01.03.2014

ТИНЧЛИК ВА БАРҚАРОРЛИК ЙЎЛИДАГИ САМАРАЛИ ҲАМКОРЛИК

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти турли қитъада жойлашган давлатлар ўртасидаги ўзаро узвий ҳамкорликни йўлга қўйиб, жаҳонда тинчлик ва барқарорликни қарор топтириш ҳамда мустаҳкамлашга интилаётган энг нуфузли халқаро ташкилот ҳисобланади.

Ўзбекистоннинг унга аъзо бўлиш истаги мустақилликдан олдин ушалмай келинаётган орзу эди. Муҳтарам Президентимиз Ислом Каримовнинг 1991 йил июнда айтган қуйидаги сўзлари буни яққол тасдиқлайди: «Ўзбекистон келажакда тенг ҳуқуқли ва суверен давлат сифатида БМТ­га аъзо бўладиган кун келишига аминман. Бу бизнинг қонуний ҳуқуқимиздир, бу — халқаро қонунларга асосланган давр талабидир, жафокаш ўзбек халқининг, республикамизда яшовчи барча эрксевар фуқароларнинг истагидир».

Орадан кўп ўтмай, халқимизнинг бу тарихий орзуси амалга ошди. 1992 йилнинг 2 мартидан БМТнинг Нью-Йорк­даги бош қароргоҳида мустақил Ўзбе­кистон миллий байроғи ҳилпирай бошлади. Ушбу кундан эътиборан мамлакатимиз глобал ва минтақавий муаммолар муҳокамасида ҳамда муҳим хал­қаро қарорлар қабул қилиш жараёнларида бевосита қатнашиш ҳуқуқига эга бўлди.

Ўзбекистон БМТ билан ҳамкорлик қилишнинг устувор йўналишларини белгилаб олди. Булар хавф­сизликни таъминлаш ва барқарорликка бўладиган таҳдидларга қарши курашиш, Афғонистонни қайта тиклаш, оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик, экологик муаммоларни ҳал этиш, Орол денгизи фожиасининг оғир оқи­батларини юмшатиш, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, инсон ҳу­қуқларини ҳимоя қилиш каби масалалардир.

Президентимиз БМТ Бош ­Ассамблеясининг 48-сессиясида сўзлаган нутқида мустақил Ўзбекистоннинг тинчлик сиёсати ва унинг имкониятларини илк бор халқ­аро ҳамжамиятга эълон қилди.

Шундан бери минтақада тинчлик ва барқарорликни мус­таҳкамлаш борасида Ўзбе­кис­тон БМТ билан фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда. Масалан, Президентимиз Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудудни ташкил этиш ташаббусини илгари сурди. Бу ҳақдаги шартнома 2006 йилнинг сентябрь ойида Семипалатинск шаҳрида имзоланди. БМТ Бош Ассамблеясининг 61 ва 63-сессияларида Ташкилотга аъзо давлатларнинг кўпчилик овози билан «Марказий Осиё ядро қуролидан холи ҳудуд» Резолюцияси қабул қилинди ҳамда ушбу Шартнома 2009 йилнинг март ойидан кучга кирди.

Шунингдек, БМТ ва Ўзбе­кис­тоннинг экология соҳасидаги ҳамкорлиги дои­расида Оролбўйидаги вазият деградациясининг олдини олиш ва Орол фожиаси оқибатларини енгиллаштириш бўйича тезкор чоралар қабул қилинди.

2010 йил апрель ойида БМТ Бош котиби Пан Ги Мун шахсан Оролбўйи минтақасига ташриф буюрди. Унинг сўзларига кўра, кўрган манзаралари унда ўчмас таассурот қолдирган. Пан Ги Мун Орол муаммосини ҳал этишга кўмаклашишга, ушбу экологик фожиа оқибатларини бартараф қилиш учун БМТнинг эксперт салоҳияти, молиявий ва бош­қа ресурсларини жалб этиш борасидаги барча саъй-ҳаракатларни сафарбар қилишга тайёр эканини билдирди.

Орол денгизи муаммоларини ҳал этиш сув-энергетика ресурсларидан рационал ва оқилона фойдаланиш масалалари билан бевосита боғлиқ. Трансчегаравий дарёларни ҳимоя қилиш ва улардан фойдаланишни тартибга солувчи халқаро ҳуқуқ меъёрларига қатъий риоя этиш алоҳида аҳамиятга эга. Бу масала бўйича БМТнинг 1991 йил
25 февраль, 1992 йил 17 март ва 1997 йил 21 майдаги Конвенциялари давлатларнинг трансчегаравий таъсирга эга бўлган фаолиятни амалга оширишда трансчегаравий дарёларнинг хусусиятини инобатга олган ҳолда, улардан оқилона ва адолатли тарзда фойдаланишга мажбур эканини уқтиради.

Ўзбекистон Республикасининг БМТнинг қатор ихтисослашган ташкилотлари билан ҳам ҳамкорлиги тобора мустаҳкамланиб бормоқда. Хусусан, Жаҳон банки, Халқаро валюта фонди (ХВФ), Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ), ­Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ), Болалар жам­ғармаси (ЮНИСЕФ), Фан, таълим ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО), Европа бўйича иқтисодий комиссияси (ЕИК), Савдо ва ривожланиш бўйича конференцияси гуруҳи каби ихтисослаштирилган муассасалари билан ҳамкорлик йилдан-йилга ривожланиб боряпти.

Айниқса, Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасидаги ҳамкорлик алоҳида аҳамият касб этяпти. «Уруш ғоялари инсон онгида пайдо бўлади, шу боис инсон онгида тинчлик ғояларини шакллантирмоқ лозим», — дейилади ЮНЕСКОнинг таъсис Низомида. Ушбу олий мақсаддан келиб чиқиб, мазкур ташкилот дунё мамлакатларида фан, таълим, маданиятни ҳар томонлама ривожлантириш орқали инсоният тараққиётига муҳим ҳисса қўшиб келмоқда.

Бухоро, Самарқанд, Хива ва Шаҳрисабз каби кўҳна шаҳарлар ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон ёдгорликлар рўйхатига киритилган. Ҳамкорликда бир қатор лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. ЮНЕСКО мамлакатимиз маданий ҳаётида фаол иштирок этяпти. «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали, буюк ўтмишимиз билан боғлиқ тарихий саналарнинг ЮНЕСКО иштирокида кенг нишонланиб келинаётгани ўзаро ҳамкорликнинг аҳамияти ва нуфузини янада оширмоқда.

Ўзбекистон БМТ ташкилотлари билан инсон ҳуқуқларини муҳофаза қилиш соҳасида ҳам яқиндан ҳамкорлик қилади. Ушбу йўналишда давлатимиз 70 дан ортиқ халқаро ҳужжат билан бирга, олтита асосий битимга қўшилди. Мамлакатимизда ушбу ҳужжатлар доирасида ўзининг халқ­аро мажбуриятларини изчил равишда бажариб келмоқда ва мазкур соҳада мустақил сиёсатини ишлаб чиқди.

БМТнинг 2000 йилда 189 давлат раҳбарлари иштирокида ўтган олий даражадаги Саммитида Мингйиллик тараққиёт мақсадлари эълон қилинди. Ушбу мақсадларга эришиш аъзо давлатларнинг барчаси учун муҳим стратегик аҳамиятга эга.

Таъкидлаш жоизки, Минг­йиллик тараққиёт мақсадлари мамлакатимизда изчиллик ва муваффақият билан амалга оширилмоқда.

Хусусан, таълим сифатини, хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ва фаоллигини ошириш, болалар ўлимини камайтириш, оналар соғлиғини яхшилаш, турли юқумли ва хавф­ли касалликларнинг олдини олиш, экологик бар­қа­рор­ликни таъминлаш борасида юқори натижаларга эри­шил­япти. Кейинги ўн йил давомида Ўзбе­кис­тон йиллик давлат бюджети харажатларининг салкам 60 фои­зи ижтимоий соҳа эҳтиёжлари учун сарфланаётгани, айниқса, эътиборга моликдир.

2010 йил 20-21 сентябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом ­Каримов БМТ Бош Ассамблея­сининг Мингйиллик тараққиёт мақсадлари бўйича олий даражадаги ялпи мажлисида сўзлаган нут­қи дунёнинг кўзга кўринган сиё­сатчилари, экспертлари ва қатор нуфузли ташкилотлар вакиллари томонидан юксак баҳоланди. Чунки ундаги фикрлар ҳамда илгари сурилган ғоялар глобал ва минтақавий миқёсдаги ўткир муаммоларнинг самарали ечимлари билан боғлиқ бўлди.

Давлатимиз раҳбари мазкур чиқишида Афғонистон масаласига яна бир бор алоҳида тўхталиб ўтди. Сабаби, Афғонистон дунё­нинг энг ташвишли, чигал ва қарама-қаршиликка тўла муаммоси бўлиб, 30 йилдан буён ушбу заминда давом этаётган ҳарбий ҳаракатлар кутилган натижани бергани йўқ. Бу эса афғон муаммосини ҳарбий йўл билан ҳал этиб бўлмаслигини янада яқ­қолроқ кўрсатмоқда.

Бир сўз билан айтганда, ўтган давр мобайнида Ўзбе­кис­тон Республикаси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг фаол аъзоларидан бирига айланди. Мана, йигирма икки йилдирки, мамлакатимиз уш­бу халқ­аро ташкилот билан узвий ҳамкорлик қилиб, дунёда ва минтақада тинч­лик ва барқарорликни таъминлашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Мамлакатимизнинг БМТ доирасида глобал ва минтақавий масалаларни ҳал этиш юзасидан кўтариб чиққан ташаббуслари кўплаб ижобий саъй-ҳаракатларнинг бошланишига асос бўлди. Бу эса Ўзбекистоннинг халқаро майдонда ўз сўзи ва ўрни борлигини яққол кўрсатиб турибди.

Абдуғаффор ҚирҒизбоев,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси.


DB query error.
Please try later.