01.03.2014

ХОТИН-ҚИЗЛАР МАНФААТИ

ҳимояси биз учун устувор вазифа

— Аёл ижтимоий-сиёсий жиҳатдан фаол бўлса, нафақат оилада, балки жамиятда ҳам алоҳида мавқега эга бўлади, — деди ЎзХДП «Фаол аёллар» қаноти Данғара туман бўлими етакчиси Оқибатхон Саидбоева Фарғона вилоят партия кенгаши томонидан «Фаол аёллар» қаноти етакчиларининг сиёсий ва касбий малакасини ошириш масалаларига бағишлаб ўтказилган семинар-тренингда.

— Унинг фикрича аёлнинг ижтимоий фаоллиги асосан оилага наф келтирса, сиёсий фаоллиги билан жа­миятга фойдаси тегади. Шу боис хотин-қизларнинг сиё­сий билимини мустаҳкамлаш, ижтимоий фаоллигини ошириб бориш муҳим вазифалардан ҳисобланади.

— Партиямиз Дастурида хотин-қизларнинг оилада ва жамиятда муносиб ўрин топишига кўмаклашиш борасида қатор вазифалар белгиланган, — деди ЎзХДП «Фаол аёллар» қаноти Риш­тон туман бўлими етакчиси Дилором Назирова. — Уларни амалга ошириш эса кўп жиҳатдан бизга боғлиқ. Хотин-қизлар манфаатларига оид масалаларни изчил ўрганиш, уларни иш билан таъминлаш юзасидан муқобил таклифларни ишлаб чиқиб, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партиямиз гуруҳларига бериб боришимиз лозим. Ана шундай амалий ишлар билан Сайловолди дастурида белгиланган вазифалар ижросига муносиб ҳисса қўшган бўламиз.

— Шу ўринда бир таклиф бермоқчиман, — деди ЎзХДП «Фаол аёллар» қаноти Қўш­тепа туман кенгаши етак­чи­си Патилахон Саидаҳ­медова. — Ҳақиқатан ҳам хотин-қизларни иш билан таъминлаш масаласи бугун долзарб аҳамиятга эга. Бу борадаги фаолиятимизни кўпроқ амалий тусда ташкил этишимиз керак. Масалан, қанот йиғилишларида кун тартибидаги масалага алоқадор бошқа ташкилотлар вакилларининг ҳам иштироки таъминланса, кўплаб масалаларга ўз вақтида ечим топилади, деб ўйлайман.

Биз хотин-қизлар ўртасида яна бир масалани кўп­роқ тарғиб қилишимиз зарур. Ҳозир солиқ имтиёзлари ва преференциялар жорий этилиб, ишлаб чиқаришни ривожлантириш, янги иш ўринлари ташкил этилишига катта имтиёзлар яратилмоқда. Бундан пар­тиямиз электорати, хусусан, уйда ўтирган вақтинча ишсиз хотин-қизлар самарали фойдаланишига ҳаракат қилишимиз керак.

Семинарда билдирилган таклифларни янада такомиллаштириш мақсадида интерфаол машғулотлар, баҳс-мунозаралар ташкил этилди. Барча фикрлар умум­лаштирилиб, қанот етакчиларининг сиёсий ва касбий салоҳиятини ошириш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Ҳабибахон ЮНУСОВА,

ЎзХДП Фарғона вилоят кенгаши бўлим мудири.



DB query error.
Please try later.