллий кенгашлари етакчилари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги депутатлар ва партия фаоллари партия ташкилотлари ва гуруҳлари олдида турган вазифалар, Сайлов­олди дастурини амалга ошириш механизмлари ҳамда улардан самарали фойдаланиш учун иш­га солиниши лозим бўлган имко­ниятларни муҳокама этди. Унда асосий эътибор Президентимиз Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил якунлари ва 2014 йилдаги устувор вазифаларга бағишланган мажлисида билдирган фикр­ларидан келиб чиқиб, партия ташкилотлари ҳамда маҳаллий Кенгашлардаги гуруҳларининг устувор вазифаларига қаратилди.

— Аҳоли турмуш даражасини юксалтириш кўп жиҳатдан жамиятдаги ижтимоий бар­қарорликка боғлиқ, — деди Олий Мажлис Қо­нунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фрак­­ция­си аъзоси Искандар Азизов. — Бу борада олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар давлат қурилиши, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маънавий соҳаларда эришилаётган ютуқларда ўз аксини топмоқда. Бир мисол, 2013 йилда аҳолининг реал даромадлари 16 фоизга ўсиб, 970 минг иш ўрни яратилган. Уларнинг 60,3 фоизи қишлоқ ҳу­дудларида ташкил этилгани мазкур ислоҳотларнинг юксак самараларидан бири десак, хато бўлмайди.

Жорий йилда мамлакатимизда давлат бюджети харажатла­рининг қарийб 60 фоизи ижтимоий соҳани ривожлантиришга йўналтирилиши, парламент томонидан тасдиқланган бандлик дастурига мувофиқ, 2014 йилда салкам 1 миллион ян­ги иш ўр­ни ташкил этиш кўзда ту­тилаётгани аҳо­лини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, эҳтиёжманд қатлам манфаатларини ҳимоя қилишни устувор вазифаси, деб ҳисоблаган ЎзХДП дастурий ғояларига тўла мос келади. Шундан келиб чиқиб фикрлайдиган бўлсак, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, электоратимиз манфаатларини ҳимоя қилишда олдимизда улкан вазифалар турибди. Бизда куч, салоҳият ва тажриба етарли. Фақат ҳам­жиҳатликда амалий ҳаракат қилиб, янги тажрибаларни мустаҳкамлаб, оммалаштириш керак.

— «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши сиё­сий партиялар ҳуқуқларини янада кенгайтирди, — дейди ЎзХДП Самарқанд вилоят кенгаши раиси Камолбой Исобеков. — Бу ваколатлардан унумли фойдаланишда депутатлар билан партиянинг мустаҳкам ҳамкорлигини таъминлаш ўзининг ижобий натижасини беради, деб ўйлайман.

Ҳозирги вақтда халқ депутатлари вилоят Кенгашида 10 нафар, туман ва шаҳар Кенгашларида 184 нафар депутатимиз фаолият кўрсатмоқда. Ўтган йили партия Ҳаракат дастурига 16 та ма­сала киритилган эди. Унинг 9 таси доимий ко­миссия, 7 таси эса сессияларда муҳокама этил­ди. Жорий йилда 20 дан зиёд масалани кўриб чиқишни режалаштирганмиз. Уларда аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш, кам таъминланган, ёрдамга муҳтож қатлам манфаатларини ҳимоя қилишда партия фаоллари, депутатларимиз ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш масалалари ўрин эгаллаган.

Умуман олганда, жойларда ечимини кутаётган масалалар талайгина. Бандлик дастури ижроси, ёшларни иш билан таъминлаш, қишлоқларда ижтимоий-иқтисодий инфратузилмани ривожлантириш билан боғлиқ масалаларни маҳаллий Кенгашлар сессияларига киритиб, уларнинг ижроси устидан жамоатчилик назорати ўрнатишни янада кучайтиришимиз керак.

— 2013 йилда халқ депутатлари Булунғур туман Кенгаши сессиясига 1 та масала киритдик, 6 та масалани доимий комиссияда муҳокама этишга эришдик, — дейди ЎзХДП Булунғур туман кенгаши раиси Бахтиёр Ражабов. — Бугунги кунда уларнинг ижроси устидан жамоатчилик назорати ўрнатилган. Туманда партиямизнинг 1604 нафар аъзоси бўлиб, улар 46 та бошланғич партия ташкилотига бирлашган. Ўтган йили бизнинг ташаббуси­миз билан туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури ижроси масаласи бўйича туман ҳокими ўринбосарининг ҳисоботи доимий комиссияда эшитилди. Жорий йилнинг биринчи чорагида туман ҳокимининг ҳисоботини эшитиш масаласини доимий комиссия иш режасига киритганмиз.

Шунингдек, семинарда ЎзХДПнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фрак­цияси аъзоси Мажидхон Усмонов бугунги кунда партия ташкилотлари ҳамда депутатлар олдида турган долзарб ижтимоий-сиё­сий вазифалар хусусида сўз юритди.

— Бугунги кунга келиб, пар­ламентда қонунлар ва меъёрий ҳужжатларни кўриб чиқишнинг барча босқичларида сиёсий пар­тиялар фракцияларининг роли тубдан кучайди, — деди у. — Энг муҳими, қонун ижодкорлигига ёндашув ўзгарди. Парламентда кўриб чиқилаётган қонунлар ло­йиҳалари жойларда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партиямиз гуруҳлари, фаоллар ва электорат вакиллари, тегишли соҳа мутахассислари иштирокида кенг муҳокамалардан ўтказилмоқда. Шу тариқа таклифлар олиш тизими самарадорлиги янада ошди. Мисол учун «Аҳо­лини иш билан таъ­минлаш тўғрисида»ги қо­нун ва Меҳнат ко­дексига ўзгартиш ҳам­да қўшимчалар киритиш юзасидан фракциямиз позициясини шакллантиришда бу ама­лиёт ўз натижасини кўрсатганини айтиб ўтиш ўринлидир. Аммо бу йўналишдаги фаолиятимизни янада кучайтиришимиз керак. Семинардан олдин туман кенгашларининг фаолияти билан яқиндан танишдик. Маълум бўл­дики, ҳали-ҳамон бугунги давр талаби асосида фао­лият олиб бормаётган қуйи ташкилотларимиз бор.

Эътибор беринг, бугун ижро ҳокимияти устидан вакиллик ҳокимиятининг назоратини кучайтириш, ички ва ташқи сиёсатни амал­га оширишда, энг муҳим стратегик масалалар бўйича қарорлар қабул қилишда сиё­сий партиялар ролини ошириш масаласи кун тартибига қатъий қилиб қўйилмоқда. Шундай бир вазиятда эса ҳали маҳаллий Кенгаш сессиялари, дои­мий комиссиялар мажлислари муҳокамасига турли ижтимоий масалаларни олиб чиқиб, электоратимиз манфаатини таъминлаш ме­ханизмидан етарли даражада фойдаланмаётган партия гуруҳларимиз борлиги кишини ташвишга солади. Айрим ҳудудларда эса партия ташкилоти билан депутатлар ўртасида мустаҳкам алоқа шаклланмаганига бефарқ қараб бўлмайди.

2014 йилда янги иш ўринлари ташкил этиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, таълим-тарбия соҳасидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш каби қатор ижтимоий масалалар устувор вазифа сифатида белгилаб олиниши ЎзХДП­нинг барча даражадаги ташкилотлари ва депутатлари зиммасига катта масъулият юклайди. Шу боис ҳар бир партия ташкилоти фаолиятини танқидий ўрганиб, мав­жуд камчиликларни бартараф этиш, депутатлик сўрови, депутатлик назорати механизмларидан самарали фойдаланиш зарур.

Семинарда, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Меҳ­нат ва ижтимоий масалалар қўмитаси раиси, ЎзХДП фракцияси аъзоси Фахриддин Ражабов, ЎзХДП Каттақўрғон туман кенгаши раи­си Ахтам Худойбердиев ва бошқаларнинг фикр-мулоҳазалари ҳам тингланди.

Кун тартибидаги масала чуқур муҳокама этилиб, ЎзХДП Самарқанд вилоят кенгашининг 2014 йилги Ҳаракат дастури юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Абдували ХУДОЁРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.