27.02.2014

ДАСТУРИЙ МАҚСАДЛАР ИЖРОСИ

бизга ишонган ва суянган кишилар манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эга

Сиёсий партиялар ҳаётий ғояларни илгари суриши, мамлакатни ривожлантириш стратегиясига нисбатан аниқ позицияга эга бўлиши демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, ижтимоий-иқтисодий тараққиётни жадаллаштиришда муҳим ўрин тутади.

Конституциямиз қабул қилинганининг 21 йиллиги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил якунлари ва жорий йилдаги устувор вазифаларга бағишланган мажлисида бу борада қатор фикрлар билдирилди.

ЎзХДП Марказий Кенгаши масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларидаги партия гуруҳлари аъзолари, шаҳар, туман кенгашлари раислари иштирокида Термиз шаҳрида ташкил этилган семинарда ушбу фикрлардан келиб чиқадиган вазифалар муҳокама этилди.

Семинарда ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси Ҳотамжон Кетмонов иштирок этиб, мамлакатимизда олиб борилаётган тарихий бунёдкорликлар, юрт равнақи йўлида амалга оширилаётган беқиёс ишлар халқимизнинг кайфиятини кўтариб, турмуш тарзини тубдан ўзгартираётгани ҳақида тўхталди. Ана шу жараёнларда партиямиз фаоллари, депутатлар муносиб иштирок этиши лозимлиги қайд этилди.

Айниқса, янги иш ўринлари яратиш, таълим-тарбия соҳасидаги ислоҳотларни чуқурлаштириш, соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ этиш, коммунал соҳадаги ўзгаришларни такомиллаштириш, уй-жой қуриш ва аҳоли яшаш жойларини ободонлаштириш каби ишлардан, аввало, партиямиз электорати манфаатдор бўлиши, шу боис бу масалада қатъият кўрсатилиши зарурлиги уқтирилди.

Шунингдек, ҳар бир пар­тия ташкилоти ўз фаолиятига тан­қидий баҳо бериб, камчиликларни бартараф этиш ва фаолиятини такомиллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиши лозимлиги таъкидланди.

Бу борада депутатлик сўрови, депутатлик назорати механизмидан кенг фойда­ланиш кераклигига эътибор қаратилди. Жойларда банд­лик дастури ижросини таъминлаш, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ўз мутахассисликлари бўйича ишга жойлашишига кўмаклашиш, мазкур масалалар ижроси устидан депутатлик назоратини ўрнатиш муҳим аҳамиятга эгалиги айтилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси Алишер Содиқов эса ҳар бир соҳада олиб борилаётган изчил ислоҳотлар натижасида халқимизнинг турмуш фаровонлиги йил сайин яхшиланаётганига эътибор қаратди. Буни мамлакатимизда янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича қилинаётган улкан ишлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Ўтган йилда аҳолининг реал даромади 16 фоизга ошган бўлса, ўртача ойлик иш ҳақи, пенсия, ижтимоий нафақа ва стипендиялар 20,8 фоизга кўпайган. Бу эса аҳолининг ижтимоий қўллаб-қувватлашга эҳтиёжманд қатлами манфаатини ҳимоя қилишни ўзининг устувор вази­фаси, деб ҳи­соблаган Ўзбекис­тон ХДП дастурий ғояларига тўла мос келади ва бу ўз навбатида партия ташкилотлари зиммасига улкан масъулият юклайди.

— Фаолиятимизда асосий эътиборни партиянинг 2011-2014 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастурида белгиланган вазифаларни бажаришга қаратаяпмиз, — деди ЎзХДП Сурхондарё вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари ви­лоят кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари Иброҳим Ёқубов. — Бу борада ўтган йили халқ депутатлари барча туман Кенгашлари сессиялари кун тартибига долзарб ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга масалалар киритилди. Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 2013 йил 28 июнда бўлиб ўтган сессиясида партия гуруҳимиз томонидан «Вилоятда умумтаълим мактабларининг 9-синф битирувчиларини ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларига тўлиқ қамраб олиш, ёшларнинг 12 йиллик мажбурий таълим олишини таъминлаш, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлаш ҳамда таълим муассасаларининг янги 2013-2014 ўқув йилига тайёргарлиги бўйича кўрилаётган тадбирлар самарадорлиги тўғрисида»ги масала киритилди. Ушбу масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди. Қарор ижроси бўйича депутатлик назорати ўрнатилган.

Айни кунларда ҳудудда 120 дан ортиқ касб-ҳунар коллежи ва академик лицей фаолият кўрсатмоқда. Бу таълим даргоҳларида 142 минг нафардан ортиқ ўқувчи билим олиб, касб-ҳунар ўрганмоқда. Ворисларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида 2013 йилнинг декабрь ойида ЎзХДП Музработ ту­ман ва Термиз шаҳар кенгашлари ташаббуси билан иқтисодий форумлар ташкил этилиб, бир қатор касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бизнес лойиҳалари истиқболли, деб топилди ва уларга имтиёзли кредитлар ажратилишига кўмаклашилди.

— Ёшларни қўллаб-қувватлаш устувор вазифа, — деди «Ўзсаноатқурилишбанк» Сурхондарё минтақавий филиали Термиз минибанки мудири, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси Ўткир Ҳожимуродов. — Бу борадаги хайрли ишларни жорий йилда ҳам мунтазам давом эттирмоқчимиз. Зеро, кичик бизнес ва оилавий тадбиркорликнинг ривожланиши янги иш ўринлари яратиш, мус­тақил ҳаётга қадам қўяётган ёшларимизнинг ҳунар эгаси бўлишларида асосий кафолатдир.

— Шу юртнинг фарзанди эканлигимдан ғурурланаман, — деди Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори, ЎзХДП аъзоси Вероника ­Володина. — Орамизда иқтидорли, ташаббускор, изланувчан тенгдошларимиз кўп. Улар билан биргаликда Соғлом бола йили муносабати билан «Ёшлар маркази» ташкил қилиш борасида изланишлар олиб бораяпман. Бундан кўзланган асосий мақсад —  ғайратли, янгиликка интилувчан партиядошлар сафини кўпайтиришдир. Келажакда жойларда учрашув, кеча ва давра суҳбатлари ташкил қилинади. Бу эса ёшлар муаммоси, уларни қийнаётган масалаларга ечим топишда муҳим ўрин тутади.

Тадбир якунида 2014 йилги ижтимоий-иқтисодий вазифаларни ҳал этишда партиянинг ҳар бир ташкилоти, гуруҳи фаол иштирок этиши зарурлиги таъкидланиб, электорат манфаатлари йўлида аниқ натижаларга эришиш устувор вазифа этиб белгиланди.

Абдумалик ҲАЙДАРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.


DB query error.
Please try later.