01.03.2014

СУД ТИЗИМИДА ЗАМОНАВИЙ АХБОРОТ ТЕХНОЛОГИЯЛАРИ

Ўзбекистон Республикаси Олий судида фуқаролик ишлари бўйича судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишнинг самараси ҳамда бу борадаги ишларни такомиллаштиришга бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьялари, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги, Адвокатлар палатаси ва бошқа манфаатдор идоралар вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон ­Рес­­­публикаси Президенти ­Ислом Каримовнинг 2012 йил 2 август­да қабул қилинган «Суд тизими ходимларини ижтимоий муҳофаза қилишни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 10 декабрдаги «Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технология­ларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори судлар фаолиятини янада такомиллаштиришда муҳим дас­туриламал бўлаётгани алоҳида таъкидланди.

— Судлар фаолиятига за­монавий ахборот-коммуника­ция технологияларини жорий этиш­­­­­дан кўзланган мақсад фуқаролик ишларини судларда кўриб чиқиш муддатларини қисқартириш, суд хабарномаларини ва ҳужжатларини тарафларга етказиш механизмларини такомиллаштиришдир, — дейди Ўзбекистон Республикаси Олий суди Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси Холмўмин Ёдгоров. — Бу, ўз навбатида, суд фаолияти ҳақидаги маълумотларни йиғиш, сақлаш ва қайта ишлаш жараёнларини такомиллаштириб, фуқаролик судловининг сифатини оширади.

Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳамда БМТ Тараққиёт дастури ҳамкорлигида «Фуқаролик судловини такомиллаштириш: самарали суд бошқаруви» лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ҳозир у амалиётга татбиқ этилиб, «E-SUD» электрон судлов миллий ахборот тизими ишлаб чиқилмоқда.

Мазкур ахборот тизими судларда электрон ҳужжат алмашинувини жорий этиш, тарафларга суд хабарномаларини ва ҳужжатларини ахборот-коммуникация технологиялари воситалари орқали жўнатиш, суд ҳужжатларини ишлаб чиқилган шаблонлар асосида тайёрлаш, суд мажлисларининг ягона тақвимини жорий этиш, суд ҳужжатлари сақланадиган ягона маълумотлар базаси ва суд ҳисоботларини тузишни автоматлаштириш каби вазифаларни ўз ичига олади. Келажакда суд жараёнларини аудио ва видео воситалари орқали ёзиб олиш, уларда масофадан иштирок этиш каби қўшимча тизимлар ишлаб чиқиш ҳам режалаштирилган.

2013 йил ноябрь ойидан бошлаб «E-SUD» ахборот тизими фуқаролик ишлари бўйича Зангиота туманлараро судида синовдан ўтказилмоқда. Бугунги кунга келиб тўрт минг­дан ортиқ суд буйруғи бериш ҳақидаги ариза мазкур тизим орқали судга келиб тушди. Улар судья ва суд ходимлари томонидан ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда кўриб чиқилди.

Давра суҳбатида «E-SUD» ахборот тизимини синовдан ўтказиш натижалари, бу борада тўпланган тажриба ва уни кенг кўламда жорий этиш билан боғлиқ масалалар юзасидан мулоҳазалар билдирилди. Мутахассисларнинг фикрича, ахборот тизимини босқичма-бос­қич барча ҳудудларда жорий этиш харажатларнинг кескин камайишига олиб келади. Шу боис тизимни жорий этиш билан боғлиқ масалалар ечими долзарб аҳамиятга молик. Жумладан, судьялар, суд ходимлари ва фуқароларнинг ахборот тизимидан фойдаланишга оид малакасини ошириш, интернет тармоғида шахсни тасдиқлаш механизмларини такомиллаштириш, мобиль алоқа воситалари ҳамда электрон манзилларга суд хабарномаларини жўнатишни тартибга солувчи нормаларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш зарур.

Шунингдек, тадбирда фуқаролик ишлари бўйича судларда кўриладиган даъво талабларини тизимлаштириш кераклиги ҳам муҳокама қилинди. Боиси, даъво талабларини тизимлаштириш даъво аризаларда кўрсатилиши керак бўлган маълумотлар рўйхатини ишлаб чиқиш имкониятини беради. Барча маълумотлар тўлиқ кўрсатилган даъво аризалари эса судда ушбу аризаларни кўриб чиқишни осонлаштиради. Бундан ташқари, суд амалиётини умумлаштиришни такомиллаштириш имконияти ҳам яратилади.

Лойиҳа мутахассислари томонидан тайёрланган «Фуқаролик судлари фаолиятига ­замонавий ахборот-коммуни­кация технологияларини жорий этиш муносабати билан ­Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун ло­йиҳаси йиғилганлар эътиборига ҳавола этилди ва бу борада ўзаро фикр алмашилди.

Тадбирда янги нашрдан чиққан «Оила ва никоҳ муносабатларидан келиб чиқувчи низолар бўйича суд амалиёти», «Фуқаролик ишлари бўйича суд ажрими намуналари» қўл­ланмаларининг тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Н.АБДУРАИМОВА,

ЎзА мухбири.



DB query error.
Please try later.