Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
27.02.2014

ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИНИНГ ҲИМОЯСИ ЯНАДА МУСТАҲКАМЛАНДИ

Мамлакатимиз суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида судлар инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишга хизмат қиладиган мустақил давлат институтига айланди.

Одил судловни амалга оширишни таъминловчи замонавий талабларга жавоб берадиган қонунчилик базаси яратилиши билан бирга, умумий юрисдикция судларининг ихтисослаштирилгани уларнинг жиноят ва фуқаролик ишларини малакали асосда кўриб чиқиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини тўла ва ҳар томонлама ҳимоя қилиш бўйича фаолияти самарадорлигини оширди.

Соҳада кадрлар салоҳиятини оширишга бўлган эътибор бу жараёнда муҳим аҳамият касб этмоқда. Президентимизнинг 2012 йил 2 августда қабул қилинган «Суд тизими ходимларини ижтимоий муҳофаза қилишни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига кўра, судьяларнинг иш ҳақи оширилгани бунинг яққол далилидир. Уларнинг хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан оладиган даромадлари жисмоний шахслар даромадларидан олинадиган солиқ тўловларидан озод қилинди. Имтиёзли шарт­лар асосида уй-жой сотиб олиш учун узоқ муддатли ипотека кредитлари бериш, шунингдек, турар-жой ижараси учун ҳар ойда пул компенсацияси тўлаб бориш тартиби жорий этилди.

Давлатимиз раҳбарининг 2012 йил 30 ноябрда қабул қилинган «Судлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони судья кадрларни танлаш, малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштиришга кенг йўл очди.

2014 йил 21 январда «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун матбуотда эълон қилинди. Мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат ва Солиқ ко­декс­ларига, «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида», «Судлар тўғрисида», «Ўзбекис­тон Республикаси Консти­туция­вий суди тўғрисида»ги қонунларга ва бошқа меъёрий ҳужжатларга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

«Судлар тўғрисида»ги қонунга киритилган ўзгартишга кўра, эндиликда судья бўлаётган шахс ўттиз ёшдан кичик бўлмаган, олий юридик маълумотга ва юридик ихтисослиги бўйича, авваламбор, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда камида беш йиллик меҳнат стажига эга бўлиши талаб этилади. Чунки бу тизимда ишлаш давомида ходим ўз билим ва малакасини ҳар жиҳатдан ошириш, суд-ҳуқуқ тизимидаги давлат сиёсатининг моҳиятини чуқур анг­лаш билан бирга, ўзига хос ҳаётий тажрибага ҳам эга бўлади. Судьялик лавозимига биринчи марта тайинланадиган номзодлар захирасида турган шахслар эса белгиланган тартибда ўқиши ва стажировка ўташи шарт.

Бу тартиб-қоидалар соҳага ҳар томонлама етук кадрларни, хусусан, муайян ҳаётий ва иш тажрибасига эга шахсларни жалб этиш орқали суд ишлари самарадорлигини ошириш, энг муҳими, инсон ҳаёти ва тақдири билан боғлиқ масалаларни адолатли ҳал этишни таъминлайди.

Қонун асосида судьяларнинг самарали фаолият юритиши учун зарур шарт-шароит яратиш, уларнинг ижтимоий муҳофазасини кучайтириш билан боғлиқ масалалар янада такомиллаштирилди. Жумладан, судьялик лавозимига сайланганлиги ёки тайинланганлиги туфайли ишдан озод қилинган шахсларга уларнинг ваколатлари тугаганидан кейин аввал эгаллаб турган иши (лавозими) берилиши, бундай иш (лавозим) мавжуд бўлмаганда эса, аввалгисига тенг бошқа иш (лавозим) бериладиган бўлди. Бу уларнинг меҳнат ҳу­қуқлари ҳимоясини таъминлаб, Бош Қомусимизда мустаҳкамланган фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларининг амалий ифодаси ҳамдир.

Судьяларнинг ваколат муддати тугагандан сўнг уларнинг ўртача ойлик иш ҳақи янги ваколат муддатига қайта сайлаш ёки қайта тайинлаш учун ҳужжатлари кўриб чиқиладиган даврда ёхуд янги иш жойига ишга жойлаштирилгунга қадар, кўпи билан уч ойгача сақлаб қолинади.

Мазкур ўзгаришлар ҳокимиятнинг алоҳида тармоғи бўлмиш судларнинг жамиятдаги обрўсини янада кўтаришга, суд ҳокимиятининг мустақиллигини мустаҳкамлашга, судьялар ҳаётининг моддий-маиший шароитларини сезиларли даражада яхшилашга хизмат қилади. Бу каби чора-тадбирларнинг амалда таъминланиши судлар фаолиятини такомиллаштириш, одил судловни сифатли амалга ошириш, фуқароларнинг конституциявий асосда кафолатланган ҳуқуқ ва эркинликларини, қонун устуворлиги, ижтимоий адолат, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини янада кенгроқ ва тўлароқ таъминлашга хизмат қилади.

Миравзал МИРАКУЛОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти бўлим бошлиғи.

(ЎзА)




DB query error.
Please try later.