27.02.2014

ОИЛАВИЙ ХЎЖАЛИК ЮРИТИШ АНЪАНАЛАРИ

ривожланиши аҳоли бандлигини таъминлайди, турмуш фаровонлигини юксалтиради

Азал-азалдан ота-боболаримиз бир ишнинг бошини тутиб, ҳунар эгаси бўлиб яшаган, оила тебратган, эл-юртга хизмат қилган. Биров деҳқончилик, биров чорвадорлик билан шуғулланса, яна кимдир ҳунармандчилик ёки хизмат кўрсатишни йўлга қўйган. Ҳар кимнинг ўз ҳунари, ҳар оиланинг ўз юмуши бўлган. Яъни, юртимизда асрлар давомида оилавий хўжалик юритиш кўникмаси шаклланиб келган. Ота-оналар ва фарзандларнинг ишлаб чиқариш ҳамкорлиги маънавий ва моддий манфаатлар уй­ғунлиги асосида ташкил қилинган.

Оилавий иш юритиш, унга раҳбарлик қилиш низо ва жанжалларсиз, ишлаб чиқариш жараёнига ҳеч қандай салбий таъсир етказилмаган ҳолда авлоддан-авлодга ўтиб келмоқда. Шу йўл орқали яратилган моддий бойликлар тақсимланишидаги мезонлар аъзолар ҳиссадорлиги билан эмас, оиланинг фаровонлигига хизмат қилиши билан ўлчанади.

Уй меҳнатининг аҳамияти, хал­қимизнинг тарихий рўзғор тутиш анъаналарига мослиги ҳақида узоқ гапириш мумкин. Партиямиз дастурида бу меҳнат турининг аҳоли бандлигини таъминлаш, хизмат кўрсатишни яхшилаш, қолаверса, оилаларнинг даромад манбаларини мус­таҳкамлашда муҳим омил эканига алоҳида эътибор қаратилган. Уни ривожлантиришга ҳуқуқий шароит ва имконият яратиш бўйича вазифалар белгиланган.

Таъкидлаш керакки, юртимизда оилавий хўжалик юритишнинг ҳуқуқий асослари йилдан-йилга такомиллашиб боряпти. Хусусан, 2012 йилнинг апрелида кучга кирган «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги қонунда уй меҳнатининг турли шакллари белгилаб берилди ва бу аҳоли бандлигини таъминлашга кенг имконият яратди.

Мазкур Қонунда ўз ишини йўлга қўйишнинг янги шакли — оилавий корхонанинг ҳуқуқий асоси белгиланди. Унга тегишли имтиёзлар, пре­ферен­ция­лар ва кафолатлар белгилаб қўйилди. Жумладан, оилавий корхона ягона солиқ тўловчи ҳисобланади, корхонанинг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўлагандан ке­йин қолган фойдаси унинг иштирокчилари  тасарруфига ўтади ҳамда унга солиқ солинмайди. Шу­нинг­дек, товарлар ишлаб чиқариш, хизматлар кўрсатишда фойдаланилган коммунал хизматлар ҳақи аҳоли учун белгиланган тарифлар бўйича ва шартлар асосида тўланади.

Оилавий корхона бозор шароитига мослашувчан, янги техника ва технологияларни тез ўзлаштира олади. Улар бозор талабларидан келиб чиқиб, янги турдаги товарлар ишлаб чиқариши, бозорда талаб юқори бўлган ишларни бажариши, хизматлар кўрсатиши мумкин.

Агар жаҳон тажрибасига эътибор қаратсак, бугунги кунда айрим мамлакатларда жами кичик корхоналар орасида оилавий корхоналарнинг улуши юқори суръатларда ўсмоқда. Бу кўрсаткич, масалан, Швеция, Швейцарияда 90, Италия, АҚШ ва Канадада 95, Австралияда 75, айрим яқин шарқ давлатларида қарийб 95 фоизни ташкил қилмоқда.

Таҳлилларга кўра, мамлакатимизда оилавий корхонанинг асосан анъанавий кўринишлари ривожланаяпти. Истеъмол товарлари, қурилиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, сут ва гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сотиш, чакана савдо ҳамда умумий овқатланиш, аҳолига хизмат кўрсатиш шулар жумласидандир.

Жорий йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, Республикамиз бўйича 2704 та оилавий корхона рўйхатдан ўтган. Лекин, афсуски, оилавий корхоналар ривожланиши учун тегишли қонун билан катта имкониятлар яратилганига қарамай, шу кунга  қадар айрим туманларда оилавий корхоналар ташкил бўлмаган.

Бунинг асосий сабабларидан бири — қонун билан берилган имтиёзлардан фуқаролар етарли даражада хабардор эмас. Демак, оммавий ахборот воситалари орқали, шунингдек, турли тадбир ва учрашувларда бу масалани кенгроқ тарғиб этишимиз зарур.

Бунда партиямиздан сайланган депутатларнинг ўрни катта бўлиши керак, деб ўйлайман. Қонун ижросидаги муаммо ва камчиликларни аниқлаб, уларнинг натижаларини жамоатчилик, тадбиркорлар иштирокида, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгашларида муҳокама қилиш ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Мониторинг натижаларига кўра, қонун ижроси билан боғлиқ масалаларда айрим ташкилий муаммолар мавжудлиги маълум бўлди. Вазирлар Маҳкамасининг «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги қонун ижросини ташкил этиш билан боғлиқ қарорида ҳар бир мутасадди ташкилот вазифалари белгилаб қўйилган.

Аммо мутасадди ташкилотлар, хусусан, туман, шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш инспекциялари, «Ўзбекэнерго» ДАК, «Ўзтрансгаз» АК, «Давархитектқурилиш» давлат қўмитаси томонидан мазкур қонунни амалда қўл­лаш билан боғлиқ меъё­рий-ҳуқуқий ҳужжатлар қонунга мувофиқ шаклда тўлиқ ишлаб чиқилмаган. Бу ҳолат эса қонун ижросига салбий таъсир этаяпти. Айрим тадбиркорларнинг оилавий корхона сифатида давлат рўйхатидан ўтмасдан, норасмий фаолият билан шуғулланишига олиб келяпти.

Ҳар бир туман ва шаҳарда оилавий корхонанинг афзалликларини ифодаловчи кўргазмали воситаларни жойлаштириш, оилавий корхонанинг муҳандислик коммуникация тармоқларига уланиш шартларини ишлаб чиқиш, коммунал хизматлардан фойдаланганлик учун тўловни амалга оширишга оид меъёрий ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш ҳамда уларни қонунга мувофиқлаштириш долзарб масалалардан бўлиб қолмоқда.

Оилавий корхоналар ривожи аҳоли бандлигини оширишда, даромад манбаларини шакллантиришда, оилаларнинг моддий ва маънавий асосларини мустаҳкамлашда, умуман, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан тараққий эттиришда муҳим ўрин тутади. Шундай экан, оилавий корхоналар кўпайиши ва ривожланишига тўсиқ бўлаётган камчиликларни бартараф этишда ЎзХДПнинг барча ташкилотлари, депутатлари бирдек фаол иштирок этиши талаб этилади. Шунингдек, оилавий хўжалик юритиш анъаналари бозор иқтисодиёти шароитига мос равишда такомиллашиб бориши учун соғ­лом муҳит яратишимиз, қонун ижросига масъулият билан ёндашишимиз зарур бўлади.

Анвар БОЙҚУЛОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:



DB query error.
Please try later.